Аррозий ўрта махсус билим юрти

Нега зебранинг чизиқлари бор?

120 йилдан бери олимлар нима учун зебраларда оқ ва қора чизиқлар мавжудлиги борасида баҳслашиб келардилар. Яқинда бунинг сабабини кашф этдилар. Аниқлашларича, заҳарли ҳашаротлар чақишининг олдини олиш учун уларнинг танасида чизиқлар бор экан. Ҳашаротлар керакли жойни топа олмай, адашиб, чақмай кетар экан.
 
Олимлар баъзи сигирлар терисига шундай чизиқлар чизиб кўриб, “ҳашаротлар йўлдан адашиб, чақмай кетиши” ҳақидаги фикрлари тўғри эканини аниқлашди.

Маълумки, Африка қитъасида турли заҳарли ва вирус тарқатувчи ҳашаротлар кўп. Шулардан кенг тарқалгани цеце пашшасидир. Aфриканинг нам ўрмонларида тарқалган ушбу ҳашаротнинг бир қанча турлари оғир касаллик қўзғатувчи трипаносомаларни юқтиради (касалликдан ҳар йили минглаб кишилар ҳалок бўлади).
 
Шунингдек, зебраларда цеце пашшасига нисбатан ҳимоя қатлами ва трипаносомаларга қарши иммун тизими мавжуд эмас экан. Бу эса агар бу пашша зебраларни чақадиган бўлса, уларнинг ўлимига, ҳатто бутун бир тўда ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин деганидир.

Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат яратмаган. У Ҳаким Зот. Нимани қандай яратишни Ўзи билади. У барча нарсани аниқ ўлчов ва ҳикмат билан яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ
“Яратган зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир” (Мулк сураси, 14-оят). 
 Манба: Нозимжон Ҳошимжон саҳифасидан олинди.