Аррозий ўрта махсус билим юрти

Имом фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

2020 йил 08 - Февралъ куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида  Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда улуғ шоир асарларининг теран фалсафаси, жозибадорлиги, ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашдаги, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашдаги беқиёс аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Билим юртида бўлиб ўтган адабий-бадиий кечада Алишер Навоий ижодий мероси бугунги ёш авлодларни юксак маънавиятли ва теран тафаккурли инсонлар этиб тарбиялашда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирни билим юрти мудири Д.Абдуқодиров очиб берди. Тадбир Қуръони карим қироати билан бошланиб, марҳум шоирнинг ҳаққига дуо қилинди.

Билим юрти мудири Д.Абдуқодиров. – Энг муҳими, ёшларимизда буюк мутафаккир ижодига қизиқиш катта. Дарс жараёнида ўқувчиларга шоир ижоди ва фаолияти хусусида кўпроқ маълумот беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Навоийхонлик кечаларида унинг ғазал ва рубоийлари ёддан ўқилиб, мазмуни чуқур таҳлил қилинмоқда. Бундай адабий кеча ва қизиқарли учрашувларни йил давомида ўтказиш таълим даргоҳимизда яхши анъанага айланган.

талабалар ижросида шоир асарларидан намуналар ўқилди, Навоий достонлари асосидаги саҳна кўринишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.

Тадбир сўнггида Хоразм вилояти вакили  Х.Абдуллаев талабаларга Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир, талабалар ҳар доим улуғ олимлардан ибрат олиб, кийиниш, ўзини тутиш, катталарни ҳурмат қилишдек диний ва миллий қадриятларимизга доимо амал қилиш на қадар муҳим эканлигини айтди. Ва талабалардан келажакда ватанга ҳизмат қиладиган забардаст олимлар чиқишини айтиб, ҳақларига дуо қилдилар.

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф уқутди юз ранж ила

Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила

Алишер Навоий.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати.