25.05.2026
Қуръони Каримни кўп ўқиш
Қуръони Каримни кўп ўқиш
Дарҳақиқат, саҳобалар, тобеъинлар, муҳаддислар ва муфассирлар ҳақиқий олим бўлганлар. Олим - Аллоҳ таолодан қўрқадиган, риёдан узоқ бўлган ихлосли инсондир. Бундай инсонлар риёдан қочиш мақсадида ибодатларини бир-бирларидан, ҳатто оила аъзоларидан ҳам яширганлар. Чунки улар Қуръони Каримни шундай тушунганлар! Қуръони Карим тадаббури ва тафаккури уларда юксак даражада бўлган! Қуръонни тўғри ўқиш, уни минглаб маротаба хатм қилиш уларга одат бўлган!
Бир улуғ шайх таътил вақтида устози Шайх Аббос роҳимаҳуллоҳнинг зиёратига борган экан. Шунда Устози нима билан бандлиги ҳақида сўради. Шогирд Бақара сурасининг ҳар бир рубуъсини эллик мартадан саноқ қилиб кетаётганини айтди. Устози бундан жуда хурсанд бўлди. Шунда : «Бу бизнинг юртда оддий ҳолат. Масалан, Андижон қорилари Қуръони Карим ёдлашда бир саҳифани уч юз марталаб саноқ қилади. Мингдан ортик саноқ қилган қорилар бор», деди. Шунда Шайх Аббос роҳимаҳуллоҳ қўлларини тиззаларига уриб: «Бу саҳобалар, тобеъинлар ва қироат имомларининг одати. Улар Қуръони Каримни шундай ўқир эдилар», деб жуда хурсанд бўлдилар ва андижонлик қорилар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Алҳамдулиллаҳ! Қуръони Каримни кўп такрор килиш юртимизда кенг тарқалган. Аммо асосий мақсадни ҳам унутмаслик лозим. Асосий ғоямиз Қуръони Каримни тадаббур ва тафккур қилиш!
Буни ҳам унутмаслик керак. Зеро, Аллох таоло шундай марҳамат қилган:
{أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْءَانَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا }٨٢
«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, унда кўп ихтилофлар топар эдилар» (Нисо сураси, 82-оят).
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْءَانَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا (٢)
Бошқа бир оятда эса шундай дейилган:
«Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Ёки қалбларида қулфлар борми?» (Муҳаммад сураси, 24-оят).
Бунинг учун ҳар ким Қуръони Карим зиёфатидан ўз насибасини олиши лозим. Ким Қуръони Каримдан ўз насибасини тўлиқ олса, дунё ва охиратда саодатга ғарқ бўлади. Қуръони Карим зиёфати ҳақидаги ҳадисни рисоламиз охирида келтиришимиздан мақсад ҳам шу. Зеро, олдинги мавзуларда келган ўн икки ҳадиснинг умумий маъноси мазкур ҳадисда мужассам бўлган. Бу ҳадисга амал қилишда улуғ имомларимиздан ўрнак олишимиз керак.
Олдинги мақоладаги ҳадисни назарда тутилган
Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо