Аррозий ўрта махсус билим юрти

Имом Мотуридий ҳақида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг башорати

Жонажон юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт бўлиб, қанча – қанча олиму уламоларни, неча – неча жасорат соҳибларини ва буюк подшоҳу султонларни тарбия қилган макондир. Шундай экан халқимиз, миллатимиз ўзининг буюк аждодлари асос солган йўлидан юрса, ҳеч қачон ёвга ем, душманга таслим бўлмайди. Чунки аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросимизни ихлос билан ўрганиш, халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва динга ихлосни ўргатади. Имом Бухорий, имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби зиё соҳибларининг бизга қолдирган маънавий мерослари халқимизнинг саодатли йўлини ёритишга хизмат қилади. Бу парлоқ йўл то қиёматгача мана шунда ёруғ қолажак.

Яратганга беадад шукурлар ва мақтовлар бўлсинки, юртимизда барча соҳада ислоҳатлар жадал сувратда амалга оширилаётган бир пайтда, диний соҳа рахбарлари ва ходимлари ҳам бу жабҳада бошқалардан ортда қолаётгани йўқ. Узоқ ўтмишимизга эмас, яқин тарихимизга қарайдиган бўлсак, ўтган икки йил ичида Динимиз фидоийлари кўпгина савобли ишларни амалга оширдилар. Турли хил диний билим масканларининг очилиши, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг таъсис этилиши, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва тасаввуф мактаби, Самарқандда калом илми мактаби, ҳамда Марғилонда фиқҳ мактабларининг очилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Қолаверса ўтган 2019 йили Самарқандда ҳадис илми олий мактабининг иш бошлаши бунинг ёрқин мисолидир.

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон телеканалида “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” рукни остида янги кўрсатувнинг ташкил этилиши алоҳида таҳсинга сазовар ишлардан бири ҳисобланади. Сабаби шу юртда туғилиб, ўсган буюк алломалар илмнинг барча соҳасида дунёга устоз бўлган десак муболаға бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ҳақида тўхталиб, маълумот бериш бу ўринда иложсиз бўлгани учун, биз фақат дунё мусулмонларининг соф эътиқодини сақлаб қолиш учун бутун умри ва илмини сарф қилган буюк Ватандошимиз Имом Мотуридий ҳазратлари ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз.

Имом Мотуридий ҳазратлари ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам башорат берган десак муболаға бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилади:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال. قال رسول الله صلى عليه و سلم: ” إنَّ الله يَبْعَثُ عَلَى رَأسِ كُلِّ مِائَةِ سَنَةٍ مَنْ يُجَدِّدُ لهذه الأمة دِينَهَا “

Яъни: “Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида сизларнинг динингизни янгилаб берадиган бир мужаддид (динни янгиловчи) юборади” деганлар. Бу ўринда келтирилган “Янгилаш”дан мурод, диннинг аҳкомларини ва асосини ўзгартириш дегани эмас, балки, унга сизиб кирган турли бидъат – хурофотлардан, нотўғри таъвиллардан ва ботил тўқималардан тозалаш назарда тутилган.

Шу ҳадисга мувофиқ тарихчилар “Ўтмишдаги ислом уламоларининг қай бирлари мана шу ҳадисга мувофиқ келади?” деган саволга жавоб излашади. Шунга кўра Уламолар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган биринчи юз йилнинг бошида  Умар ибн Абдулазиз ушбу ҳадисга мувофиқ келади деб ижмо қилганлар.

Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 62 – 101 (мил. 680 – 719) йиллар оралиғида яшаб ўтган. Умар ибн Абдулазиз ўз замонасининг энг илмли кишиларидан бириб бўлиб, ҳижрий 99 ва 101 йиллари оралиғида бутун ислом оламига подшоҳ бўлди. Ана шу қисқа икки йиллик ҳукмронлик даврида, ўзидан олдинги Бани Умайя ҳукмдорлари жорий қилган турли бидъат ва хурофотларни супуриб ташлади.

Кейинги юз йилга эса тўртта мазҳаббошилари тўғри келишини этироф этишади. Айниқса Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад ибн Нун, Ҳасан ибн Ҳаммод Сажжода ва Аҳмад ибн Наср каби забардаст олимлар ҳам шу ҳадиснинг тахтига киради.

