04.02.2023

СУННАТГА ВА ЖАМОАТГА ЭРГАШАМИЗ

Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг ўзаро ихтилофларга кетиб тафриқаланишларидан, бир бирларига душман бўлиб қолишдан қайтарар эдилар. Мўмин мусулмонлар бир-бирлари билан оға-ини, биродар эканлиги Қуръони каримда таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида ҳам мўъмин-мусулмонлар жисмнинг бир аъзосига ўхшаши, унинг бирор жойи оғриса бутун аъзо оғриқ чекканидай, бир мусулмонга озор етса бошқа мусулмонларга ҳам озор етгандай бўлади деб таъкидлаганлар Шундай экан, Расулуллоҳ мусулмонларни бир-бирларига мушфиқ, мехрибон, ўзаро ёрдамчи бўлишларини амр этдилар.

Пайғамбарлик мўъжизаси ўлароқ, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин умматларида бўладиган нарсаларни, уммат бошига тушадиган қийинчиликларни, етмиш уч фирқага бўлиниб кетишларини башорат қилган эдилар. Расулуллоҳнинг башорат берганларидай ўша фирқалар ва турли тоифалар ислом тарихида юзага кела бошлади. Тарихда бундай фирқалар ислом умматининг бошига оғир кулфатларни солган. Бугунги замонда турли янгидан-янги даъволарни иддао қилиб чиқаётган фирқалар ва оқимлар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Ушбу оқимларнинг барчаси ўзларини “биз тўғри йўлдамиз”, деб, эътироф этмаган ва уларга қўшилмаган мусулмонларни кофирга чиқаришиб уларни қонини ва молини ҳалол санашмоқда.

Такфирчи тоифаларнинг сабабидан яқин шарқда 2016 йил мобайнида 4900 нафар одам денгизга ғарқ бўлиб халок бўлган. Улар орасида эмизикли болалар, норасидалар, аёллар, қариялар борлиги айтилмоқда. Шунча кулфатларни ўз мусулмон биродарлари бошига солиб, заррача қилмишидан пушаймон бўлмаётган, шафқат нималигини билмаётган инсон қиёфасидаги вахшийларни қайси қилмишлари мусулмоннинг ишига ўхшайди. Илгари ибодатли инсонларни кўрганда улардан ёмонлик чиқмаслиги сабаб уларга нисбатан омонатдорлиги учун ишонч бор эди. Такфирчиларнинг бу шум феъллари ўлароқ ҳамма мусулмонларга шубха билан қарайдиган, улардан хавфсирайдиган бўлиб қолинди.

Ғайридинлар томонидан эса Ислом террор дини дея таъналар отилишига, миссионерлар эса бу фурсатдан фойдаланиб эътиқоди заифларни ўз таъсирларига туширишга осон васила бўлмоқда. Бу адашган тоифалар мусулмонларни такфирга чиқарувчи, мусулмонларни қонини тўкувчи, босқинчилик талончилик қилувчи, ҳаром қилинган нарсаларни, кўнгли истаса ҳалол санаб кетаверадиган инсонлар муқаддас Ислом номини ёмон отлик қилиш ва мусулмонларни бошларига кулфат солишдан бошқа иш қилишмаяпти. Афсуски, ёшларимиз ушбу такфирчи бемазҳабларнинг жимжимадор ёлғон чақириқларига ишониб, уларга алданиб қўшилиб қолиш холатлари ҳали хануз кузатилмоқда.

Аҳли илмларимиз ёшларни ўз вақтида огохлантириб, хақ йўлни кўрсатиб беришлари, турли чақириқларга алданиб қолмасликлари учун уларга ахли сунна вал жамоа йўлидан боришни уқтиришлари лозим. Маълумки, турли тоифа оқимларнинг барчаси фақат ўзининг йўлини тўғри дейди ва уни исботлаш учун далиллар келтиришга ҳаракат қилади. Бундай чақириқ ва даъватлар бўлаётганда инсон нима қилиши керак. Ахли сунна вал жамоа ақидасидан бехабар инсон уларни осонгина қармоғига илиниб қолмоқда. Шунинг учун суюкли Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Умматим асло залолат устида жам бўлмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларингиз саводи аъзам билан бўлинглар» деганлар. Уламолар “саводи аъзам”ни катта жамоат деганлар. Бунга яна бир мисол, Қуръони каримда Аллох таоло: «Албатта, зикрни биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» (Хижр сураси, 9-оят).

