12.10.2026

Васила қилишнинг тўрт тури

Васила қилишнинг тўрт тури

Васила қилиш дегани Аллоҳга бўлган хожатимизни Аллоҳга қадрли бўлган Ўзининг исмлари, яқин кишилари ёки Ўзига махбуб бўлган амалларимизни ўртага қўйиб сўрашимиздир. Бу нарса сўровимизни ижобатига яқинроқ бўлади, деб умид қиламиз. Чунки улуғларимизни: “Аллоҳ билан бўл, агар Аллоҳ билан бўла олмасанг, Аллоҳ билан бўлган кишилар билан бирга бўл” деган хикматомуз насиҳатлари бор. Аллоҳ хаммамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин. Кейинги пайтларда ёт оқимларни турли нотўғри қарашлари тарқалиб ёшларимизни адашишига сабаб бўлмоқда. Жумладан: Баьзи ёт ғоялар таьсирига тушиб қолган ёшларимизни гумон қилишларича, васила қилиш Аллоҳдан бошқадан сўраш (дуо қилиш)деб билишларидир. Бу эьтиқодни  хато эканлиги ҳақида қуйида оят ва хадислардан далиллар келтирамиз, шоядки Аллоҳни хидоятига эришсалар.

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари билан тавассул қилиш. Бунга Аллоҳ таолонинг Азиз Китобидаги ушбу сўзи далилдир: «Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир, Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (дуо қилинглар)». Инсон таборак ва таоло бўлган Хожасига дуо қилаётганда ҳадис ва оятларда келган исмлар билан тавассул қилади. Масалан: («Ё Раҳиим» — Эй Раҳмли!, «Ё Ваҳҳоб» — Эй беминнат берувчи!) ва шунга ўхшаш ҳолатга мос келадиган бошқа исмлар.

Иккинчиси: Солих кишининг дуоси билан тавассул қилиш. Яъни, инсон ўзи солиҳ деб билган кишилардан дуо қилишини сўрайди. Бунга далил — «Саҳиҳ Муслим»да келган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзларидир: «Мусулмон кишининг биродари ҳақига ғоибона (орқаворотдан) қилган дуоси ижобат бўлувчидир». Шунга ўхшаш, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан дуо сўраш воқеаси ҳам  «Сунани Абу Довуд» ва бошқа манбаларда (Пайғамбар алайҳиссалом): «Эй биродарим, бизни ҳам дуоларингизда унутманг», деганлар, ва шу каби бошқа ҳадислардир.

Учинчиси: Дуо қилувчининг ўзи Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган тарзда, риёкорлик ва амалнинг қабул бўлишига тўсқинлик қиладиган бошқа иллатлардан холис деб билган ўз эзгу амаллари билан тавассул қилишидир.

Бунга далил  «Саҳиҳ Бухорий»да келган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзларидир: «Сизлардан олдин ўтганлардан уч киши [оилаларига ризқ излаб] йўлга чиқишди йўлда ёмғир ёғиб қолди ва тоғдаги ғорга кириб паноҳ топишди. Тўсатдан тоғдан бир катта тош тушиб, ғорнинг оғзини тўсиб қўйди».

Шунда улар бир-бирларига: «Изларимиз ўчди, тош тушди ва жойимизни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳга энг ишончли холис амалларингизни айтиб дуо қилинглар», дейишди.

Улардан бири айтди: «Эй Аллоҳим! Ўзинг биласанки, мен бир аёлга кўнгил қўйган эдим... У менга рози бўлмади, охири унга маблағ таклиф қилдим. Унга яқинлик қилиш имкони туғилганда [Аллоҳдан қўрқиб] уни тарк этдим. Эй Аллоҳим, агар буни Сенинг раҳматингни умид қилиб ва азобингдан қўрқиб қилган деб билсанг, бизни бу қийинчиликдан халос эт! Деб дуо қилган эди, шунда тош учдан бир қисмга сурилди.

Иккинчиси айтди: «Эй Аллоҳим! Ўзинг биласанки, менинг қари ота-онам бор эди. Мен ҳар куни улар учун сут соғиб келардим. Бир куни келганимда улар ухлаб қолишган эканлар, улар уйғонгунича идишни кўтариб, оёқ томонларида кутиб турдим. Уйғонишгач, сутни ичишди. Эй Аллоҳим, агар буни Сенинг раҳматингни умид қилиб ва азобингдан қўрқиб қилган деб билсанг, бизни бу қийинчиликдан халос эт!» Шунда тошнинг яна бир қисми сурилди.

Учинчи киши айтди: «Эй Аллоҳим! Ўзинг биласанки, мен бир куни мардикор  ёллаган эдим. У куннинг ярмигача ишлаб, берган ҳақимга рози бўлмай, уни олмасдан кетиб қолди. Мен унинг ҳақини кўпайтириб, ривожлантириб барча мол-мулкни ягона сармояга айлантирдим. Орадан вақт ўтиб, ўша киши ҳақини сўраб келди. Мен унга: "Мана шу ҳаммасини олавер, хоҳласам фақат биринчи келишилган ҳақингни беришим ҳам мумкин эди", дедим. 

Эй Аллоҳим, агар буни Сенинг раҳматингни умид қилиб ва азобингдан қўрқиб қилган деб билсанг, бизни бу қийинчиликдан халос эт!»

Шунда тош бутунлай сурилди ва улар ғордан чиқиб, ўз йўлларида давом этишди.

Тўртинчиси: Солиҳ кишиларнинг зоти ҳурмати билан тавассул қилиш. Яъни: «Эй Аллоҳим, мен Сенга фалончи билан (унинг ҳурмати ила) тавассул қиламан» ёки «Эй Аллоҳим, Сенинг ҳузурингдаги фалончининг мавқеи ва ҳурмати билан сўрайман», деб айтишдир.

Бу усул тўрт мазҳаб китобларида шаръий деб кўрсатилган. Уларнинг бунга келтирган далилларидан бири  «Сунани Насоий ал-Кубро»да Усмон ибн Ҳунайф ҳадиси орқали келган: Абу Умама ибн Суҳайль ибн Ҳунайф амакисидан ривоят қилишича: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, «Эй Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, кўзимни очсин». У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бўлмасам, шундайлигича) қолдирайинми?» дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ! Кўзим ожизлиги менга жуда оғирлик қиляпти», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бас, бориб таҳорат олгин, сўнг икки ракaат намоз ўқи, кейин шундай деб дуо қил: "Эй Аллоҳим! Мен Сендан сўрайман ва Раҳмат пайғамбари бўлмиш Набийинг Муҳаммад алайҳиссалом билан Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Мен кўзим очилиши учун сиз орқали Роббимга юзланмоқдаман. Эй Аллоҳим! У зотнинг мен ҳақимдаги шафоатларини қабул эт ва менинг ҳам ўз ҳақимдаги дуоимни қабул қил"».

Шундан сўнг у киши қайтиб келди ва Аллоҳ унинг кўзини очган эди.

Шундай экан,ёшларимиз ўз эьтиқодларини тўғирлаб олишлари ва Аллоҳдан хидоят қилишини доим сўраб боришлари лозим бўлади.

Урганч шахар Мискин бобо масжиди имом-хатиби Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси  Қ. Машарипов