24.11.2022

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ БИЛАН УЙҒУНЛИГИ

 

Одамлар турли минтақаларда яшайдилар. Уларнинг иқлим шароитлари, ҳаёт тарзлари, урф-одат ва қадриятлари ҳам фарқли. Барча замон ва маконларга мос ҳамда одамларнинг барча талабларига жавоб бера оладиган Ислом шариати, уларнинг ҳаёт тарзларига муносиб ҳукмларни келтириши жуда муҳимдир. Ана шу вазифа айнан мазҳаблар томонидан юзага чиқарилган.

Биламизки, Марказий осиё ҳудудлари неча асрлардан буён ўз диний қадрият, анъаналарини Ҳанафий мазҳаби асосида бажариб келадилар. Мазҳаблар  ақлий ва нақлий далилларга суяниб, бирор масалада ҳукм чиқариш мобайнида жамиятнинг ва ўша ҳудуддаги одамларнинг ҳаёт тарзлари ва моддий-маънавий муҳитларини назардан четда қолдирмаганликлари ойдинлашади. Мазҳабларни ўзаро қиёсий таҳлил қилинса, уларнинг қандай муҳитдаги жамиятларга муносиб келиши кўринади. Машҳур мутасаввиф ва фақиҳ олим Имом Шаъроний “Мезон” номли китобида Ҳанафий ва Шофиий мазҳабларини бир-бирига қиёслаб, шу хулосага келади: “Ҳанафий мазҳаби кўпроқ маданий муҳитда яшайдиган ва савияси юқорироқ бўлган жамиятларга муносибдир. Шофиий мазҳаби эса, маданийликдан кўра, кўпроқ бадавийликка яқинроқ жамиятлар ҳаётига муносиб келади”.

Марказий Осиё минтақасига Ислом дини кириб келиши билан қисқа вақт оралиғида, халқлар томонидан кўнгилли равишда қабул қилинди. Бу жараённи Тошкент ислом университети олими Абдулҳаким Шаръий Жузжоний шундай ифодалайди: “Ўрта Осиё халқлари дастлабки босқичларда ислом ғояларини ташувчи арабларга қарши туриб, оғир курашлар олиб борган бўлсалар ҳам, аста-секин ушбу ғоялар уларнинг ҳаётий манфаатларига мос эканлигини тушунганларидан кейин, уни қабул қилиб, ислом динининг ҳомийларига айландилар. Айниқса, Х-аср аввалларига келиб, туркий халқларнинг кўпчилиги бирин-кетин кўнгилли равишда исломга ўта бошладилар”.

Юртимизга Ислом дини кириб келган ва халқларнинг ҳаётига сингиб бориш даврида, бу ерда Ҳанафий уламоларидан кўра Шофиий мазҳаби уламоларининг таъсири катта бўлган. Юртимиздан етишиб чиққан дастлабки давр ислом уламолари Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлмаганлар. Бунга Имом Термизий (824-892) каби муҳаддисларни ва Қаффол Шоший (903-976) каби фақиҳларни мисол қилишимиз мумкин. Ҳаттоки, Қаффол Шоший яшаган даврда Мовароуннаҳрда Ҳанафийлик унчалик мустаҳкам ўрнашмаган эди. Мазҳабларнинг бу ҳудудга тарқалиши даврида Ҳанафийлик устун келди. Бу ҳақда  Абдулҳаким Шаръий Жузжоний шундай ёзади:   

“Ўрта Осиёга ислом дини кириб келиши биланоқ, бу минтақада унга мансуб турли мазҳаблар, ақидавий оқимлар ва фиқҳий йўналишлар ҳам тарқала бошлади. Марв шаҳридан тортиб, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларигача мазкур мазҳаб ва оқимларнинг рақобат марказларига айланиб, уларнинг тарқалиши ёки майдондан чиқиб кетиши ва барча соҳаларда Ҳанафий мазҳаби қатъий ғалабага эришишининг гувоҳи бўлди”.

Шу ўринда, Ҳанафийлик халқимиз ҳаётига чуқур сингишида қандай омиллар сабаб бўлди, деган ўринли савол туғилади. Ҳанафийлик бу ҳудудда мустаҳкам ўрнашишига, бу ҳудудда яшайдиган халқларнинг Исломдан олдин ҳам маданий ҳолатда яшаганликлари асосий сабаблардан бири бўлган. Марказий Осиёда маданият, санъат, давлатчилик ва бошқа мустаҳкам жамият асослари олдиндан мавжуд бўлган. Халқларнинг маданий ҳаётлари ва савияларига тўлиқ мос келадиган мазҳаб, уларнинг ҳаётларидан мустаҳкам ўрин олиши табиийдир. Аниқ мисолларга ўтамиз: 

Биринчи мисол: Ҳанафий мазҳабига кўра, намозда имомга иқтидо қилган киши имомнинг орқасида қироат қилмайди, чунки имомнинг қироати унинг учун кифоя қилади. Шофиий мазҳабида эса, муқтадий (имомга эргашган киши) имомнинг қироатига кифояланмасдан, ҳар ким ўзи учун қироат қилади. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя.1-жуз. 304-бет)