Қуръони каримни Аллох таоло соф ҳолатда сақланишини ўз муҳофазасига олгани ушбу оятда келтирилмоқда. Маълумки, бугунги кунда дунё мусулмонлари Қуръони каримни Ер юзида бир хил тиловат қилишади. Қуръони каримнинг соф сақланишига бир хил қилиб чоп қилиниши эмас, балки қорилар жамоасининг Қуръони тиловатида устоздан шогирдга ўтишдаги тўғри таълимдандир. Агар бирорта қори Қуръони каримни озгина хато ўқиса, уни дарров қорилар тўғирлаб қўйишади. Мана шу сабаб Қуръони каримни бузишга ҳаракат қилган дин душманлари ҳам ўз қабих ниятларига эриша олишмаган. Худди шунга ўхшаган уламолар жамоати ва уларнинг ақидавий ва фиқҳий масалалардаги иттифоқлари орқали дин софлигини асраб турилади. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳар бир инсон яхши билиши ва шу ақидада мустаҳкам бўлиши фарзи айн ҳисобланади. Зероки, Сўфи Оллоёр ўзларининг “Саботул Ожизин” асарларида шундай деганлар:

Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар мин йил амал деб қилса елдур.

Ислом тарихида турли оқимларнинг юзага келиб мусулмонлар бошларига оғир кулфатлар солганлиги сабабли кейинги уммат хатога йўл қўймаслиги учун Аҳли сунна вал жамоат ақидасини ўзида ифода этган Қуръон, суннатга, сахобалар тутган йўлларига асосланиб ақида илми шаклланган. Бу борада биринчилардан бўлиб мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Ал фиқхул Акбар» асарларини ёздилар. Шундан сўнг ҳанафий мужтаҳидлари фатволари асосида 229 хижрий санада таваллад топган Мисрлик Абу Жаъфар Муҳаммад Ат-Таховий ўзларининг «Ал-Ақида ат-таховия» номли ақидага оид асарини ёздилар.

Асарнинг ёзилганига 1200 йилга яқин вақт ўтган бўлсада бугунги кун учун ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Ушбу асарни тўрттала мазҳаб уламолари ҳам севиб ўқишади ҳамда хали бугунгача ушбу асар диний таълим даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилади. Унга турли даврларда кўплаб шарҳлар ёзилган. Яна мақсадга келсак. Ушбу асарда «суннатга ва жамоатга эргашамиз, нодир ва хилоф нарсалардан ва тафриқадан четда бўламиз» деган матн мавжуд. Мана шу қоидага мувофиқ хар қандай оқим ёки жамоанинг иддао қилаётган даъволари аҳли сунна вал жамоа ақидасига, фиқхига мувофиқми ёки йўқлигини юқоридаги мезонга солиб кўришимиз керак. Агар у аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ бўлса тўғри билишимиз ва агар номувофиқ бўлса ўшандан ўзимизни четга олишимиз керак. Агар бирор масала бирор оқим томонидан иддао қилиб чиқилса-ю, ўша масалага аҳли суннат вал жамоат ақидасига зид эканлиги учун бошқа уламолар томонларидан эътироз билдирилиб, раддиялар берилса ўша масала мардуд, яъни рад қилинган ҳисобланади. Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳ бу хусусда ҳам шундай деганлар:

Яқин билмоқ жамоат эътиқодин,
Кейин солмоқ мухолиф ижтиходин.

Шу мезонга асосан такфирчи, вайронкор, бузғунчи, талончи, қаттол жамоаларни қилаётган ишларини қоралаб дунёнинг кўзга кўринган уламолари раддиялар ёзишди. Хатто, ўзларининг хайрихоҳлари ҳам уларни “Исломнинг биринчи душмани”, деб эълон қилишди. Мана шунинг ўзи ушбу қаттол жамоани динда адашган, ғулувга кетган жамоа эканилигини тасдиқлайди.

