16.09.2022

ДУНЁ НИГОҲИ САМАРҚАНДДА

Бугун бутун дунёнинг нигоҳи жонажон ватанимизнинг Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтаётган ШҲТнинг навбатдаги саммитида. Ўзбекистон бугунга қадар жами ШҲТ саммитларига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, барча анжуманлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган. Бу сафарги саммит “Буюк ипак йўли”нинг чорраҳасида жойлашган азим ва улуғвор Самарқандшаҳрида ўтказилмоқда. Самарқанднафақат мамлакатимиз балки дунё илм-фани, маданияти, тарихи учун беқиёс ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан юрт ҳисобланади. “Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”, — дея ёзади президент ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида. 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур саммитда 14 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва таҳлилчилари, сиёсатшунослар иштирок этаётир. Бу эса мезбон мамлакат учун фахр ва ифтихор бағишлаш билан бирга катта масъулиятни ҳам талаб этади.

Маълумки бугун дунё нигоҳи  Ўзбекистонда чунки Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган саммит жуда муҳим ва эътиборли йиғилишдир. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари,  сиёсатшунослар қатнашаётган бу саммитда дунёда бўлаётган глобал муаммоларни ҳал қилиш ва ўзаро ҳамкорлик орқали яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Бу саммит яна шуниси билан эътиборлики унга Ўзбекистон рахбарлик қилмоқда ва президентимиз томонидан муҳум таклифлар ўртага ташланмоқда.

Албатта бундай ҳамкорлик йиғилишларидан кўзланган пировард мақсад тинчликни асраш масаласи  бўлади десак муболаға қилмаган бўламиз.

Динимизда ҳам яхшилик ва тинчлик ишида ҳамкорлик қилишга буюрилади.

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда биз мўминларга хитоб қилиб бундай дейди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси 2-оят)

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли ҳил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг хикматларидан бирини бундай баён этади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13). Аллоҳ таоло мазкур оятда “Эй, инсонлар!” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик.

Шундай экан азизлар юртимизда бўлиб ўтаётган бу саммит динимиз талабларига жуда мос келади дея бемалол айта оламиз.

Ўзбекистон рахбарлигида ўтаётган бу саммит давлатларни тинчлик ва тараққиёт йўлида бирлаштирсин. Юртимиз бунданда обод бўлиб, тинчлигимиз бардавом бўлсин.

 

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar