КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ ВА “ОММАВИЙ МАДАНИЯТ”ГА МУНОСАБАТ
“Маданият” сўзи арабча бўлиб, “шаҳарлик”, “цивилизиция-тараққиёт” каби маъноларни анлатади. Демак, ушбу сўз ишлатилганда, бирор соҳада тараққийлашиш, юқорилаш деган тушунчаларни ифода этади. Маданият ибораси ҳар бир вақтда, ҳар бир замонда ижобий маънода қўлланилиб келган.
Бироқ, бугунги кунга келиб бу сўз қайси ўринларда ишлатилмоқда? Таассуфлар бўлсинким, кўпгина инсонийлик сифатларига зид бўлган ёмон ва хунук ишлар, маданият сўзи билан хаспўшланмоқда. Баъзан, ақли-ҳуши жойида бўлган айрим одамлар жамият томонидан номақбул деб қабул қилинган амалларни ҳам маданиятга боғламоқда. Аввал гуноҳ ва хато деб саналган ишлар маданият деб қаралишга тарғиб қилинмоқда. Масалан, чекиш — маданият, ичиш — маданият, шу жумладан аёлларнинг ярим-яланғоч юриши — маданият, тирноқ ўстириш – маданият, ҳаёсизлик – маданият, нотабий кийиниш – маданият, “модний” кийиниш – маданият, … . Бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин.
“Маданият” тушунчаси кўп қиррали бўлиб, биз кийиниш маданиятигаоид муаммоларни ёритсак. Бугунги кунга келиб, қўштирноқ ичидаги “омавий маданият” тарғиботчилари бизнинг бир неча минг йиллик қадриятларимиз ва урф-одатларимиздан маҳрум қилиб, ўзлигидан айрилган авлодни етиштиришга ҳаракат қилаётгани, бу борада ғарбда жуда катта маффақиятларга эришгани бугунги кунда ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Бу ҳолат айниқса, кийиниш борасида кўпроқ кўзга ташланаётгани барчага маълум. Лекин, ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, кийинишнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари, ҳикматлари бор.
Аслида, кийиниш маданияти деганда атроф жамият билан ҳисоблашган ҳолда кишининг инсонийликка хос кийинмоғи, кийиниш борасидаги инсонга хос мажбуриятларини бажариш тушунилади. Бу мажбуриятларни ўзидан соқит қилиб, кийилган нарса кийим ҳисобланмайди. Шунингдек, кийиниш маълум маънода кишининг эстетик дидини, маданиятининг даражасини ифодалайди. Киши ўзига ярашса-ярашмаса “мода” экан деб, дуч келган матоҳни эгнига илиши билан бошқаларга ўзининг маданиятсизлиги ва тарбиясизлигини номойиш қилади. Маданият бобида кийинишнинг ўзига хос одоб-ахлоқ нормалари мавжуд бўлиб, бу ҳар бир миллатнинг тарихига ҳам бевосита боғлиқдир. Қадимдан биз яшаган минтақа ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш маданияти борасида ҳам ўзга халқларга ибрат, намуна бўлган. Кийинишдаги дид-фаросат кишини тарбиясини гўзаллигини кўрсатиб турувчи, қусурлар эса тарбиясизлигига далолат қилувчи сабаблардан бири сифатида қаралган. Дарҳақиқат, кийиниш маданияти юқорида айтганимиздек, хилма-хиллик ва ўзига хосликни ифода этади. Кийим нафақат инсоннинг зийнати, балки гўзал хулқнинг безаги ҳамдир.
Албатта, ҳуқуқий демократик давлат фуқароларимиз, ким қандай кийиниши, шубҳасиз, унинг шахсий иши, виждонига ҳавола қилинган масала. Лекин шундай бир инсоний туйғу борки, уни писанд қилмаслик инсонийлик шаънига исноддир. Бу туйғу – гўзал хулқ, ўзбекона одоб ва андишадир. Чуқур ва холис назар ташлаганда либос, умуман кийиниш маданияти одоб ва ахлоқ, миллий ўзига хослик, қадриятлар ва анъаналар мазмунидан келиб чиқади. Бинобарин, азалдан “ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши кийимдир” деган ҳикматона таъкид халқимиз орасида бежиз машҳур бўлмаган.
Бизнинг буюк тарихимиз бор, ўз миллийлигимиз бор. Бу тарих, бу миллийлик ислом дини билан ҳамоҳанг равишда асрлар оша сайқалланиб келган. Бу заминдан етишиб чиққан доҳийлар бутун дунёга, нафақат, илму ирфон соҳасида, балки инсонийлик, одоб-ахлоқ бобида ҳам намуна бўлганлар. Башарият тарихида “ҳужжату-л-ислом”, яъни ҳар бир сўзи шариатда ҳужжат сифатида олинадиган зот мақомига эга бўлганимом Абу Ҳомид Ғаззолий “Эй фарзанд” асарида одоб-ахлоқнинг турли қирраларига тўхталиб: “Эй фарзанд! Одоб бир неча кўринишга эга. Инсон, аввало, кийиниш одобларини яхши билмоғи лозим” деб, кийиниш одобини, яъни маданиятини биринчи ўринга қўяди.