Аҳли сунна вал жамоага зид ва хилоф ўлароқ бундан 200 йил аввал юзага келиб суннийликдаги тўртта фиқҳий мазҳабларни инкор қилган бемазҳаблар (аслида улар ҳам “фалоний”нинг издошлари ва унинг мазҳабидагилар, уни йўлидан бориб мусулмонларни кофирга чиқарганлар) мусулмонларга, уларга раддия билдирган аҳли суннанинг уламоларига террор уюштиришни бошлаб берди. Улар аввалида ўзларини фалонийлар деб номлашган бўлишса, у қўштирноқ ичидаги террорнинг отаси бўлган зотнинг қора қилмишлари бутун ислом оламига маълум бўлганидан сўнг уларнинг издошлари ўзларини гўёки, Қуръон ва Суннатни ушлаганлармиз ёки манҳажи салафи солиҳлар йўлидан борганлармиз дея ўзларини қора ишларини ниқоблашга ўтишди. Кейингилари эса биз Аҳли сунна вал жамоамиз, дея қўй териси билан ёпинган бўрига ўхшаб ўзларини манфур қилмишларини давом эттиришга, оммани ўзларига ишонтиришга ҳаракат қилишди. Аҳли сунна уламолари томонидан уларнинг даъволари ва қилмишлари нотўғрилигини исботловчи, умматни бемазҳаблар фитнасидан огоҳлантирувчи юзлаб китоблар, минглаган илмий мақолалар ёзилди ва ёзилмоқда. Аслида ислом мамлакатларини парчалаб юборилишига сабаб бўлган бу манфур тоифа энди гуё ислом давлати ниқобида Яқин Шарқ мамлакатларини хонавайрон қилиб, ҳали хануз охири кўринмаган уруш ботқоғига ботириб қўйди.

Шу ўринда уларнинг мақсадлари хақиқатда Исломми деган саволга жавоб бериш керак. Суриялик бутун ислом оламига машхур Шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ИШИД ҳақида шундай деган эдилар: “Ислом давлатини ташкил этишни даъво қилган ҳолда, мусулмонларнинг юртларида урушлар чиқариб, буни жиҳод деб эълон қилаётган одамлар, аслида Исломни йўқ қилиш учун ҳаракат қилмоқдалар. Бу ишларда уларга учинчи кўринмас кучлар ёрдам бермоқдаларки, улар аввал террористик ҳужумларни амалга оширишга ўзлари буйруқ берадилар, сўнгра ўзларига тегишли оммавий ахборот воситалари орқали бутун дунёга ислом экстремизмининг хавфи ҳақида жар соладилар-да, бу ишларда ўз иштироклари фош бўлиб қолмаслиги учун ҳийлакор иккиюзлама сиёсат юритадилар” деган эди. Бу йирик олим ислом умматини бу ёвуз оқимларнинг фитнасидан огоҳ қилиш учун бир неча китоблар ёзган ва бахс мунозаралар олиб борган эдилар. У киши Дамашқ шаҳридаги масжидда маъруза қилаётганларида, масжид такфирчилар томонидан портлатилиб, 84 ёшли Рамазон Бутий ҳамда масжидга ибодат қилиш учун келган қирққа яқин бегунох инсонлар шахид қилинди.

 Шуларни эътиборга олиб, 2016 йилнинг август ойи охирида Чеченистоннинг Грозний шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда мусулмон мамлакатларда бегунох мусулмонларни қонини тўкаётган такфирчи бемазҳабларни аҳли сунна вал жамоадан эмас, деб қарор қабул қилинди. Ушбу конференцияда ислом оламининг кўзга кўринган 200 нафар уламолари қатнашди. Улар орасида нуфузли жомеаларнинг рахабарлари, жумладан Мисрдаги Ал-Азҳар жомеасининг шайхи Аҳмад Тоййиб ҳам қатнашди.

Юқорида келтирилган мисоллар ҳамда далиллардан келиб чиққан ҳолда бугунги кундаги ёшларимиз ҳар хил жимжимадор чақириқларга алданиб, уларга ишониб кетавермасликлари зарур. Бунинг учун эса Мотуридийлик йўналишидаги Аҳли сунна вал жамоат ақидасини яхши билиши ҳамда ўзи рўбарў бўлган ҳар қандай диний масалада аҳли суннанинг ақида мезонларига қай даража мувофиқ ёки номувофиқлигини билиб олиши лозим бўлади. Яратган ҳеч биримиз тўғри йўлидан адаштирмасин.

Фахриддин Ар-Розий ислом
билим юрти мудири Д.Абдуқадиров

Izoh qoldirish

Izohlar