10.03.2023

НАМОЗДАН КЕЙИН ДУО ҚИЛИШ(баъзи тоифаларга раддия)

Намоздан кейин қилинадиган дуо масаласи ҳам бемазхабларнинг ихтилоф чиқариш учун ишлатадиган севимли қуролларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди.Чунки улар бу масалани тез-тез қўзғаб туришни ўзларига вазифа қилиб олганлар.Бемазхабларнинг бу масалага қаттиқ ёпишиб олишларига сабаб бўлган омиллардан бири, мазхабга эргашадиган барча мўмин-мусулмонларнинг бу масалада кучлироқ раддия бера олмагани сабаблидур.Ушбу муаммонинг асосини ташкил этган “намоздан кейинги дуони фарздан кейин қилинадими ёки суннатдан кейин?”деган саволга ханафий мазхабимизда қойилмақом жавоб аллақачон берилгандир.Чунки бемазхаблар, мазхабни тутган уломолар билган нозик сирларни билишмайди.Мазхабни тутган уломоларимиз эса, хар бир ишдаги каби, бу масалада хам хамма тарафни пухта ўрганиб, барча нозик тарфларини хисобга олиб хукм чиқарганлар.Намоздан кейин қилинадиган дуони қачон қилса тўғри бўлиши хақидаги жавоб доктор Ваҳба Мустафо Зухайлий (р.а)нинг “Ал-Фиқхул Исламийю ва адиллатуҳу” номли асарида келган бўлиб, унда бу хақда қуйидагилар айтилади: “Намоздан кейин зикр ва маъсир дуони (Салафи солиҳлардан нақл қилинган дуолар) қилиш Бомдод ва Аср намозларига ўхшаш ортида суннати йўқ намозларда фарздан кейин, Пешин, Шом ва Хуфтон намозига ўхшаш ортида суннати бор намозларда суннатдан кейин суннатдир.Чунки, истиғфор намознинг нуқсонини тўлдиради”. Демак ханафий мазхабида эса, суннат намозлар фарзларни тўлдирувчи хисобланади ва шунинг учун, суннатни хам ўқиб олгандан кейин, намознинг нуқсонлари хам тўлиб, дуо қабул бўлиш холати мукаммал бўлгандан кейин дуо қилинади.Бизнинг ханафий мазхабига амал қилиб келаётган барча мўмин-мусулмонлар, ўз намозлари-ю, дуоларининг мукаммал ва тўғри бўлиши учун барча имкониятларини ишга солиб ўрганишади ва ибодатларини шариатимизга муофиқ адо қилишга харакат қилади.

АБДУЛХАЙ  Абдумуталов
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси
#Талабалар

Izoh qoldirish

Izohlar