Маданий халқлар одатига кўра, бирор масалани кўтариб чиқишда ва халқ дардини арз қилишда бутун жамоа номидан бир киши гапиради ва бошқалар уни тасдиқлаб, қўллаб-қувватлайди. Унчалик маданийлашмаган ва саҳроларда яшайдиган одамлар эса, ўз муаммоларини ўзлари мустақил равишда ҳал қилишга одатланганлар. Одатлардаги бундай фарқли жиҳатлар ибодатларда ҳам ўз аксини топган. Шунинг учун, маданий халқлар ичида кенг тарқалган Ҳанафийликда намозда бутун жамоат номидан бир киши (имом) қироат қилиб, Аллоҳ таолога мурожаат қилади. Бошқалар эса, “омийн” деб уни тасдиқлаб туради. Шофиийликда эса, ҳар бир киши намозда Аллоҳга ўз дардини ўзи арз қилиш маъносида, ўзлари қироат қиладилар. 

Иккинчи мисол: Ҳанафий мазҳабига кўра, кийим ёки баданга оз миқдорда (оғир нажосат бир дирҳамгача (3 грамм) ва суюқ нажосат кафтнинг чуқури миқдорича теккан бўлса, зарар қилмайди ва у билан намоз ўқиш мумкин. Шофиий мазҳабида эса, нажосат жуда оз миқдорда бўлса ҳам, уни ювиш шарт бўлади. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя.1-жуз. 178-бет)

Шаҳар жойларда ёки аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда кийим ёки баданга теккан нажосатни ювиш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермаслиги мумкин. Чунки одамлар кўрмайдиган пана жойларни топиш қийин. Қишлоқ, тоғ ва саҳроларда эса, пана-пастқам ва одамлар кўрмайдиган  жойларни топиш имконияти мавжуд. Шунинг учун шаҳарликларнинг ижтимоий муҳитларига мос келадиган Ҳанафийликда кичик миқдордаги нажосатларни ювмасликка рухсат берилган. Маданийликдан бироз узоқроқ бўлган минтақалардаги халқлар ҳаётига мос келувчи Шофиийликда эса, бунга рухсат берилмайди.  

Учинчи мисол: Ҳанафий мазҳабига кўра, эркак кишининг қўли унга никоҳланиши мумкин бўлган бирор аёлнинг баданига тегса, ёки аксинча, аёл кишининг қўли эркак кишининг баданига тегса, таҳорат бузилмайди. Шофиий мазҳабига кўра эса, бундай иш билан таҳорат бузилади.

Шаҳар жойларда (масалан бозорда, ҳозирги кунда жамоат транспортларида) одамлар кўплиги сабабли беихтиёр эркак ва аёллар бир-бирларига тегиб кетиши мумкин. Лекин қишлоқ жойларда эса, бундай эҳтимол мавжуд эмас. Ҳатто эркак ва аёллар бир-бирларига яқин масофада ҳам юрмайдилар. Шаҳарликларнинг заруратларини ҳисобга олиб, бундай ҳолларда таҳоратни қайтадан қилмасликка Ҳанафийлар рухсат берганлар. Саҳро ва тоғларда яшайдиган халқларнинг хаёт тарзларини назарда тутиб, Шофиийлар бу ҳолатда таҳорат бузилади деганлар. Бу ишнинг тарбиявий аҳамияти ҳам мавжуд. Одамлар кўп бўлган жойда бирор эркакнинг бегона аёлга тажовуз қилиш эҳтимоли йўқ. Лекин тоғ ва чўлларда эса, одамлар жуда кам бўлгани учун эркак киши бегона аёлга тажовуз қилиш эҳтимоли мавжуд. Бу ҳам исломдаги ҳукмлар ҳар қандай жамиятларга мос эканлигини кўрсатади.

Юқорида келтирилган мисоллар ва таҳлиллардан сўнг хулоса қилишимиз мумкинки, юртимиз ҳали Ислом дини Ўрта Осиёга кириб келишидан олдин ҳам дунё маданияти ва тамаддунининг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Аждодларимиз исломни қабул қилганларидан сўнг, ўзларининг маданий ҳаётларига муносиб бўлган Ҳанафийлик мазҳабини танлаганлар. Агар бу мазҳаб қонун-қоидалари халқнинг савияси ва ҳаёт тарзлари талабаларига жавоб бермаганида эди, бу қадар мустаҳкам сингиб кетмаган ва бу юртдан бунчалик кўп алломалар етишиб чиқмаган бўлар эди. Юртимиздан етишиб чиққан фақиҳларнинг деярли барчаси Ҳанафий мазҳаби уламоларидир. Муҳими шундаки, улар бутун Ислом дунёси эътироф этадиган ва Ҳанафий мазҳабида ҳар бир сўзи ва фатвоси эътиборли бўлган олимлардир.  

Собиров Маҳмуджон

 Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси                                                              

                          

Izoh qoldirish

Izohlar