02.03.2023

МУСУЛМОННИ ГУНОҲИ ТУФАЙЛИ КОФИР ДЕМАЙМИЗ

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра: Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. “Имон бўлса, гуноҳ қилган одамга зарар қилмайди” демаймиз дейилган.

Аҳли қибладан мурод: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жамики нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлардир.

Эътиқодий масаладаги мусулмонни гуноҳи туфайли кофир қилмаймиз деган сўз, Хаворижларга раддиядир, чунки Хаворижлар гуноҳи кабира қилганни кофир дейдилар.

Имон бўлса,уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз деганлари эса “Муржиа” мазхабидагиларга раддиядир. Чунки улар “Кофир бўлса тоат наф қилмаганидек, имон бўлса, гунох  зарар қилмайди” дейдилар.

Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилишган.

Агар катта гуноҳ қилиш куфр бўлганида, хадд (шаръий жазо)ларни ва қасосни шариатга киритиш бехуда нарса бўлиб қоларди.

Гуноҳи кабира қилгани туфайли имондан чиқиш ҳақидаги  гаплар ботиллиги яққол намоён бўлиб турибди.

Бунга далил қилиб уламолар Қуръони каримнинг Бақара сураси 178-оятини келтирадилар.

“Эй иймон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди” деб оятнинг охирида “Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин.” дейилган.

Бу ояти каримада Аллоҳ таъоло бировни қасддан ўлдирган одамни имонлилар жумласидан чиқармади, балки уни қасос эгасига биродар деб атади. Шак шубҳасиз бу гап ила диний биродарлик ирода қилингандир.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таъола: “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар бас, ўрталарини ислоҳ қилинг .(Ҳужурот сураси 9-оят) ва яна “Албатта мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг.” (Ҳужурот сураси 10-оят) дея марҳамат қилган.

Шунингдек Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда зинокор, ўғри ва бошқаларни зинода айблагувчини ўлдирилмаслигига, балки унга ҳадд (шаръий жазо)жорий қилинишига далиллар келтирилган.

Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда: “Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Ҳуд сураси 114-оят) деган. Бу эса мўмин киши ёмонлик қилган чоғида, яхшиликлар қилиб ёмонликларини ўчиришига далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” дедилар.

Мана юқорида Аҳли сунна уламоларининг Гуноҳ туфайли мўминни кофирга чиқармаслик тўғрисидаги далилларни  билиб олдик. Бу далиллар очиқ ойдин кўриниб турган исботдир.

Лекин шунга қарамай бугунги кунда Хаворижларга ўхшаган тоифалар, мўмин кишини нафақат бир кишини балки, кўпчилик мусулмонларни кофирликда айбламоқдалар. Бу гапларининг оқибатини ўйлаб ҳам кўрмаяпдилар. Шу сабабли мўминларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкиш ҳалол деб фатво чиқариб, интернетда ижтимоий тармоқлар орқали дунёга жар солмоқдалар.

ОТАБЕК Амиров
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси

#Талабалар

 

Izoh qoldirish

Izohlar