Энди кимдир савол бериши мумкин “Бу ҳадисда ҳар юз йилда битта олим келиши ҳақида гапирилган. Сиз эса бир нечта олимларни санаб ўтдингиз?” десалар, уларга жавобимиз шуки, ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “مَنْ يُجَدِّدُ ” калимасида مَنْ  исми мавсуласини ишлатди. Яъни бу калима ҳам бирликка ва кўпликка ишлатиладиган калима ҳисобланади. Шунинг учун бу ҳадисда фақатгина бир киши назарда тутилган дейишимиз нотўғри бўлади. Балки мужаддид олимлар ҳар юз йилда келадиган олимлар битта ёки бир нечта бўлиши ҳам мумкин

Аҳмад ибн Ҳанбал рахматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 – 241 (мил. 780 – 857) йиллар оралиғида яшаб ўтган.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Мўътазила фирқасининг “Қуръон махлуқ” деган ботил эътиқодларига қарши қоядек туриб беришлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Мўътазилийлар бутун ислом умматининг эътиқодини бузиш йўлида ҳаракат қилиб, ҳатто Аббосийлар сулоласининг 7 – 8 – 9 – ҳукмдорларининг ҳам онгига ботил эътиқодларини сингдиришди. Кейин шу ҳукмдорларнинг ёрдамида ўша даврдаги уммат уламоларини бир – бир ғалвирдан ўтказдилар. Уламолар орасида “Қуръон махлуқ эмас” деган соф эътиқодда маҳкам турганларини зиндонга солишди, ҳатто қатл қилишди. Мана шундай турли азоб ва қийноқларга собит турган забардаст олим Аҳмад ибн Ҳанбал Мўътазилия фирқасининг эътиқоди нотўғри эканлигини исботлаб берди. Подшоҳ уни бир неча йил зиндонга солиб қийнаганлиги ва дарралатгани учун узр сўради ва кўп ҳадялар бериб, эҳтиром кўрсатди. Имом Аҳмад  рахматуллоҳи алайҳни ҳам тарихчилар иккинчи юз йилликдаги “Мужаддидул Умма”  ҳисобланади.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хузайма Ал-Искандароний: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этгандан кейин туш кўрдим. У зот менинг олдимга Олтиндан бўлган тож ва оёғига олтин ковуш кийиб келди. Мен у зотга Роббингиз сизга қандай муносабатда бўлди? Дедим. У зот: “Роббим менга мана шу олтин тож ва ковушни кийдириб – бу сенга Қуръонни менинг каломим эканлигини ҳимоя қилганинг учун” деди” деб айтган экан.

Энди учунчи юз йилликка келадиган бўлсак, мана бу даврда  Имом Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ал-Ашъарий ҳамда Имом Абу Жаъфар  Ат-Таҳовий каби зотлар “Навбаттдаги динни янгиловчи” (Мужаддидул умма) кишилар бўлди десак тўғроқ бўлади.

Чунки айнан мана шу даврда аҳли сунна эътиқодини бузишга учта  залолатга кетган фирқа  тиш – тирноғи билан ҳаракат қилаётган эди. Улар Мўътазилийлар, Рофизийлар ва Қарматийлар фирқалари эди. Рофизийлар ҳижрий 250 – 450 (мил.864 – 1058) йиллар оралиғида тез – тез аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги халқ устига ҳужум қилиб, турли қон тўкишларни амалга ошириб келган.

Қарматийлар эса ҳижрий 258 – 345 (мил.872 – 956) йилларда бутун Ҳижозни, яъни Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларини босиб олиб, одамларни қиличдан ўтказди. Ҳатто ҳижрий 317 йили ҳаж мавсумида Маккага ҳужум қилиб, ҳожиларни ўлдириб, Замзам қудиғини, уларнинг жасадлари билан кўмиб ташлади. Каъбани вайрон қилиб, Тиллодан ясалган эшигини ва тановларини қўпориб олишди. Каъбанинг ёпинғичини ечиб,  бўлиб олишди. Бу жиноятчиларнинг бири Хажарул Асвадни ўрнидан суғириб олган эди, бошқаси уни гурзи билан бир уриб, синдириб ташладида: “أين الطيرُ الأبابل و أين الحجارةُ من سجّيل”  (Қани (Абрахага келган) Абобил қушлари ва қани сапол тошлар) дея жар солди.

