Раҳбар ва ишбошиларга бўйсуниш масаласи ҳақида
Ислом таълимотида итоатнинг кўринишларидан бирида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).
Ушу ояти каримада келган “ўзингиздан бўлган ишбошилар”ни баъзи муфассирлар “уламолар” дея тафсир қилишган.
Ибн Жарир Табарий “иш бошилар”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “Улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).
Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, мусулмон киши аввало Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши лозим бўлади.
Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўътабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган:
وَلَا نَرَى الْخُرُوجَ على أَئِمَّتِنَا وَوُلَاة أُمُورِنَا، وَإِنْ جَارُوا، وَلَا نَدْعُو عَلَيْهِمْ، وَلَا نَنْزِعُ يَدًا مِنْ طَاعَتِهِمْ، وَنَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طَاعَة الله عَزَّ وَجَلَّ فَرِيضَة، مَا لَمْ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَة، وَنَدْعُوا لَهُمْ بِالصَّلَاحِ وَالْمُعَافَاة
яъни: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.
Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
" مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ الله ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَى الله ، وَمَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنِي،
وَمَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانِي " (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه) .
яъни “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
" اسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَإِنْ اُسْتُعْمِلَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ حَبَشِيٌّ كَأَنَّ رَأْسَهُ زَبِيبَةٌ " (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالإِمَامُ أَحْمَدُ).
яъни: “Қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший бошлиқ этиб тайинланган бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Раҳбарга қарши исён – аслида хаворижларнинг тутган йўлидир. Хаворижлар хатто улуғ саҳобий ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг раҳбарлигини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, Ислом тарихида биринчи исёнга асос солган тоифа бўлган. Афсуслар бўлсинки, ҳазрати Алидек улуғ зотнинг раҳбарлигига қарши чиққан ушбу тоифанинг издошлари хозиргача мавжуд.
Имомат баёни.
Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу:
Имоме шарт бўлди ҳар диёра,
Ҳудуди шаръ, то турғай қарора.
Юрутгай, то шариъятнинг қиёмин,
Тақи қилғай ёмонлар эҳтимомин.
Агар чандики султон бўлса фосиқ,
Буюрса иш шариъатга мувофиқ.
Қилурмиз жону дил бирла итоат,
Ўзи бўлса агарчи беқаноат.
Эмасдур шарт, имом ул бўлса маъсум,
Қилибдур шарт, аммо шиъайи шум.
Итоатли бўлишнинг бир қанча ҳикматлари бор: жамият тинчлиги ва унда тартиб-қоидалар ўрнатилиши, фитна ва бузғунчиликларнинг олди олиниши ва хоказо...
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Агар сизларга боши майиздек (қора) ҳабаш қул бошлиқ қилинса ҳам, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар”.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллох (соллаллоху алайхи ва саллам) бизни чақирдилар, у зотга байъат (ваъда) қилдик. Жумладан, яхши ёки ёмон кўрган ишларимизда, танглик ё фаровон бўлган пайтларимизда ҳам бошлиқларга қулоқ солиш, итоатли бўлиш ва улар билан низолашмасликни ваъда қилдик. “Фақат уларда Аллоҳ далил-ҳужжатини билдирган очиқ куфр содир булганини кўрсангиз, итоат қилмангиз”, дедилар.
Имом Муслим Авф ибн Молик (розияллоху анху)дан ривоят қилади: Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бошлиқларингизнинг яхшироғи сизлар яхши кўрган ва сизларни ҳам яхши кўриб, ҳақингизга дуо қиладигани ҳамда сизлар ҳам ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Раҳбарларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрган ва сизларни ҳам ёмон кўрадигани ҳамда сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ уларга қилич билан қарши турмайликми?’’ деб сўрашди. Шунда Расулуллох (соллаллоҳу алайхи ва саллам): “Ибодатда қоим бўлишаётган экан, ундай қилманг. Агар уларда ёқтирмаган бирон нарсани кўрсангиз, ўшанигина ёмон кўринг. Лекин итоатли бўлинг!” дедилар.
Демак, фосиқ бўлишса ҳам, бошлиқларга Аллоҳга гуноҳ бўлмайдиган ўринда итоат қилиш лозим. Ушбу ақида Аҳли сунна вал жамоани бошқа ёт оқимлардан ажратиб туради. Ёт бидъатчи тоифалар эса бошлиқлари зулм ё гуноҳ иш қилишса, уларга қарши қурол кўтаришни ўзларига жоиз, деб билади.
✍️ «Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби - Эгамберганов Бобурбек томонидан тайёрланди.
УЗ
РУ
EN
العربية