
РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ОХИРАТДАГИ ФОЙДАЛАРИ
Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса, жуда ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини шу бобни ва ундан кейинги бобларни шарҳлаш давомида ўрганамиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).
Бу ояти каримани Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитгувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.
Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат–рўза фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оят маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда:
«Сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилганидек, рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзаси муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.
Исломда рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки, тақво қилсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда.
Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси бўлиб, рўза тутган киши қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.
Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.
Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлариниин Ҳадис ва Ҳаёт китобларидан фойдаланилган.
СУХРОБ домла Қадамов
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.