Мана шу манфур Қарматийлар бу жирканч ишларини бажарар экан, хожиларга қарата: “Эҳ Ахмоқлар! Сизларнинг бу қоратош (Каъба) ни айланиб, тавоф қилишларингиз, жоҳилиятдаги мушрикларнинг бутларни айланиб тавоф қилишидан нима фарқи бор. У ҳам жонсиз тош, сизлар тавоф қилаётган Каъба ҳам жонсиз тошку” деб қичқирар эди. Ҳатто бир неча йил чекка ҳудудлардан одамлар ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага кела олмай қолди. Чунки Қарматийлар кетма – кет бир неча маротаба ҳаж ибодатига келаётган ҳожиларнинг карвонига ҳужум қилиб, уларнинг озиқ – овқатларини ва ичимлик сувларини тортиб олиб, ўзларини бепаён саҳрода ёрдамсиз қолдирар эди. Бу ҳожилар озиқ – овқатсиз, сувсиз, чўлда очлик ва ташналикдан барчалари вафот этиб кетар эди.

Уларнинг мақсади барча соф эътиқоддаги мусулмонларни залолатга бошлаб, ўзларининг жирканч ғояларини амалга оширишдан иборат бўлган. Ўша даврда бизнинг диёрларимизда Исмоил ибн Аҳмад Ас-Сомоний подшоҳ бўлиб, халқ Рофизийлар зулмидан қаттиқ озор чекаётган давр эди. Мана шундай оғир вазиятда Аллоҳ таоло Мовароуннаҳрдан Имом Мотуридийни, Боғдоддан Абул Ҳасан Ал-Ашъарийни ва Мисрдан Абу Жаъфар Ат-Таҳовийларни “Мужаддидул умма” қилиб чиқарди. Бу олимлар бир – бирларини кўрмаган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа”нинг ақида йўлини тузиб берди. Бу йўл то ҳозирга қадар ислом умматини соф эътиқод устида сақлаб қолишга хизмат қилиб келмоқда.

Мана шу Имом Мотуридий ҳаёти ва ижодларига ҳам назар солсак, ҳижрий учунчи асрда ҳам дин душманлари ислом таълимотини бузишга ҳаракат қилган. Бунинг учун Қуръон оятларини, мусулмонларнинг соф этиқодини ўзгартиришга уринишлар бўлган. Лекин уларнинг бу ишлари самара бермаган. Сабаби Аллоҳ таоло ўзининг китобини қиёматга қадар ўзи ҳимоя қилишини Қуръондаги “Хижр” сураси 9 оятида: “Албатта, Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни биз Муҳофаза қилурмиз” дея хабар беради. Бузғунчиларнинг бу ҳаракати фойда бермаганидан сўнг, Қуръонни нотўғри таъвил қилишга ва ислом таълимотининг иккинчи асоси ҳисобланган ҳадисни бузишга киришган. Минг афсуслар бўлсинки, бунда улар бироз бўлсада натижага эришган. Қуръондаги муташобеҳ оятларни ўз мақсадлари йўлига бурди ва турли мавзуда ҳадислар тўқиб чиқаришди. Шу билан содда мусулмон халқни тўғри йўлдан адаштиришга уринди.

Мана шундай қийин вазиятдан ислом умматини безарар олиб чиқишда Имом Мотуридий ҳазратлари жуда катта хизмат қилди.

Номоз ўқимайдиган мусулмонни ҳеч иккиланмасдан “Кофир” деб, унинг қони, жони ва молини ўзларига ҳалол санайдиган турли фирқаларга қақшатгич раддия берди. Яъни: “Агар бир киши “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса, энди номоз ўқийдими, ўқимайдими у одам “Мусулмондир” деди. Бу сўзига оят ва ҳадислардан далиллар келтириб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса жаннатга киради” каби ҳадислардан келтирган.

Шунинг учун ҳам Имом Мотуридий ҳазратлари мусулмонлар томонидан “Имамул ҳуда”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” каби буюк унвонлар билан шарафланган.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий ҳазратлари Имом Мотуридий ҳақларида гапириб: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб, адашган мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олим эди” деган эди.

Биз мана шундай забардаст олимларимизнинг соф эътиқодий таълимотларини маҳкам ушлаб, ёш авлодга тўғри тарзда етказа олсак, халқимиз ҳеч қачон ўзгаларни “Кофир” да айблаб, тўғри йўлдан адашмайди.

 

Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ўқитувчиси А.Тошпулатов