Аррозий ўрта махсус билим юрти

Фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Маълумки, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқдир. Фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммга тенг. Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг. буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг. арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг. майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани маълум бўлди. Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун ФИТР садақасининг миқдори: ≈ 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм; ≈ 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм; ≈ 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм; ≈ 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгилансин. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 20 000 (йигирма минг) сўм, деб белгилансин! Эслатма: Мазкур фитр садақасининг қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси