Аррозий ўрта махсус билим юрти

Инсон ҳуқуқлари, сўз ва эътиқод эркинлиги тўғрисида

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларни таъминлаш тўғрисида ҳам гапирди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича эришаётган ютуқларимизни, тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, изчил мустаҳкамлаб борилади.

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференциялар ўтказилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 30 июль санасини «Халқлар дўстлиги куни» деб белгилашни таклиф этди.

Аввалроқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинган эди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Президент келгуси йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилишини айтди.

«Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда. Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап.

Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.

Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт.

Бу борадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларимизнинг далили сифатида куни кеча Жиноят кодексининг матбуот орқали “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш” каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди.

Келгуси йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади.

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман», деди давлат раҳбари.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ матбуот котиби