10.03.2022

ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсон зотини жуфт қилиб яратди. Уларнинг ўртасига улфатчилик ва муҳаббат солиб, оила бўлиб яшашга рағбат пайдо қилади. Инсоният яратилгандан бери Аллоҳ таоло уларни ҳалол йўл билан насл қолдириш, ерда ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Ҳозиргача ўтган барча илоҳий шариатларда, жумладан Ислом шариатида ҳам оила қуриш учун никоҳ жорий қилиниб, зино ҳаром қилинган.

Оила қуриб яшаш – пайғамбарларнинг суннатидир. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бизни никоҳланиб яшашга буюрганлар. Мазҳабимизга кўра мўътадил ҳолатда никоҳланиш – суннатдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:

﴾ النِّكَاحُ من سُنَّتِي فمَنْ لمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَليسَ مِنِّي ، و تَزَوَّجُوا ؛ فإني مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ ، و مَنْ كان ذَا طَوْلٍ فَلْيَنْكِحْ  و مَنْ لمْ يَجِدْ فَعليهِ بِالصِّيامِ، فإنَّ الصَّوْمَ لهُ وِجَاءٌ ﴿

яъни: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар, мен умматлар олдида сизларнинг кўпликларингиз билан фахрланаман. Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким оила боқишга қодир бўлса, уйлансин. Ким нафақага қодир бўлмаса, рўза тутишни лозим тутсин. Чунки у шаҳватни жиловлашдир” (Имом Ибн Можа Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳланиш ҳар икки томонга неъмат эканини баён қилиб айтадилар:

﴾ مَن رَزَقَهُ اللَّهُ امرَأَةً صَالِحَةً فَقَد أَعَانَهُ عَلَى شَطرِ دِينِهِ، فَليَتَّقِ اللَّهَ فِي الشَّطرِ الثَّانِي ﴿

(أخرجه الامام الحاكم عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳ аёл насиб қилган бўлса, унга динини ярмида ёрдам қилибди, иккинчи ярмида Аллоҳ таолодан тақво қилсин!” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилишган).

Солиҳа аёл –болаларининг тарбияси, эрнинг ибодати ва бошқа ишларда жуфтига энг яхши кўмакчидир.

Ҳанафий мазҳабимизда никоҳланиш – ибодат учун узлатга чекинишдан афзалдир.

Албатта, оила ўзаро ҳурмат ва муҳаббат устига қурилади. Шунда эр-хотин яхши ва ёмон кунларда бир-бирига суянчиқ, ҳамдард ва ёрдамчи бўла олади. Агар оилалар аввалдан никоҳ орқасидан бойликка, обрўга эга бўлиш ва ҳоказо ғаразли мақсадлар билан қурилса, узоққа бормаслиги аниқ.

Катта орзу ҳаваслар билан никоҳланган ёшларнинг ўрталарига бироз вақт ўтгач, тушунмовчилик ҳам бўлиб туради. Аллоҳ таоло бундай кишиларга танбеҳ бериб шундай дейди:

 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).

Аллоҳ таоло аёлларга чиройли муомала қилишга буюрмоқда. Фаҳшга юрмаган, итоатсизлик қилмаган аёлини бирор сабаб: (хунуклик, ёмон хулқлилик) туфайли хуш кўрмаган эркакларга ояти каримада сабрли бўлиш тавсия қилинмоқда. Шоядки Аллоҳ бу оила риштаси орқали уларга яхшиликлар, хусусан солиҳ фарзандлар ато этса. Бу борада Пайғамбаримиз алаҳиссалом шундай дейдилар:

 لا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقاً رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ ﴾  (رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه) ﴿

яъни: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин, агар унинг бир хулқини хуш кўрмаса, бошқасидан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд илм ва диёнатда юқори мартабали киши эдилар. У зотнинг ёмон хулқли жуфти бўлиб, ҳақ ҳуқуқларга риоя қилмас, шайхга тили билан азият берарди. У зотни бундай хотинга сабри учун одамлар маломат қилишарди. У киши: “Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло менга саломатлик, илм ва мулк неъматларини комил қилиб берган. Балки у бир гуноҳим сабабли менга насиб қилгандир, ундан ажрашсам, янада каттароқ синов келишидан қўрқаман”, –деганлар (Тафсири Табарий китобидан).

Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олижаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз.

М.ЮНУСХЎЖАЕВ
Имом Фахриддин ар-Розий
 ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar