Бағрикенглик тинчлик гарови
Ҳар қандай мамлакатнинг ривожланиши, тараққиёти учун, аввало, тинчлик қарор топган бўлиши, барқарорлик ҳукм сурган бўлиши, мамлакатда мувозанат юзага келган бўлиши зарур. Тинчлик, барқарорлик, жамиятдаги мувозанат фақатгина диний бағрикенглик, виждон эркинлиги ҳамда миллатлараро тотувлик кафолатланган мамлакатдагина рўёбга чиқади. Бугунги кунда дунёнинг қайси жойида можаролар, қуролли тўқнашувлар бўлаётган бўлса, биз юқорида келтириб ўтган мезонлар бузилгани сабабли юзага келганини кўрамиз.
Тарихда миллатчилик, ирқчилик, ўз эътиқодидан бошқаларга бетоқатлик катта урушларга сабаб бўлиб, халқларнинг бошларига оғир кулфатларни солганлигига кўплаб мисоллар мавжуд. Бугунги кунда айрим мамлакатларда тарихдан сабоқ чиқармасдан, ҳали-ҳануз миллатчиликнинг давом этиши, фан-техника тараққий этган бир даврда ҳам шундай ҳолатларнинг юз бериши ачинарли ҳол бўлиб, бу оғир оқибатларга олиб келмоқда. Айрим ҳолларда эса миллатлар ўртасида жанжал чиқариш, уларнинг ўртасини бузиш ва шу орқали ташқаридан туриб давлатлар ривожини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар ҳам борлигини истисно қилиб бўлмайди.
Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Жумладан, мустақил Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар битта миллатнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиб, барча миллатларнинг тенглиги Конституция билан кафолатлаб қўйилди. Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир миллатнинг миллий урф-одатлари, тиллари, маросимларини тўла-тўкис бажаришга имконият яратилди. Миллий-маданий марказлар фаолият олиб бориб, уларнинг ўзбек миллати билан баробар тенг ҳуқуқли яшаб, меҳнат қилиши учун шароит яратиб берилди. Юртимизда яшаётган оз сонли миллатларнинг ҳам ўз она тилларида китоблари чоп қилиниб, мактаблари фаолият олиб бормоқда. Мустақил Ватанимизда барча халқларнинг эмин-эркин, бахтиёр ва дўстона ҳаёт кечириши ҳар бир ўзбекистонлик учун ҳақиқий фахр манбаидир.
Ҳар бир фуқаро фарзанд ўстириш, ўқитиш, олдига қўйган орзуларига эришиш, илм ўрганиш, чет элларда таълим олиш имкониятларига эга. Бу эса халқимизнинг ўзаро дўст, биродар, тинч-тотув яшашига асосий гаров бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ҳолат юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ниҳоятда тўғри эканини ўтган вақт исботлаб берди.
Шунингдек, Конституциямизда ягона мафкурадан воз кечилиб, умумэътироф этилган нормалар ва миллий қадриятларимизга, бағрикенглик тамойилига асос солинган. Маълумки, ягона мафкура тарихда кўп оғир оқибатларга олиб келган. Бу эса эркин фикрлашни йўқотишга, бошқа мафкуралар ва эътиқодларга қарши турли чораларни қўллашга олиб келади. Жумладан, дахрийлик ғояларига йўғрилган мустабид совет тузуми ўзлари эътироф этмайдиган ҳар қандай қарашларни рад этиш билан чекланмади, балки уларни синф сифатида тугатишга, жисмонан йўқ қилишгача бориб етди. Ўтган асрнинг йигирманчи–ўттизинчи йилларида фақатгина иймон-эътиқоди учун қанчадан-қанча миллатимизнинг кўзга кўринган зиёлилари, олим ва фозил кишилари қатағон қурбонларига айлантирилди. Бу мафкура асрлар давомида шаклланган қадриятларимизни йўқотишга ҳам қаттиқ қарши курашди. Натижада барча нарсани инкор этиш ғоясига асосланган қизил империя охир-оқибатда тарих саҳнасидан ўчиб кетди.
Хақиқат қарор топиб, мустамлака занжирлари узилди. Халқимизнинг юз йилдан ортиқ кутган мустақиллик кунига Яратганнинг ўзи етказди. Ватан озодлиги, шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари, ўз йўлини ўзи танлаш имконияти, виждон эркинлиги қўлга киритилди. Шу жумладан, Конституциямизда виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди, эътиқоди туфайли камситиш ва ҳуқуқларни поймол қилишга йўл қўйилмаслиги қонунан белгилаб берилди. Бунинг натижасида юртимизда барча дин вакиллари ўзаро дўстона, ҳамжиҳат ва бахтиёр ҳаёт кечирмоқдалар.
Муқаддас Ислом динмизнинг эзгу ғоялари хам шуни тақозо этади. Динимиз азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (бошқа дин вакиллари) га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин» (Моида, 2); «Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!» (Оли-Имрон, 103); «…Ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш ҳам жонига тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз!)» (Нисо, 90). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши эди, эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. Халифа Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Шом фатҳига жўнаётган қўшинга шундай насиҳат қилган эдилар: «Болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва буталарни кесманг. Туяларни, бошқа ҳайвонлар подасини ўлдирманг… Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг…»
Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ўзга динларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Бу зот Байтул-Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида «Қуддус ал-Кубро» черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортгандилар. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуйаб Иккинчи дўстига ёзган мактубида шундай сўзларни битган эди: «Худо Ўзининг иродасини ато этган… бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Ҳақиқатдан улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатгоҳлармизга ҳурмат билан қарашди» (Ҳорун Яҳё, «Ислом террорни лаънатлайди», Тошкент, )
Ислом номидан ўзларига динни ниқоб қилиб олиб, бошқаларни куфрда айблаб, уларни ўлдиришга, талашга, террор амалиётларини амалга оширишга фатво бериб, хунрезликлар қилаётганларнинг, обод жойларни вайронага айлантираётганларнинг иддаолари қай даражада динимизга ёт эканини юқоридаги мисоллардан билиш мумкин. Шу жумладан, муқаддас Ислом динимиз поклик, эзгулик, бағрикенглик ва адолат дини экани яққол намоён бўлади.
Яратган Парвардигор юртимизни ёмон кўзлардан, офатлардан Ўзи асраб, тинчлигимизни янада барқарор, халқимизни меҳр-оқибатли, дастурхонларимизни тўкин-сочин айласин.
ДАВРОНБЕК домла Абдуқодиров
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мудири.
УЗ
РУ
EN
العربية