03.11.2022

МЎЪМИНЛАР ЎЗАРО АКА-УКАДУРЛАР

Ислом дини, ўзаро аҳл-иноқ, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:   

яъни:  “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида бундай деганлар: 

﴿ المُسْلِمُ أخُو المُسْلِمِ ﴾ (رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)

яъни: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир (Имом Бухорий ривоятлари). 

Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ака-ука ва биродар бўлганларидан кейин, улар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар мавжуд. Шулардан бири мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар: 

﴿المؤمنُ مرآةُ المؤمنِ﴾  (رواه الإمام أبو داود عن أبي هريرة  رضي الله عنه)

яъни:  “Мўмин мўминнинг кўзгусидир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демак, мўмин киши биродари учун кўзгу вазифасини бажариб, уни билиб-билмасдан қилган саҳву хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди. 

Демак, мўминнинг қалби бошқаларга нисбатан соф ва ҳар қандай ғиллу-ғашдан холи бўлиши керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромлардан бирларига уч марта Жаннатни башоратини бердилар. Шунда, Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу у кишини уйларида меҳмон бўлиб, уч кун амалларини кузатдилар. Лекин ҳеч қандай ортиқча амални кўрмадилар. Кейин, у саҳобадан Абдуллоҳ ибн Амр: “Қайси амалингиз туфайли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага эришгансиз?” – деб сўрадилар. У зот: “Сиз кўрганингиздан бошқа нарса йўқ. Лекин кўнглимда бирор мусулмонга нисбатан ғиллу ғашлик сақламайман ва Аллоҳ унга берган нарсага ҳасад қилмайман”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ҳа, мана шу нарса сизни ушбу даражага олиб чиққан экан”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фуқаролар, айниқса ўспирин ёшлар ўзини мусулмон биродарига душманчилик ёки жоҳиллик қилиб, ҳар хил совуқ қуроллар билан бир-бирини жонига қасд қилмоқда ёки тан жароҳатлари етказмоқда. Ваҳоланки, мусулмон бошқа мусулмонга қурол билан ҳамла қилиши ёки қурол кўтариши асло мумкин эмас ва динимиз буни қаттиқ қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: 

﴿مَن حَمَلَ عليْنا السِّلاحَ فليسَ مِنَّا﴾(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)

яъни: “Ким бизга қурол кўтарса, у  биздан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин! Зеро, у билмайдики, Шайтон қуролни унинг қўлидан чиқариб юборса, у Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бировга қурол ўқталиш дейилганда, фақатгина ўқотар қуролни тушунмаслик керак, балки барча турдаги тиғли буюмлар ҳам шундай қурол қаторига киради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жанжаллашган икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилганга ҳам жуда катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:

﴿ألا أخبرُكُم بأفضلَ من دَرجةِ الصِّيامِ والصَّلاةِ والصَّدَقةِ قالوا بلَى قال إصلاحُ ذاتِ البينِ﴾ (رواه الإمام الترمذي عن أبي الدرداء رضي الله عنه)

яъни: “Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми? Шунда саҳобалар: “Ҳа”, – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ўртани ислоҳ қилиш”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари). 

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи кимсалар бировларнинг ўзларига хос, бошқага маълум қилиши мумкин бўлмаган суратлари, видео ёки маълумотларини бошқаларга ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилмоқдалар. Мақсади – маълумот эгасини айбини ошкор қилиб, шарманда қилишдир. Мана шундай ҳолатда бир мусулмоннинг обрўсини тўкиш асло мусулмончиликка тўғри келмайди. Эълон қилувчини юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, бу дунёни ўзида Аллоҳ шарманда қилади ва Қиёмат кунидаги аҳволи эса жуда оғир бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизга тавфиқ ва ҳидоят берсин.

 

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ислом

билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar