Аррозий ўрта махсус билим юрти

Рaсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлар.

Мусулмон киши учун Рамазон рўзасидан ташқари янада кўпроқ савоб олиш мақсадида нафл рўзалар тутиб юриш имкони бор. 

Мўмин киши қўшимча нафл намозларни ўқиб Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади, Ҳадиси шарифда айтилишича:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللَّهَ قَالَ: … وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ وَمَا يَزَاالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى  أُحِبَّهُ فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا  وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ وَلَئِنْ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ… رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта Аллоҳ: “… Бандам унга фарз қилганим (ибодатлар)дан кўра севимлироқ нарса билан Менга яқинлашмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман. Агар уни яхши кўрсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар у мендан сўраса, албатта, бераман. Агар у мендан паноҳ сўраса, албатта, паноҳ бераман”, деди” (Имом Бухорий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Шундай қўшимча ибодатлардан душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутиш ҳисобланади.

 وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلّمَ يَتَحَرَّى صَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ   

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба куни рўзасини тутишга ҳаракат қилар эдилар” (Термизий ривояти.)

Нега айнан душанба ва пайшанба кунлари?

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِي وَأَنَا صَائِمٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини истайман» (Имом Термизий ривояти).

Рaсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутишларини сабаби сўралганда қуйидагича жавоб бердилар: Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба куни рўзаси ҳақида сўралди. У Зот: «Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди», дедилар».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Жаннат эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очилади. Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Фақат биродари билан ораларида душманлик бўлган кимсалар мустасно! (Улар ҳақида:) “Шу иккиси ярашиб олгунича муҳлат беринг”, дейилади” (Имом Муслим).

Рўза тутиш фазилати ҳақида қуйидаги Ҳадиси шариф келтирилади: Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Банда Аллоҳ таоло йўлида бир кун рўза тутаркан, ушбу кун учун Аллоҳ таоло унинг юзини дўзах оташидан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради». (Насаий ривояти). Бошқа бир ривоятда шундай келади: «Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган кишидан дўзах оташи юз йиллик масофага узоқлашади».

 Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатнинг «Райён» номли бир эшиги бор, қиёмат куни ундан рўзадорлар киради, улардан бошқа ҳеч ким кирмас. Рўзадорлар кириб бўлгач, (эшик) ёпилади ва сўнг ҳеч ким кирмайди». (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадорнинг оғзидан чиқаётган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушк атридан-да хушбўйроқдир, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одам боласининг ҳар бир (яхши) амали савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ таоло айтди: “Фақат рўза мустасно. Албатта, у Мен учун ва унга Ўзим мукофот бераман. Банда шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Рўза тутаётган киши қайси рўзани тутишидан қатъий назар қуйидаги ишларни қилмаслиги керак бўлади:

1)  Ёлғон гапириш. Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ», дея марҳамат қилдилар».

2)  Фисқу-фужур сўзларни айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Рўза тўсувчидир. Бирортангиз рўза тутган бўлсангиз, аёлига яқинлик қилмасин ва бақириб-чақирмасин. Уни биров сўкса ёки уришса, «мен рўзадорман, мен рўзадорман» деб айтсин”.

Аллоҳ таоло фарз ибодатларимиздан ташқари қилаётган нафл ибодатларимизни ҳусни мақбул айласин ва Ўзига яқин бандаларидан қилсин!

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

Рустам Ахунджанов