14.07.2026

Намозни бошлашда икки қўлни кўтариш ҳақида

Сохта салафийлар намозга киришдан олдин икки қўлни елка баробари кўтариш борасида ҳанафий мазҳабига хилоф йўлни тутганлар. Ваҳоланки, ҳанафийларнинг бу борадаги далиллари ниҳоятда кучлидир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (агар намозга киришсалар) икки қўлларини елкалари баробарида кўтарардилар» (Саҳиҳул Бухорий, 735-ҳадис).
Ибн Мунзир айтади: «Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришаётган пайтларида қўлларини кўтарганликлари борасида ҳеч қандай ихтилоф қилмаганлар».
«Фатавои Қаффол» китобида: «Абулҳасан Аҳмад ибн Сайёр Марвазий шундай дейди: «Агар намозхон намозга киришаётган пайтда қўлларини кўтармаса намози дуруст бўлмайди. Чунки бу такбир вожибдир. Шунга мувофиқ қўлларни кўтариш ҳам вожиб бўлади. Қолган такбирлар эса бундай эмас (яъни вожиб эмас). Шунинг учун уларда қўллар кўтарилмайди».
Аллома Ибн Ҳазм айтади: «Намознинг аввалида қўлларни кўтариш фарздир. У амалсиз намоз дуруст бўлмайди». Бу гап Имом Авзоъийдан ҳам ривоят қилинган.
Уламолар қўлларни кўтариш ҳолати борасида турлича фикрлар билдиришган: Имом Таҳовий бу борада: «Қўлларни бармоқларини ёзиб кафтнинг ички тарафини қиблага юзлантирган ҳолатда кўтаради», деган.
«Ал-Муҳит» китобида: «Бармоқларнинг ораси очиб юборилмайди», дейилади.
Имом Мовардий: «Ҳар иккала кафтнинг ички тарафларини бир-бирига қаратади», деган.
Аллома Саҳнун раҳимаҳуллоҳдан кафтларнинг ташқи тарафини юқорига, ички тарафини эса пастга қаратиши ривоят қилинган.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бармоқлар орасини бир-бирига ўта ёпиштириб ёки бир-биридан ўта узоқлаштирмайди. Балки уларни ўз ҳолича қўяди».
Шунингдек, қўлларни кўтариш вақти борасида ҳам турлича фикрлар мавжуд. Уларнинг энг машҳури Имом Бухорийнинг ривоятлари бўлиб, у қўлларни такбир билан бир вақтда кўтаришдир.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: «Аввал қўлларни кўтариб, сўнг такбир айтади», деган.
У кишидан келган бошқа бир ривоятда эса: «Аввал такбир айтиб, сўнг қўллар кўтарилади», дейилган.
«Тавзиҳ» асарининг соҳиби айтади: «Асҳобларимиздан ривоят қилинган буларнинг барчаси жоиз. Бироқ уларнинг энг тўғриси қўлни такбир билан бир вақтда кўтаришдир». Имом Аҳмад ва Имом Молик ҳам шу фикрни тасдиқлаганлар.
Қўлларни такбир вақтида қайси миқдорда кўтарилиши борасида ҳам уламоларнинг қарашлари турличадир. Юқоридаги ҳадиснинг зоҳиридан келиб чиқиб, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ханбал раҳимаҳумуллоҳлар қўлларни елка баробарида кўтаради деганлар. Имом Моликдан келган бошқа бир ривоятда эса қўлларни кўкрак баробарида кўтарилиши айтилган. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини бармоқлари қулоқларининг юмшоқ жойига яқинлашгунига қадар кўтарганликларини ривоят қилган».

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни такбир ила очганларини, такбир айтаётганларида икки қўлларини елкалари баробари қилаётганларини, қачон рукуъга такбир айтсалар, худди шундоқ қилишларини, қачон «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», десалар ҳам шундоқ қилиб туриб, «Роббана’ лакал ҳамд», дейишларини, бошқа бир ривоятда: «Қачонки икки ракъатдан турсалар, икки қўлларини кўтарганларини ва буни сажда қилаётганларида ва саждадан тураётганларида қилмасликларини кўрдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар, қўлларини кўтарар эдилар. Сўнгра кийимларига ўраниб чап (қўллар)ини ўнг (қўллар)и билан ушлар эдилар», дейилган.

Шарҳ: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» - Аллоҳ Унга ким ҳамд айтса, эшитади, дегани.

«Роббана’ лакал ҳамд» - Эй, Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин, дегани.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Намозни «Аллоҳу Акбар!» деб такбир билан очилиши.

2. Намозни бошлаган пайтида икки қўлни елка баробарида кўтариш кераклиги.

Ҳадиснинг зоҳиридан такбир айтиш билан икки қўлни кўтариш бир вақтда бўладиганга ўхшайди. Уламолар олдин қўлни кўтариб, кейин такбир айтади, дейишган. Шунингдек, ҳадиснинг зоҳиридан, қўлини елкаси баробар кўтаради, дегани аниқ бир нарсани билишни қийинлаштирганга ўхшайди.

Лекин Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари бош бармоғининг учини қулоқларининг юмшоқ жойига текказади, деганлар. Улар бу гапни ўзларидан чиқармаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳадисларидан далил олиб айтганлар. Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда у киши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўргани айтилган.

Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳовайҳ, Дора Қутний ва Таҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.

Имом ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.

3. Рукуъдан тураётиб, самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, дейиш, кейин эса, «Роббана лакал ҳамд», дейиш.

4. Ушбу ривоятда келишича, намозни бошлашдаги такбирда, рукуъга кетишдаги такбирда, рукуъдан туришдаги такбирда ва икки ракъат ўқиб, биринчи ташаҳҳудга ўтиргандан кейин туришдаги такбирда икки қўл кўтарилади. Саждага кетишда ва саждадан туришда кўтарилмайди.

Шулардан эҳром такбири, яъни, намозга киришдаги биринчи такбирда юқорида васф қилинганидек қилиб икки қўлни кўтаришни ҳамма бир овоздан қабул қилган ва унга амал қилинади.

Рукуъга кетишдаги такбирда ва рукуъдан туришдаги такбирда икки қўлни кўтаришни Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари олган. Биринчи ташаҳҳуддан туришдаги такбирда икки қўлни кўтаришни эса фақат Шофеъий мазҳаби олган. Уларнинг далили ушбу ҳадис. Лекин Ҳанбалий мазҳаби учтадан иккитасини олиб, бирини қолдиргани қизиқ.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари фақат намозни бошлашдаги такбирдагина қўл кўтарилади бошқаларида кўтарилмайди, дейдилар. Ҳанафий мазҳаб нима учун эҳром такбиридан бошқа жойдаги икки қўлни кўтаришни олмаганларини батафсил баён қиладилар.

Аввало Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабининг далиллари хабари воҳид, яъни, оз кишилар томонидан ривоят қилинади. Машҳур ёки мутавотир даражасига етиб кўпчилик кишилар томонидан ривоят қилинмаган. Намозга ўхшаш ҳар куни беш марта фарз бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб, ўн минглаб одамларнинг олдида қайта-қайта ўқиган нарсада бу ҳол бўлиши мумкин эмас. Намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўқиганлари ҳақидаги тўлиқ, мутавотир ва машҳур ҳадисларда эса такбири эҳромдан бошқа жойда икки қўлларини кўтарганлари ривоят қилинмаган. Шунинг ўзи рукуъда, икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг кучини қирқади.

Иккинчидан, Абу Довуд, Таҳовий ва Ибн Абу Шайбалар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни бошлашга такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойларигача кўтарар, сўнгра уни қайтармас эдилар», дейилган.

Учинчидан, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари далил қилиб келтираётган ҳадис насх бўлгани яъни, амалдан қолгани - ҳақида ривоятлар бор. Яъни, намоз янги жорий бўлган пайтда икки қўлни рукуъга кетишдан олдин ва ундан туришда кўтариш бўлган, аммо кейинроқ бўлмай қолган. Буюк саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намозда рукуъга кетаётганда ва ундан тураётганда икки қўлининг кўтараётганини кўриб қолиб, унга, бундоқ қилма, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин қилиб, кейин тарк этган нарса, деганлар.

Таҳовий Мужоҳиддан қилган ривоятда: «Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг орқасидан намоз ўқиганман у киши биринчи такбирдан бошқа жойда икки қўлини кўтармас эди», деган. Шунингдек, ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис ривоят қилган бўлсалар ҳам намозда қўлларини кўтармас эканлар. Бу ҳам ўша амални насх бўлганини кўрсатади.

«Сохта салафийларнинг саёз сабоғи» китоби ва islom.uz порталидаги мақолалар асосида тайёрланди.