Шунингдек, жаноб сарвари олам Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кийимларингизни дид билан кийинглар, токи одамлар орасида юзга оро берган хол мисоли чиройлик бўласизлар”,-деб кийиниш маданиятини қай йўсинда амалга ошириш лозимлигини кўрсатганлар. Ҳадиси шарифда дид билан кийинишга тарғиб қилинмоқда.
Бугунги кунда Ғарб цивилизацияси Шарқ халқларига тобора кўпроқ кириб бормоқда. Турмушни яхшилаш, яшаш шароитини қулайлаштириш, фан-техника, электроника каби соҳаларда Ғарб халқлари эришган ютуқлардан Шарқ халқлари ҳам баҳраманд бўлишмоқда. Албатта, бу фойдали, биз тараққиётимизни юксалиши учун учун зарур илмларни ўрганишимиз зарур. Фаровонликка, эзгуликка хизмат қиладиган кашфиётларни ўзлаштиришимиз ҳам мақбул иш. Лекин, ғарб цивилизацияси билан бир қаторда таназзулга юз тутган “оммавий маданият” ҳам кириб келмоқдаки, бу борада Ғарбнинг бешарм “тараққиёти”га кўр-кўрона тақлид қилаверишнинг оқибати ўзликни унутишга, миллийликни йўқолишига сабаб бўлади. “Оммавий маданият”, хоссатан, ёшларимизнинг кийиниш маданиятида кўпроқ ўз аксини номоён қилмоқда. Руҳшунос олимлар таъкидлаганидек, бегона либос асрлар давомида маълум иқлим шароитига, маънавий муҳитига мосланган кийимларни сиқиб чиқариб, ахлоқий таназзулни келтириб чиқаради. Шу билан бир қаторда руҳиятни аросатга солиб, унда иккиланиш, лоқайдлик, карахтликликни кучайтиради. Ҳолбуки, ғарбдан келаётган йиртиқ-ямоқ, беҳаё кийимлар бизга бегона.
“Оммавий маданият” ҳозир инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига, хоссатан ёшлар дунёқарашига тез кириб бормоқда ва тарқалиши учун қулай маконни шакллантирмоқда. Бугун ёшларимиз ўзига хос маънавий таҳдидлар ва “ғоялар уруши” авж олган даврда яшамоқдалар. Бир томондан “оммавий маданият”, бошқа бир томондан экстремистик ғоялари бугунги куннинг энг хатарли таҳдидига айланди. “Оммавий маданият” зоҳириран қараганда ҳеч қандай террористик ва қўпорувчилик амалиётларини ўзида акс эттирмайди. Аммо, ёшларни миллий мафкурасига жиддий таъсир кўрсатиб, улар онгини ўнглаб бўлмас даражага келтириши кўпчиликка маълум. “Оммавий маданият” ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. У қора юзига оқ ниқоб тақиб олиб, қора ниятларини амалга оширмоқда. “Оммавий маданият” маънавий савиямизни туширишга ҳаракат қилиб, ўзлигимиздан айиришга интилаётир, ҳам сездирмаган ҳолда соғлигимизга ҳужум қилаётир. Чунки маънан ва жисмонан мажруҳ одамларгина унга хизмат қила олишини яхши билади.
“Оммавий маданият”нинг ашаддий мақсади, аввало иқтисодий бойлик орттириш, ортирилган бу бойликни эса инсонга хос бўлмаган “кўнгилочар йўллар”га сарфлаш, тарих ва келажакнинг орасини узиб миллий маънавиятни йўқ қилиш, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат каби миллий қадриятларни парчалаб ташлаш, одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, бир-бирини ва шу билан бирга, ўзини ўзи ўлдиришигача олиб бориш. Натижада эса унинг тарқатувчилари дунё ва ундаги бойликларга ягона ҳукмрон бўлиб қолишни таъминлашдан иборат. Бугунги кунда ҳар бир миллат учун ёшларини “оммавий маданият”нинг чангалидан асраб қолиш энг долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу балодан ўзлигини, хоссатан ёшларини сақлай олмаган халқ ҳалокатга маҳкум эканлиги кундай равшан бўлиб қолди.
Маълумки, ўсмир ёшлар, талабалар янгиликка интилувчан, тенгқурларига ҳавасманд, ташқи таъсирларни осон қабул қилишга мойил бўлади. Улардаги ана шу ижтимоий-психологик ҳолат кириб келаётган шубҳали қадриятларга танқидий ёндашувни чеклаб қўйиши мумкин. Шунинг учун ёшлар онги ва дунё қарашида “оммавий маданият”га қарши мафкуравий иммунитетни миллий ва диний қадриятларимиз, хоссатан муқаддас динимиз Ислом дини кўрсатмалари асосида шакллантириш, оммавий маданият ва ҳаёсизликнинг маънавий ва жисмоний зарарлари ҳақида кенгроқ тарғибот қилиш энг самарали усулдир.
У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мудир муовини
Izohlar