14.01.2022

ВАТАННИ ҚЎРИҚЛАШ-ЭР КИШИГА ШАРАФДИР

Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

         Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ватанга садоқати унинг учун жон берганликлари  тилларда достон бўлган. У кишига душман тараф одам юбориб:  “Сиз ва шогирдларингиз  шаҳардан чиқиб кетишларингиз мумкин”, деганида бу таклифни рад этиб: “Ватанимнинг яхши кунларида  шу ерда бўлсам-у, унинг учун оғир ва ёмон кунда уни ташлаб кетаманми ? ”деганлар. Бу ҳаётий ҳақиқатда барчамиз учун катта ибрат бор.

Инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозим. Ватанни севиш ва айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу инсондан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, ватан ўз фарзандларидан ҳар-бир лаҳза жон фидо қилишини талаб қилмайди. Бу йўлда содир бўладиган фидоийлик энг юксак жасорат бўлиб, у кутилмаган ҳолларда рўй беради. Лекин ватан севгиси инсондан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади. Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркор”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон, бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун ҳизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади” дейилганидек, ватан ҳар-бир кишининг ўз қалбидан, виждонидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Ватан – биз нафас олаётган ҳаводир. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтиҳор ва шарафдир. Шу сабабли ватанни севмоқ, қадрламоқ ва равнақи ҳамда шону – шарафи учун хизмат этмоғи керак.

Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор бахонани рўкач килиб, уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳдир.

Мамлакатимизда 14 январ-Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонлаш анъанага айланди. Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни сабабчиси ва ҳимоячилари мана шу ҳарбийларимиздир. Ана шундай масъулиятли бурчни чин кўнгилдан адо этаётган ўғлонларимиз ҳаққига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

         Тарихдан маълумки, ҳар давр ва ҳар замонда ҳалқнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда  тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Райҳона р.а. ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотда эдик. Тунлардан бирида баланд жойга келдик. Ўша кечада ҳаво қаттиқ совиб, бизга қаттиқ совуқ етди. Ҳаттоки, баъзи шерикларимиз ерни ўзи сиғадиган даражада ковлаб, унга кириб тешикни оғзига қалқонларини беркитиб олишди. Пайғамбаримиз бу ҳолатни кўриб: “Ушбу кеча бизларни душманлардан ким қўриқлайди? Мен бизни қўриқлайдиган кишини фазилатли дуо билан дуо қиламан”, дедилар. Ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен”, деди. У зот алайҳиссалом: “Яқинроқ кел”, дедилар. У киши яқинлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини “Ансорийлардан”, деб таништирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони бошладилар ва уни кўп дуо қилдилар.

         “Демак, шу  юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг зиммасида, унинг имконияти даражасида адо этиши лозим бўлган бурчлари мавжуд. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “

Бир қалбда имон билан куфр, ёлғон билан ростгўйлик хиёнат билан омоннатдорлик бирга жамланмайди”, деб мархамат қилганлар. Демак хоин киши омонатсиз ва ишончсиздир. Омонатдор, ишончли кишилар ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму-қариндошларига дўсту биродарларига ва табиийки, она Ватанига  ҳам  садоқатли, вафодордир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлиги ва осойишталигини сабабчилари бўлмиш, харбий аскар ва зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва ёвуз кучлардан ҳамда барча офатлардан асрасин!

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мударриси

 

Izoh qoldirish

Izohlar