05.10.2026

Аждодларимиз дунёга зиё таратган

Аждодларимиз дунёга зиё таратган

Юртдошимиз Ҳаким Термизий (тўлиқ исми: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр) — IX асрда яшаб ўтган буюк мутафаккир, тасаввуфшунос олим, муҳаддис ва мутакаллимдир. У Марказий Осиё маънавий тикланишининг энг йирик вакилларидан бири ҳисобланади.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад тахминан 820 йилда Термиз шаҳрида зиёли ва тақводор оилада дунёга келган. "Ҳаким" (донишманд, чуқур билим эгаси) лақабини ўзининг кенг қамровли илми ва фикрлаш доираси сабабли олган.

Илм олишни Термизда бошлаб, кейинчалик Балх, Нишопур, Бағдод, Макка ва Мадина каби йирик илмий марказларда давом эттирган. У ҳадис, фиқҳ, калом, фалсафа, тиббиёт ва нужум илмларини мукаммал эгаллаган.

Унинг "Хатм ал-авлиё" ва бошқа асарларидаги айрим ирфоний қарашлари ҳамда замондош зоҳирий олимлар билан баҳслари сабабли зиддиятлар юзага келган. Шу сабабли Термиздан кетишга мажбур бўлиб, Балхда бир муддат яшаган.

Манбаларга кўра, у тахминан 910–920 йиллар оралиғида (баъзи манбаларда 869 йил) вафот этган. Мақбараси Эски Термиз ҳудудида, Амударё бўйида жойлашган ва бугунги кунда йирик зиёратгоҳ ҳисобланади.

Ҳаким Термизий 80 дан ортиқ (баъзи манбаларда 400 га яқин) асар ёзган. Унинг асарлари асосан араб тилида битилган бўлиб, тасаввуф, ҳадис, ахлоқ ва ислом фалсафасига бағишланган.

«Хатм ал-авлиё» («Валийлик муҳри»): Термизийнинг энг машҳур асари бўлиб, унда валийлик (авлиёлик) мақоми, унинг пайғамбарлик билан муносабати ва шартлари баён этилган.

«Навадир ал-усул фи маърифат аҳодис ар-Расул» («Расулуллоҳ ҳадисларини англашда ноёб қоидалар»): Ҳадисларнинг ботиний, маънавий ва ахлоқий моҳиятини ёритиб берадиган муҳим тўплам.

«Бадъу шаъни Аби Абдиллоҳ» («Абу Абдуллоҳ аҳволининг бошланиши»): Муаллифнинг автобиографик асари бўлиб, ўз ҳаёти, илмий йўли ва руҳий кечинмалари ҳақида ҳикоя қилади.

«Илал аш-шариъа» («Шариат аҳкомларининг сабаблари»): Ислом ибодатлари ва тартиб-қоидаларининг ички, маънавий ҳикматларини тушунтириб беради.

«Адаб ан-нафс» («Нафс одоби»): Инсон ахлоқи, нафсни тарбиялаш ва руҳий покланиш масалаларига бағишланган.

Ҳаким Термизий тасаввуф назариячиси бўлиб, тасаввуфни шунчаки зоҳидлик ёки таркидунёчилик эмас, балки чуқур мантиқий ва илмий асосга эга бўлган таълимот даражасига кўтарган. У авлиёлик концепциясини илк бор тизимли равишда ишлаб чиққан олимдир.

Ибн ал-Арабийга таъсири: Унинг «Хатм ал-авлиё» асарида илгари сурилган саволлар ва ғоялар кейинчалик Ибн ал-Арабий каби буюк мутафаккирлар ижодига ва умуман тасаввуф мактаби ривожига катта таъсир кўрсатган.

У диний билимларни дунёвий ва тиббий қарашлар билан уйғунлаштира олган камёб сиймолардан биридир.

Шайх Ҳаким Термизий ёшлик чоғида икки ҳамроҳи билан бирга илм талабида сафарга чиқишни ният қилган эди. Шу аснода унинг онаси хасталаниб қолди. Онаси унга деди: «Эй ўғлим! Мен ожиза аёлман, менга сендан бошқа суянчиқ ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ. Менинг ҳолимдан хабар олиб турган сен эдинг. Мени кимга ташлаб кетасан?»

Ушбу сўзлар унга таъсир қилди ва у сафардан воз кечди. Икки ҳамроҳи эса ўз йўлида давом этдилар.

Орадан бир оз вақт ўтгач, у қабристонлардан бирида алам билан йиғлаб ўтирар ва шундай дер эди: «Мана, мен жоҳил ва илмдан бебаҳра бўлиб қолдим, ҳамроҳларим эса илм эгаллаб қайтишади».

Тўсатдан унинг қаршисида нуроний бир шайх пайдо бўлди. Шайх ундан йиғисининг сабабини сўради, йигит унга ўз аҳволини сўзлаб берди. Шайх унга деди: «Сени ҳамроҳларингдан ўзиб кетишинг учун ҳар куни сенга илмдан сабоқ берсам розимисан?» Йигит рози бўлди.

Шайх унга ҳар куни таълим беришда давом этди. Орадан йиллар ўтди. Кейинчалик Термизий билсаки, ушбу шайх Ҳизр алайҳиссалом эканлар!

Ва буларнинг барчасига онасининг дуоси ва онасига қилган хизматининг баракаси сабабли эришган эдилар...

(«Хатм ал-авлиё» асари, 11-бет)

 Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси Қ. Машарипов