06.03.2023

АЛЛОҲ ТАОЛО МАКОНГА МУҲТОЖ ЭМАС

 

Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

كَانَ اللَّهُ، وَلَمْ يَكُنْ شَىْءٌ قَبْلَهُ

яъни: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди”

(Имом Бухорий ривояти).

Барча муташобеҳ оятларни қуйидаги муҳкам оятга биноан тушиниш керак бўлади:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

"У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир" (Шуро сураси, 11-оят).

Бу оятдан Аллоҳ таолони бандаларига ўхшамаслиги, унинг сифатлари ўзига хослиги тушунилади. Бандаларнинг сифати унинг сифатларига ҳақиқатида ҳам, кайфиятида ҳам ўхшамайди.

Машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига оид асарларида шундай деганлар:

وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

“У Зот (яъни Аллоҳ) чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва воситалардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди”

(манба: "ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби).

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда бундай дейдилар:

"وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ"

“Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади”

("Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби).

Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, деймиз. Тавфиқ Аллоҳдан.

МУҲАММАДЖОН Юсупов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси
#Талабалар

Izoh qoldirish

Izohlar