16.04.2025

МУТАШОБЕҲ ОЯТЛАР БОРАСИДА АҲЛИ СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ ЙЎЛИ

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг сифатлари учга бўлиб ўрганилади:

Биринчиси зотий сифатлар. Уларнинг сони чекланган бўлиб, етти-саккизтадан ошмайди. Аллоҳ таолонинг иккинчи сифатлари феълий ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларидан ташқари учинчи – муташобеҳ сифатлари ҳам бор. Аллоҳнинг зоти ва сифатлари баён этилган оят ва ҳадисларда айрим зот ва сифатлар зоҳирий маъносига кўра одамзотнинг  зот ва сифатларига ўхшаш тарзда зикр қилинган. Оят ва ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган, аниқ маъноси қоронғу, инсоннинг ақлини шоширадиган бу хилдаги иборалари «муташобеҳ» (бир-бирига ўхшайдиган ёки шубҳали) деб аталиб келади. 

Муташобеҳ оят ва ҳадислар борасида аҳли суннанинг салаф уламолари тутган йўллари "тафвийз" (تفويض) яъни маъносини Аллоҳга топширишдир. Кейинги келган халaф уламоларнинг бу борадаги йўллари эса "таъвил" (تأويل) яъни маъносини Аллоҳ таолонинг зоти ва жалолига муносиб луғат билан ифодалаш керак, дейдилар.

Ашъарийлар — халaф уламоларнинг "таъвил" йўлини лозим тутадилар. Мотуридийлар — салаф уламоларнинг "тафвийз" йўлини лозим тутадилар, лекин зарурат бўлганда "таъвил"ни ҳам жоиз деб биладилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг йўлидан адаштирмасин, адашган тоифаларга инсоф ва тавфиқ берсин!!

ОТАБЕК Жаббаров

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 3-курс талабаси.