06.03.2023

СОФ АҚИДАМИЗНИ САҚЛАЙЛИК

Ислом — Арабистоннинг саҳро кенгликлари бағрида вужудга келган бўлиб, жаҳоннинг учта буюк динларидан биридир. Тарихий нуқтаи назардан ислом энг ёш дин ҳисобланади.

Машҳур арабшунос олим, ислом дини бўйича йирик мутахассис, Қуръони каримни рус тилига ўгирган академик И.Ю.Крачковский шундай деб ёзган эди: «Араблар тарих майдонида ислом дини билан бирга пайдо бўлган бўлсаларда, уларнинг муҳитида сезиларли даражадаги сиёсий ва маънавий жонланиш бундан бир ярим аср олдин бошланган эди. У бир томондан, аста-секин ислом динига замин ҳозирлаган диний масалаларга қизиқишнинг кучайишида, бошқа томондан эса, поэзиянинг равнақида ўз аксини топган».

Мусулмон (ислом динига эътиқод қилувчи) бўлиш ҳозирги вақтда албатта араб миллатига мансуб бўлишни назарда тутмайди. «Мусулмон» сўзи “ўзини Аллоҳга бағишлаган» деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»,суннат ва жамоатдалигини билдиради. Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ханафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий — маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ханафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб  ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни  мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки,  дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфий Оллоёр:      Ақида билмаган шайтона элдир,

           Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деб таъкидлаганлар.

Хулоса қилиб айтганда, ханафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир.

Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда 9 та ислом билим юртлари, Имом Бухорий номли тошкент ислом институти ва ислом университети фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли олимларимиздан сўраб, таълиф этган китобларини ўқиб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, ватанимиз, динимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб,  “аҳли суннат вал-жамоат” да собитқадам қилсин!

МУХАММАД  АМИН Гиёсиддинов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 2-курс талабаси
#Талабалар

Izoh qoldirish

Izohlar