25.11.2024

ШАФОАТ

-Шафоатнинг маъноси.
-Шафоатнинг турлари.
-Шафоатга ноил бўлиш сабаблари.

Шафоатнинг таърифи -шаръий манфаатни ўзига жалб қилиш ёки зарарни даф қилиш учун бошқани восита қилишдир. (Саййид Абдулғоний "ал-Ақийдатус София", 184-бет)
Шафоатнинг ҳикматлари- Аллоҳ таоло у сабабли шафоат қилувчиларни иззат-икром қилиши, қиёмат куни эса уларнинг шаън-у даражаларини кўтариши ва Аллоҳ таоло шафоат қилган бандаларига ўзининг раҳм-шафқати ва икроми ила муомала қилишидир.
Шафоатнинг турлари- шафоат икки хил бўлади: дунёдаги шафоат ва охиратдаги шафоат. Қуйида булар ҳақида сўз юритилади.
Биринчи, дунёдаги шафоат машру'- яъни шариатга мувофиқ бўлиши мумкин ёки ношаръий бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло "Нисо" сураси 85-оятда марҳамат қилиб айтади:
"Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир".
Шаръий шафоат инсонларнинг шаръий эҳтиёжлари у сабабли раво бўладиган шафоатдир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Мусо ал-Амшъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: У киши айтдилар: "Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бирор ҳожатталаб киши келса, - "Шафе'(воситачи) бўлинглар, ажр оласизлар ва Аллоҳ Набийсининг тили билан ҳоҳлаган нарсасига ҳукм қилади" дер эдилар."

Имом Бухорий ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: "Бариранинг эри Муғис исмли қул эди, мен гўё Муғисни унинг ортидан йиғлаб юрганини кўриб тургандекман. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: "Эй, Аббос! Муғис Барирани яхши кўриши, Барира эса Муғисни ёқтирмаслиги ажабланарли, шундай эмасми?!" Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Барирага қарата айтдилар: "Унга қайтсанг-чи". У эса: "Ё Росулуллоҳ! Буни буюрасизми" деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: "Мен фақатгина шафеъман (воситачиман) холос". Барира эса: "Мени унда бирор хожатим йўқ " деди.

Иккинчиси охиратдаги шафоат.
Аҳли сунна уламолари охиратда шафоат борлигига ижмо қилганлар. Бу шафоат ҳам икки хил бўлади: тасдиқланган шафоат ва рад этилган шафоат. Қуйида буларнинг баёни келади.
Тасдиқланадиган ва қабул қилинадиган шафоатни Аллоҳ таоло ўз китобида собит қилган бўлиб, бу фақат аҳли тавҳид(Аллоҳни бир деб биладиганлар) учун хосланган. 
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:  "Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи ҳоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир". (Бақара сураси, 255-оят)
"Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар". (Анбиё сураси, 28-оят)
" У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас" (Тоҳа сураси, 109-оят)
Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлган шафоатда учта шарт топилиши керак:
Биринчиси, шафоат қилинадиган киши мусулмон бўлиши керак. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: "Сен уларни яқинлашгувчи Кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар ҳалқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ." (Ғофир сураси, 18-оят)
Имом Байҳақий "Шуабул иймон" китобида айтдилар:  Бу ўринда зикр қилинган золимлар улар кофирлардир. Чунки оят кофирлар ҳақида нозил бўлган.
Иккинчи шарти шуки, шафоат қилувчидан ҳам шафоат қилинувчидан ҳам Аллоҳ рози бўлиши. Бу ҳақида Аллоҳ таоло "Нажм" сураси 26-оятда шундай марҳамат қилади:
"Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Магар, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса"

"Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар". (Анбиё сураси, 28-оят)
Учинчи шарти шуки, Аллоҳ таоло шафоатга изн берган бўлиши. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики " Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас" (Бақара сураси, 255-оят)
"Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас. Магар унинг изнидан сўнг бўлур. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Эсламайсизларми?!" (Юнус сураси, 3-оят)
Тасдиқланадиган шафоатнинг турлари:
1) Фаришталар, набийлар ва мўминларнинг шафоати.
Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳ таоло айтади: «Фаришталар, пайғамбарлар ва мўминлар шафоат қилишди. Фақатгина раҳм қилгувчиларнинг раҳмлиси (Аллоҳ)гина қолди», деб айтади-да, дўзахдан бир тўп жамоани олиб, ундан ҳеч яхшилик қилмаган, кўмирга айланиб кетган бир қавмни чиқаради, жаннат оғзидаги ҳаёт анҳори деб номланувчи бир анҳорга улоқтирса, улар у ердан худди сел суви ўзидаги нарсаларни олиб келиб, унинг устидан униб чиққани каби униб чиқишади".
Имом Бухорий ва Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Аллоҳ таоло дўзаҳдан чиқариб оладиган бандалари ҳақида гапирар эдилар. Қачонки биродарлари орасида ўзлари нажот топганларини кўришгач, "Эй Роббимиз! Биродарларимизга раҳм қил, улар биз билан намоз ўқир эдилар, рўза тутар эдилар ва амал қилар эдилар" дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: "Боринглар, қалбида тангачалик иймони бор одам топсаларингиз уни чиқаринглар" дейди ва Аллоҳ дўзаҳга уларни ҳаром қилади. Улар борадилар, дўзаҳда оёқларигача, баъзилари болдирларигача оловга ботиб турган ҳолда топадилар, кейин ўзлари таниган кимсаларни чиқарадилар ва қайтадилар. Аллоҳ таоло айтади: "Боринглар, кимнинг қалбида ярим дийнор оғирлигича иймони бўлса дўзаҳдан чиқаринглар. Улар билганларини чиқарадилар ва яна қайтиб келадилар. Аллоҳ таоло  яна айтади: "Боринглар кимнинг қалбида заррача иймони бўлса чиқаринглар". Кейин улар таниган, билганларини чиқарадилар.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари.
Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қанча шафоатлар берилади.
1. Бандалар ўртасини ажратиш учун бўлган улуғ шафоат.  Бу Аллоҳ таоло ваъда қилган мақоми маҳмуддир. Бу шафоат фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берилади.
2. Мўминлар жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари.
3. Яхшилик ва ёмонликлари тенг бўлиб қолган инсонларга жаннатга киришлари учун шафоатчи бўлишлари.
4. Жаннат аҳлига шафоатлари. Бунда уларнинг даражалари кўтарилади.
5. Тавҳид аҳлининг осийларини дўзаҳдан чиқиб, жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари.
6. Амакилари Абу Толибдан азобни енгиллатишга шафоатчи бўлишлари. Бунда озроқ оловга ташланади, шунда ҳам мийяси қайнар даражада бўлади.
7. Аҳли тавҳиддан дўзаҳга кириши вожиб болган осийларига шафоатчи бўлишлари. 
8. Уккоша ибн Михсон каби жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар учун шафоатчи бўлишлари. (Шарҳу ақийдатут Тоҳовий, 274-284-бетлар)
Охиратда шафоатга ноил бўлиш сабаблари:
1. Қуръон тиловат қилиш.
Имом Муслим Абу Умома ал Баҳилийдан ривоят қиладилар, айтдиларки: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деётганларини эшитдим: "Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз асъҳобига шафоатчи бўлади"
2. Рўза
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Рўза ва Қуръон бандага шафоатчи бўлади, рўза айтади: "Ё Роббим! Мен кундузи уни таом ва шаҳватдан ман қилдим, энди мени унга шафоатчи қилгин. Қуръон айтади: "Мен уни тунда уйқудан ман қилдим, мени унга шафоатчи қилгин"

3. Маййитга жаноза намозини ўқиш.
Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Бирор маййитга юзта мусулмон намоз ўқиса ва улар ҳаммалари шафоат сўрашса албатта ҳаммалари унга шафоатчи бўладилар.
Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар, у кишининг ўғиллари Қудайдда ёки Ғусфанда вафот этди. Кейин айтдилар: "Эй Курайб қара, қанча одам йиғилибди экан? Айтдилар, кейин чиқдим, қарасам кўп инсонлар тўпланибди. Унга хабарни етказдим. У зот: "Қирқтами?" дедилар. Мен: "Ҳа" дедим. Айтдилар: "Уни чиқараверинглар, чунки мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деётганларини эшитдим: "Бирор мусулмон вафот этса ва унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларни бу бандага шафоатчи қилади". 
4. Азонни такрорлаш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва васила қилиш.
Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деётганларини эшитганлар: "Агар муаззинни эшитсангиз, у айтгандай айтинглар сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки ким менга бир саловот айтса ,Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Сўнгра Аллоҳдан мен учун василани сўранглар, у жаннатдаги бир мартаба бўлиб ,Унга Аллоҳнинг бандаларидан биттасигина эришади, ва ўша мен бўлишимни умид қиламан. Ким мен учун василани сўраса унга шафоат ҳалол бўлади".
5. Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш.
Абу Довуд Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Шаҳид аҳли байтидан етмиш киши орасида шафоатчи бўлади"

Иккинчидан, рад этилган shafoat.Qur'они Карим рад этган шафоат мушриклар шафоати.
1. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: "Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган кундан қўрқинг."
2. Бақара сураси 254-оятда шундай дейди: "Эй, иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар-ўшалар золимлардир."
Анъом сураси 51-оятда ҳам айтадики: "У билан Роббиларига тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақводор бўлсалар."
3. Шуаро сураси 100-102-оятларида марҳамат қилиб айтадики: "Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ. Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ. Қани энди ортга қайтсагу мўминлардан бўлсак."
4. Ғофир сураси 18-оятда марҳамат қилиб айтадики: "Сен уларни яқинлашгувчи Кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар ҳалқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ."
 Қиёмат куни шафоати қабул қилинмайдиган тоифалардан яна бири кўп лаънат айтувчилардир. Имом Муслим Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар,  у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деётганларини эшитдим: "Лаънатни кўпайтирадиганлар шаҳид бўлмаслар, қиёмат куни шафоатчи ҳам бўлмаслар."
Лаънат- Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани қамраб оладиган раҳматидан қувилишдир.
Лаънат айтувчилар эса мана шу қувилишни кўп сўровчилардир.

Хотима

Аллоҳ таолодан гўзал исмлари ва олий сифатлар ила бу ожизона ишимизни холис қабул қилишини ва ўқувчилар учун фойдали болишини сўрайман.

ТУРСУНБОЙ домла Маткаримов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси.