14.10.2026

ҲАЁ — БАРЧА ЭЗГУ АХЛОҚЛАРНИНГ МАНБАИДИР

ҲАЁ — БАРЧА ЭЗГУ АХЛОҚЛАРНИНГ МАНБАИДИР

Уламоларимиз: “Барча ҳусни хулқ ва амаллар қайтиб борадиган жой — бу ҳаёдир”, дейишади. Хўш, ҳаё сўзи луғатда ва шариатда нимани англатади? Ҳаё билан уятчанлик (ҳижолатчилик) ўртасида нима фарқ бор? Ҳаё сифати қандай фазилат ва у жамиятда қандай аҳамиятга эга?

1. Ҳаёнинг луғавий ва шаръий маъноси

Луғавий маъноси: Луғат нуқтаи назаридан “ҳаё” сўзи ўлимнинг зиддидир, яъни у “ҳаёт” (яшаш) сўзидан олинган. Араб тилида “Фалончи ҳабий (тириклардан)”, “Фалончи маййит (ўлик)” дейилади. Биргина шу луғавий маънонинг ўзи ҳаёнинг қанчалик улуғ мартаба ва буюк қалб амали эканини кўрсатишга кифоя қилади. Ҳаё эгаси тирикдир, унинг акси эса ўликдир. Сиз: “Фалончида ҳаё бор”, десангиз, у киши тирикдир. “Фалончида ҳаё йўқ”, десангиз, унинг ҳолати ўликнинг ҳолати кабидир. Ҳаёли инсон — қалбида ҳаёти бор инсондир.

Шаръий маъноси: Шаръий маъно билан луғавий маъно ўртасида жуда чамбарчас боғлиқлик бор. Шариатда ҳаё — охиратдаги маломатдан қўрқиб, кишининг шариатда буюрилган бир ишга амал қилиши ва қайтарилган бирор ишдан тийилишидир.

Шаръий маънода ҳаёнинг зидди: Луғатда ҳаёнинг зидди ўлим бўлса, шаръий маънода унинг зидди — беҳаёлик, бадхулқлик ва бағритошликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ушбу икки — ҳаёлик ва беҳаёлик тушунчасини ўзаро қарама-қарши қилиб келтирганлар:

“Ҳаё имондандандир, имон эса жаннатдадир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафо эса дўзахдадир.”

2. Ҳаё ва ҳижолатчилик (уятчанлик) ўртасидаги фарқ

Уламолар ҳаё ва уятчанлик ўртасидаги фарқни ажратиб беришган. Исломий ахлоқларни ўрганувчи олимлар ўртасида маълум бўлган олтин қоида бор: Исломий ахлоқлар — ҳар доим иккита мазамматланган (қораланган) хулқ ўртасидаги мақтовли ахлоқдир.

Беҳаёлик, дўғаллик, сурбетлик — қораланган хулқ.

Уятчанлик (ноўрин тортинчоқлик) — бу ҳам қораланган хулқ.

Ҳаё — бу иккисининг ўртасидаги мақтовли хулқдир.

Уятчанлик инсон учун — у эркак бўлсин, аёл бўлсин — мақтовли сифат эмас. Мақтовли сифат бу фақат ҳаёдир. Уятчанлик кишининг бошини кўтара олмаслигига, насиҳат қилолмаслигига, вазият талаб қилиб турганда амри маъруф ва наҳйи мункар қилолмаслигига сабаб бўладиган омилдир. Вазият гапиришни, насиҳат қилишни, йўл кўрсатишни талаб қилса-ю, киши “ҳижолат бўляпман” деб жим турса, бу қораланади.

Уятчанлик, тортинчоқлик инсонни яхшилик айтишдан ва яхшилик қилишдан тўсувчи мазамматланган тортинишдир. Беҳаёлик, сурбетлик эса унинг тамом аксидир. Ҳаё эса шу иккиси ўртасидаги гўзал ўрта йўлдир.

Ҳатто уятчанлик аёлларда ҳам мақтовли эмас. Чунки баъзан аёлдан гапириш ва билим олиш талаб қилинади. Аёлларнинг илмий гапириши уларнинг ҳаёсига зид эмас. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ансорий аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ҳаёлари уларни динда фақиҳ бўлишдан (динни чуқур ўрганишдан) тўсмади”, деганлар.

Агар аёл киши илм олишда ёки илм беришда “ҳижолат бўлдим” деб чекинса, бу мақтовли ҳаё ҳисобланмайди.

3. Ҳаё сифатининг улуғворлиги ҳақида мулоҳазалар

1. Ҳаё — инсонийлик хусусиятидир

Олимлар айтишадики, ҳаё — инсониятга хос хусусиятдир. Ҳайвонларда ҳаё бўлмайди. Бирор ит ёки отнинг ҳаё қилганини кўрмаганмиз. Агар инсонда ҳаё бўлмаса, у ташқи кўринишидагина инсонга ўхшайди, холос. Унинг ички дунёси эса ҳайвоникидан фарқ қилмайди. Ҳатто бугунги кунда ҳаёсини йўқотган баъзи кишилар беҳаёлигу пасткашликда ҳайвонлардан ҳам ёмонлашиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўшангасида ўтирган, чимилдиқдаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар.

2. Ҳаё — барча эзгу ахлоқларнинг манбаидир

Олимлар айтишадики: Агар ҳаё бўлмаганида, Аллоҳ буюрган нарсалар қилинмаган ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтилмаган бўлар эди. Сизнинг намоз ўқишингиз, закот беришингиз ва бошқа ибодатларни қилишингиз ҳамда зино, ўғрилик ва бошқа мункар ишларни қилмаслигингиз — Аллоҳдан ҳаё қилганингиздандир.

Агар ҳаё бўлмаганида, ваъдага вафо қилинмас эди. Сизни ваъдангизга вафо қилишга ундайдиган нарса — ваъдани бузган ҳолда кўринишдан ҳаё қилишингиздир. Агар ҳаё бўлмаганида, кишининг ўз нафсидаги, аҳлидаги, молидаги омонатдорлик бўлмас эди. Агар ҳаё бўлмаганида, меҳмон кутилмас эди. Агар ҳаё бўлмаганида, инсонларнинг ҳожати чиқарилмас эди.

Инсоннинг Аллоҳ билан бўлган ва бандалар билан бўлган муносабатларидаги ҳар бир гўзал ахлоқнинг ортида ҳаё туради. Аллоҳга осий бўлмаслик — Аллоҳдан ҳаё қилишдан, инсонларга ёмонлик қилмаслик — инсонлардан ҳаё қилишдан туғилади.

Шунинг учун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ибн Мажа ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар:

“Ҳар бир диннинг ўз хулқи (бош белгиси) бор. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир.”

Нега айнан ҳаё Исломнинг бош хулқи қилиб танланди? Чунки ҳаё — барча тоат-ибодатларга, барча эҳсон ва эзгуликларга ундовчи асосий кучдир.

3. Ҳаё — жамиятнинг асосидир

Жамиятлар қадриятлар устига қурилади ва шу қадриятлар йўқолиши билан емирилиб кетади.

Ҳаёсиз аёл билан яшаётган эрнинг ҳолатини тасаввур қилинг...

Ҳаёсиз эр билан яшаётган аёлнинг бахтсизлигини тасаввур қилинг...

Ҳаёсиз, юзсиз фарзандни тарбия қилаётган ота-онанинг азобини тасаввур қилинг...

Ҳаёсиз қўшнининг қўшничилигида яшаётган инсоннинг ҳолатини тасаввур қилинг...

Ҳаёси бўлмаган жамият — жаҳаннамий каби бахтсиз ва азобли жамиятдир.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси М . Шерметов