ТИНЧЛИК ВА САЛОМАТЛИКНИ АСРАЙЛИК
Мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз, бунинг учун чин дилдан Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар ва чексиз шукроналар айтамиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита неьмат борки инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. Бу-тинчлик ва саломатликдир”, -деб марҳамат қилганлар.
Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Масалан: Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.
Бу синовли кунларни биргаликда енгиб ўтамиз, иншааллоҳ. Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан чет эллардаги фуқароларимиз чартер рейслари билан олиб келинди ва карантинга юртимизнинг энг баҳаво саноторийларига жойлаштирилди. Буларнинг барчаси эса, энг аввало, шу фуқароларимиз ва уларнинг оила аъзолари саломатлиги ҳамда хавфсизлиги учун қилинган саъй-ҳаракатдир. Шундай оғир пайтларда Давлат томонидан яратилган қулайликларга қарамасдан карантин ҳудудидан қочганлар ва қочмоқчи бўлганларга айтар сўзимиз:”Сиз ота-онангиз ва фарзандингизнинг ва ёки рафиқангизу ака-укангизнинг саломатлигини ўйланг, сўнгги пушаймон – ўзингга душман”- деб бекорга айтилмаган.
Тинчликнинг қадрига етиш деганда- оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва ҳакозо эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.
Юртимизни тинч, ҳаётимизни осуда, халқимиз ҳаёти фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб қоламиз.
САИДИСЛОМХОН Абдуллахонов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси
#Талабалар
Izohlar