
Суннатни инкор қилувчиларнинг даьволари ва уларга раддиялар. (2- қисм)
Суннатни инкор қилувчиларнинг даьволари ва уларга раддиялар. (2- қисм)
Даьвоси:Қурьон Карим барча нарсани ўз ичига қамраб олгани учун хам хадисга хожат тушмайди.
Далили: Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик. Бу оятдаги “Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб”,деган сўзини далил қилиб суннатга хожатимиз йўқ деб даьво қилмоқдалар.
Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар. Бу оятда эса “Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” жумласини зохирини ушлаб хидсларга эхтиёж йўқ деган даьвони илгари сурмоқдалар. Агарда биз суннатга мурожаат қилишга мухтожмиз десак,Қурьонни барча нарсани ўз ичига олишига шак-шубха қилган бўламиз ва бу эса иккита оятнинг хабарига хилоф хисобланади, демоқдалар.
Раддиямиз: Биринчидан: Аллох таоло шарият қоидаларини барча жузларини баён қилмагани хаммага маьлум,Аллох таоло фақатгина шариятни асли-масдарлари каби усулларни баён қилган. Шунингдек,росулуллохни суннатларига амал қилишни вожиб қиладиган усулларни хам баён қилган.
“ Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар.” Ояти билан жавоб берамиз. Уларни далил қилиб келтирган “Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб”,оятига эса Имом Мухаммад ибн Шавконийнинг шу оятни тафсирида айтган қуйидаги сўзи билан жавоб берамиз. У киши айтадилар: Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи эканлигини маьноси шуки, унда кўпчилик нарсани хукми бор,деганидир,қолган баьзи нарсаларни хукми эса суннатга хавола қилинувчи,деганидир.Ва шуни орқасидан росулга эргашиш лозимлиги тўғрисидаги оятлардаги буйруқдан хам буни тушиниб олишимиз мумкин. Бу хақидаги росулуллохни “Менга Қурьон берилган ва Қурьон баробарида яна шунча нарса(хадис)берилган”дедилар.
Иккинчидан: Уларнинг далил қилиб келтирган “Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” оятидаги нарса улар даьво қилаётгандай,ундан Қурьон мурод эмас, балки кўпчилик олимларнинг наздида лавхул-махфуздир.Яьни у бутун мавжудотларнинг умри,ризқи,бахтли ёки бахтсизлиги каби нарсалар ёзиб қўйиладиган нарсадир.Чунки бу оятда барча жонзотлар хақида сўз борган. Яьни” Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар.”дейилган. Агарда бу оятдаги нарсадан мурод Қурьон деб тан олган тақдиримизда хам, Қурьондаги умумий келган оятларни хослаш учун, мужмал келган оятларни тафсилотларини билиш учун, мутлоқ келган оятларни қайдлаш ва мубхам оятларни баён қилиш учун хам яна оят ёки суннатга мухтож бўлишимизни хеч ким инкор қила олмайди. Шунинг учун хам суннат мусулмоннинг хаётини асосий ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Шундай экан, росулуллох ўз замонларида пайдо бўлган кўпчилик ходиса ва хусуматларга Қурьон билан эмас, балки ўз хадислари билан жавоб беришлари хам, хадис хам Қурьон каби хужжат бўлишига асос эканига далолат қилади. Демак,хар бир мусулмон киши суннатни худди Қурьон Карим каби хурмат қилиши ва ўзига дастурул-амал деб билмоғи лозим бўлади.
Урганч туман Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Қ Машарипов