05.11.2024

НАМОЗЛАРНИ ЖАМЛАШНИНГ ҲУКМИ

Икки намозни жамлаб, бир вақтда ўқиш фиқҳий мазҳаблар ўртасидаги ихтилофли масалалардан биридир. Ҳамманинг ҳам ўз далиллари бор ва ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиши тўғри бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳаж мавсумидаги маълум вақтлардан ташқари ҳолатларда намозларни жамлаш жоиз эмас, деб билганлар. Қуйида намозларни жамлаш жоиз эмаслигига ҳанафий мазҳаби уламолари келтирган далиллар ва бошқа мазҳаб вакилларига берган жавобларини келтирамиз.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда намозларни ўз вақтида ўқиш зарурий эканлиги уқтирилади. Белгиланган вақтдан аввал ўқиш ҳам, кечиктириб ўқиш ҳам жоиз эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

.... إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

Яъни: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этил- ган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят). Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир намознинг аввалги вақти ҳам, охирги вақти ҳам белгилаб қўйилган. Шунга биноан Ҳанафийларнинг наздида икки фарз намозни бир вақтда жамлаб ўқиш муқим учун ҳам, мусофир учун ҳам жоиз эмас. Фақатгина ҳожиларга Ҳаж вақтида Арафотда Пешин пайтида Пешин ва Асрни, Муздалифада Хуфтон вақтида Шом ва Хуфтон намозини, жамлаб ўқишга рухсат берилган. Чунки, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба ро- зияллоҳу анҳумлардан собит бўлгандир. Ундан бошқа бирор жойда намоз вақти кирмасдан туриб адо қилиш ёки узрсиз вақтидан ўтказиб ўқиш собит бўлмаган.

Намозни вақтида адо этишга тегишли оятлар Бақара сураси 238-оятда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

Яъни: «(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, ху- сусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз)».

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг таф- сирида: «Аллоҳ таоло бу ояти каримада намозларни ўз вақтида адо қилишга ҳукм қилган» деганлар.

Маъориж сураси 34-оятда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ

Яъни: «Яна улар намозларини (вақтида адо этиб) юрувчилардир».

Мааъуун сураси 4-5 оятларида Аллоҳ таоло қуйида- гича марҳамат қилади:

فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ

Яъни: «Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки,Улар намозларини «унутиб» қўядилар».Қолаверса, Нисо сурасининг 102-оятида Аллоҳ таоло«Хавф» намозининг кайфиятини ҳамда унинг одобларини баён қилган. Ундан маълум бўладики, айни жанг бўлаётган вақтда фақатгина намознинг кайфиятида енгиллик берилади. Вақт жиҳатидан кечиктиришга ижозат берилмаган. Балки, имкон қадар ўз вақтида ӯқилади. Душман билан рўбарў бўлиб, шикаст етиши,ҳалок бўлиш хавфи бўлганда ҳам икки намозни бир вақтда жамлашга рухсат берилмаган. (“Марғубул адил ла би-аҳадисин-Набавия ала маслакил Ҳанафия” китоби, 170-171-саҳифалар)

АБДУЛҲАКИМ домла Маткаримов
Имом Фахриддин ар-Розий Ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.

Izoh qoldirish

Izohlar