19.05.2023

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ТУЗОҚЛАРИ

 

Дин азалдан инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Унинг яратувчилик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик ва йўналтириш салоҳияти ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Айни пайтда, инсоният тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик рухида талқин этиш одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Афсуски, бугунги кунда ҳам биз мана шундай жараёнларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳозирда ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишда ислом дини ниқоби остида фаолият олиб бораётган экстремистик ташкилотларнинг аксарияти, ёш йигит-қизлар онгини босқичма-босқич заҳарлаш орқали амалдаги мавжуд, ҳокимиятга қарши оммавий намойишлар ташкил этиш, давлатни бошқариб турган раҳбарларни ҳокимиятдан четлаштириш режасини "Такфир", "Хижрат", "Жиҳод" ва "Шаҳид"лик ғояларини тушунтиришни нотўғри талқин этиш асосида амалга оширишга интилмоқдалар. Бу каби гуруҳ, вакилларининг замонавий фан-техника ютуқлари, жумладан ижтимоий тармоқлар ва интернет имкониятларидан разил мақсадларини амалга оширишда устамонлик билан фойдаланадилар. Уларнинг аксарияти интернет сайтларида ўз саҳифалари орқали аёлларни очиқдан-очиқ, "Жиҳод"га даъват этсалар, яна бир гуриҳи ижтимоий тармоқларда "хайрия ишлари" ниқоби остида исломга ёт ғояларни тарғиб қиладилар. Масалан, ижтимоий тармоқларининг бирида "Аллоҳ, йўлида" (фисабилиллаҳ) номи остида минглаб хабар, мақола ва видеолавҳаларнинг мавжудлиги буни исботлайди. Албатта, бу каби видеолавҳалар аввалига инкор этилади, қайта-қайта жўнатилиб, кўрилганидан кейин қизиқиш уйғонади. Шу тариқа фойданаланувчи қандай қилиб террористик ташкилот тузоғига илинганин сезмай қолади. 

Бугунги кунда даъватчилар миллати, дини ва ижтимоий мавқеидан қати назар барчани ўз домига тортишга ҳаракат қилмоқдалар, лекин аксарият ҳолларда эътиборни эркаклар эмас, ёлғиз аёллар ва ёшларга қаратмоқдалар. Чунки айнан улар вақтининг асосий қисмини ижтимоий тармоқларда ўтказади, хусусан, чуқур руҳий тушкунлик ва чорасизликда қолган аёллар виртуал оламда ўзларига ҳамдард ва ҳамфикр излайдилар. Баъзан эса қалбининг тубида меҳр ва эътиборга ташна қизалоқ ҳам, қатиятли ва мустақил фикрга эга аёллар ҳам ёрдам ва таянч қўлини чўзишга тайёр номаълум даъватчининг тузоғига илинмоқдалар. Даъватчилар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг шахсий саҳифалари, уларнинг ёзаётган гаплари, омма ҳукмига ҳавола этаётган фотосуратларини синчиклаб ўрганадилар, ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш мумкин бўлган "ўлжа"ларни кўзлаган ҳолда уларга ёвуз мақсадлар акс эттирилган видеолавхалар жўнатилади хамда мавзуга оид суҳбатларга тортилади. Мазкур лавҳаларда  Суриядаги оғир ҳаёт, болалар ва аёлларнинг мудҳиш қисмати, “қаердасизлар мусулмонлар, ахир биродарларингизни ҳимоя қилишингиз керак-ку” деган мазмундаги хитоблар акс этади. Шунингдек, пул, мафкура жинсий алоқа, иснод келтирувчи маълумотлар ёрдамида "ўлжа"нинг онги босқичма-босқич заҳарланади. Аввалига, шахснинг нозик томонлари жиддий ўрганилиб, шулар орқали таъсир этилади. Даъватчи "ўлжа"нинг ишончига киради, яхши муносабатларни йўлга қўяди ва шундан сўнг унинг онгини ўзгартиришга киришилади. 

Тажриба ва таҳлиллар шуни хам кўрсатмоқдаки, интернет орқали олиб борилаётган яна бир оддий тарғибот усули: жангариларнинг "аъло даражада"ги ҳаёт тарзи — ҳашаматли уйлар-у, автомашиналар олдида, бойликка кўмилиб яшаётгани акс эттирилиб, профессионал тарзда суратга олинган фотосурат ҳамда видеолавҳалар интернетга жойланиб, шу оркали қизиқувчилар сони кўпайтирилади ва бевосита мулоқотга жалб этилади. Қизиқиш билдираётган йигит-қизларга ўз мақсадларига эришиш йўлида қўлларида қурол билан кўрсатилаётган жасорат, қахрамонликлар, уларнинг сафларига қай тарзда қўшилиш ҳақида "батафсил" маълумотлар берилади. Тарғиботчининг асосий мақсади босим ўтказиш ё`ли билан "ўлжа"ни террорчиларга қўшилиб қолишдан асровчи, хавф-хатарлардан огох этувчи атрофини ўраб турган муҳитдан ажратиб олиб, ёлғизлатиб қўйишдан иборат. Бунинг  натижасида оила аъзолари ва дўстлари ўрнини моддий ва маънавий жиҳатдан "қўллаб-қувватловчи" опа-сингиллар, ака-укалар эгаллайдилар. Сафларига янги қабул қилинган аъзо билан ишлаш жараёнида улар ўзларини ислом динини чуқур англайдиган, теран фикр юрита оладиган, яшаб турган жамиятларида динга нисбатан ноҳақликларга қарши адолат билан кураша оладиган ҳамда ислом тамойиллари асосида фаолият юритадиган давлат барпо эта олувчи шахс сифатида кўрсатадилар. "Янгидан-янги" маълумотлар қуршовида қолган "аъзо" гапирилаётган гапларнинг қанчалар тўғри эканини англаб, фикр юритиш имкониятидан маҳрум эканини англамай, кўр-кўрона "раҳнамо"ларига эргашади. Қандай йўлга киргани, кимларга қўшилиб қолганини эса кўп ҳолларда анча кеч англайди. Баъзида йигит-қизлардаги ўта шижоатлилик ва ғайрат ҳам ғаразли мақсадлар учун муҳим восита эканини унутмаслик лозим. Ҳаётда эзгу  мақсади ва интилишига эга шахс турли бузғунчи оқим ва ё`налишлар таъсирига тушиб қолиш хавфи камаяди. Экстремизм ва терроризмнинг на дини, на миллати ва на ватани бор. Дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар оқибатида азият чекаётган бегуноҳ инсонлар фақатгина бир дин ёки миллатга мансуб эмас, балки турли миллат ва дин вакиллари ҳисобланади. Бу каби ҳаракатлар жамиятининг фақатгина бугуни эмас, истиқболига ҳам жиддий таҳдид солаётир. Инсоният унга қарши ҳамжиҳат  курашсагина  ижобий натижаларга эришиши мумкин.

ДАВРОНБЕК Абдиқодиров

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири

Izoh qoldirish

Izohlar