Аррозий ўрта махсус билим юрти

ШАЙХ МУҲАММАДСОДИҚ МУҲАММАДЮСУФ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. Бошланғич диний таълимни отаси Муҳаммад Юсуф домладан олди. У кишидан асосан тажвид, араб тили грамматикаси – сарф ва наҳв илмларини ўрганди ва Қуръондан бир неча жузларни ёд олди.

1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатиб, 1970 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

Собиқ Иттифоқ бўйича у даврдаги ягона диний таълим муассасаси Бухородаги Мир Араб мадрасаси эди. Мадрасада Иттифоқнинг турли юртларидан келган ҳар хил миллат вакиллари таълим олишар эди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф уларнинг ичида пешқадами, аълочиси эди.

Мадрасада қироатдан Шаҳобиддин қори домладан дарс олди. Наҳв илмидан эса Мухторжон домладан, араб адабиёти ва муҳоварадан Усмонжон домладан, фиқҳдан Сафийюллоҳ домла ва Қосимжон домлалардан, тафсирдан Абдулатиф домладан таълим олди.

1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳади очилиб, у ерда ўқишга ўша даврдаги собиқ Иттифоқ жумҳуриятларидаги масжид имомлари билан бирга Бухоронинг Мир Араб мадрасасидан ҳам қобилиятли талабалар саралаб олинди. Ана шундай талабалар қатори Муҳаммад Содиқ ҳам маъҳадга ўтиб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди.

Муҳаммад Содиқ олий маъҳадда Юсуфжон домладан балоғат илмини, Исмоил Махдум ҳазратларидан фиқҳ илмини, муфтий Зиёвуддин Эшон Бобохон ҳамда Абдулғани домлалардан ҳадис илмини ўрганди.

Меҳнат фаолиятини 1975 йили «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида бошлаб, диний мавзуда турли мақолалар ёзиб, чоп эттирди. Орадан кўп вақт ўтмай Ливия Араб Жамоҳириясидаги «Ислом даъвати факультети»га қабул қилиниб, ўқиш учун жўнаб кетди.

Мазкур ўқув юрти асосан чет эллик талабалар ўқийдиган таълим муассасаси бўлиб, унда Марокаш, Жазоир, Тунис, Сурия, Иордания каби араб давлатларидан, Африканинг кўп давлатларидан, шунингдек, Осиёнинг Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд каби юртларидан келган талабалар таҳсил олишар эди. Муҳаммад Содиқ бу таълим даргоҳида ҳам етакчи талабалардан эди. У факультет дарсларидан сўнг курсдошлари ҳамда ётоқхонадаги бошқа талабаларни тўплаб, долзарб диний мавзуларда маърузалар қилар, давра суҳбатлари уюштирар эди.

Муҳаммад Содиқ Ливияда турли шайх ва докторлардан таълим олди. Жумладан, Тоййиб Ан-Наосдан «Оётул аҳком», «Усулул фиқҳ» фанларидан, Муҳаммад Робитийдан ҳадис ва фиқҳдан, Иброҳим Руфайдадан «Улумул Қуръон»дан, доктор Ҳулайлдан балоғат илмидан, Комил Баннодан тарихдан ва бошқа устозлардан илмул ахлоқ, илмун нафс, мантиқ, ақоид каби фанлардан таълим олди.

 

Ўқув юртининг низомига кўра, имтиҳонларнинг умумий натижаси бўйича ҳар бир курсдан биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни олган талабаларга махсус пул мукофотлари берилар эди. Муҳаммад Содиқ барча курсларда биринчи ўринни олиб, факультетни ҳам имтиёзли диплом билан тугатган.

Китоблар ва оммавий ахборот воситаларининг диний маърифат тарқатишдаги катта аҳамиятини яхши англаган шайх Муҳаммад Содиқ бу борада ҳам катта ишларга қўл урди. Диний идоранинг фақат чет элликларга мўлжалланган ва бир неча хорижий тилларда нашр қилинадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журналини «Мовароуннаҳр мусулмонлари»га ўзгартириб янги ном ва янгича мазмун билан нашр эттирди. 1990 йилдан бошлаб эса «Ислом нури» газетаси катта нусхада чиқа бошлади. Бу журнал ва газетада шайх Муҳаммад Содиқнинг, диний таълим муассасалар устозлари, имом-хатиблар ва ёзувчиларнинг долзарб диний мавзулардаги мақолалари чоп этила бошланди.

Исломдаги икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, бу кунларни мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақида шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳукумат идораларига киритган таклифи ижобий қабул қилиниб, шундан буён бу байрамлар Ўзбекистонда кенг нишонланиб ва ҳар йили дам олиш кунлари деб эълон қилинмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, шайх Муҳаммад Содиқ диний идора раиси ва муфтий лавозимида бор-йўғи тўрт йил фаолият юритди ва юқорида санаб ўтилган ишларнинг барчаси мана шу қисқа давр мобайнида амалга оширилди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг халқ депутати этиб сайланишлари узоқ йиллар даҳрийлик исканжасида қолган мусулмонлар оммасининг кўксига шабада тега бошлаганининг бир тимсоли эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ нафақат собиқ Иттифоқ ҳудудида, балки халқаро ­миқёсда ҳам дунё мусулмонларининг манфаатини кўзлаб, кенг кўламли фаолият олиб борди. Жумладан, совет делегацияси аъзолигида бир нечта давлатларга сафар қилди, афғон мужоҳидларининг Пешовардаги қароргоҳида музокаралар олиб бориб, тинчликпарварлик борасида ҳам жонкуярлик қилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Совет Иттифоқи ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда ҳам ўзига берилган ваколатдан унумли фойдаланди.

Унинг мусулмонлар, халқ, миллат ва дин йўлидаги бу хизматлари гўзал баҳоланиб, халқаро миқёсдаги бир неча мукофотларга лойиқ кўрилди. Жумладан, муфтийлик йилларида Миср Араб Республикасига уюштирган сафари давомида у кишига Мисрнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак томонидан мамлакатнинг биринчи даражали «Нил лаври» олтин нишони топширилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ маълум сабабларга кўра, 1993 йили муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди. Истеъфодан сўнг ҳам унга қарши иғво, туҳмат, адоват тўхтамагач, Ватандан, халқдан, ота-она ва қариндош-уруғдан айро ҳолда, фироқда яшаш бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос деб, жондан ортиқ кўрган Ватанини, халқини вақтинча тарк қилишга мажбур бўлди. 1993–1994 йиллар давомида Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида истиқомат қилди. Аллоҳнинг ҳикмати, иродаси ила шоҳ асари бўлмиш «Тафсири Ҳилол»ни айнан Қуръони Карим нозил бўлган маконларда ёзишни давом эттирди. У киши ўз олдига катта режалар қўйди.

Режа биринчи навбатда тафсирни ёзиб тугатиш; кейин ҳадиси шарифлар ҳақида китоб ёзиш, ундан сўнг эса ақийда ҳақида тўлиқ маълумотни қамраб оладиган китоб ёзиш, сўнг фиқҳ, хусусан, ҳанафий мазҳабининг фиқҳини мукаммал баён қиладиган қўлланма яратиш, тарих, тасаввуф ва бирин-кетин бошқа соҳаларда китоблар ёзиш эди. Аллоҳ нажот бериб, бу режа деярли амалга оширилди.

Муқаддас маконларнинг баракасидан меҳнатлари самарали бўлиб, «Тафсири Ҳилол» тўлиқ ёзиб тугатилиб, ўқувчиларга тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, «Тафсири Ҳилол»ни ёзиш давомида уни рус тилига таржима қилиш ҳам йўлга қўйилди.

Олий мақсад – тафсирнинг ёзилиши охирлаб қолгач, навбатдаги иш – ҳадиси шарифни халқимизга етказишга уриниш бошланди. Муаллифнинг ўзи «Ҳадис ва Ҳаёт» тўпламининг муқаддимасида таъкидлаганидек, аввало бу иш учун китоб танлаб олиб, китобни ёзишга киришди. Алҳамдулиллаҳ, бу иш ҳам муваффақиятли якунланиб, «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси халқимизнинг ҳадис илмини ўзлаштиришида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

2015 йил, 10 март ислом оламида ўз мавқеига эга бўлган, жуда кўп шогирдларига эга, умрини илм олиш ва илм улашишга бағишлаган, ҳар қандай вазиятда уммат ғамида яшаган, уммат учун жуда кўп ишлар қилган, жуда кўп китоблар қолдирган, илм ва фасоҳатли, гўзал хулқли ва ҳикматли устоз Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу фоний дунёни тарк қилди.

Бугун устозни эслаб қалбим маҳзун бўлди. Уммат учун қилган ишларидан Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлсин, Ўз раҳматига олсин, хато-камчиликларини мағфират қилсин, барчамизни Фирдавс жаннатларида Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамул-жам этсин!

 

 

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти 4-курс талабаси

Сапаев Абдували