
АЛЛОҲ ТАОЛОГА МАКОН СИФАТИНИ БЕРИШ МУМКИНМИ?
Замонамизда Аллоҳ таолонинг зотини таниш борасида аҳли сунна вал жамоага зид баъзи фикрлар билан одамларни фикрини чалғитаётган тоифалар мавжудки, яна улар ўзларини аҳли суннаданмиз дея иддао қилишиб, салафларнинг эътиқоди мана шундай дейишмоқда. Ҳўш бу тоифаларнинг иддао қилаётган ақида масалалари аҳли сунна вал жамоага мувофиқми? буни аҳли сунна вал жамоа ақидасида энг мўътабар саналган ақида матнлари мисолида ва уларга қилинган шарҳлар мисолида кўриб чиқамиз. Жумлалан, улар Аллоҳ таолонинг зотини танишда Аллоҳ таолога макон исбот қилиш масаласи аҳли суннага зиддир. Ваҳоланки аҳли сунна вал жамоа ақидасини мукаммал баён қилинган ақида китоблари матнларида Аллоҳ таолога макон исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган. Имом Таховий ўзларининг ақида матнларида бу борада
تعالى عن الحدود والغايات والاركان والاعضاء والادوات لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات
У зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У зотни бошқа пайдо бўлган насралар каби олти тараф ўраб олмаган. (ақида таховий матни)
Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқчаа баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръон карим хмада Расулуллоҳнинг хадислари асосида кескин раддиялар берганлар.
Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, - дейдилар. Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, - дейдилар.
Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”, - дейдилар. ( Бадул амолийнинг шарҳи – эътиқод дурдоналари)
Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки, маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда, ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Имом Али ибн Абу Толиб рахияллоҳу анҳу Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига жавобан: “Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди”, - деганлар. Кейин яна айтганлар: “Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди”. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Яна у кишига айтилди: “Аллоҳ қаерда деган саволга қандай фикрдасиз?”. Унга айтилади: “Аллоҳ таоло халқ яратилишидан олдин бирор макон йўқлигида ҳам бор эди”. Аллоҳ таоло бирон нарса ҳам, халқ ҳам, қаер ҳам йўқлигида бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир. Имом Шофеъий: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай. У зотга зоти ва сифатларида ўзгариш жоиз эмас. Имом Изз ибн Абдуссалом айтди: “Аллоҳ макон ва замонни пайдо қилишидан аввал ҳам бор эди”. Ҳозир ҳам аввал қандай бўлса шундай. Ибн Ҳожиб “Ақийдати Изз ибн Абдуссалом” китобига ёзган шарҳида: “Ибн ибн Абдуссалом айтган гап ҳақ йўлдир, албатта, салаф ва ҳалаф уламолари ҳам шу фикрда бўлганлар”. Уларга фақатгина бир хор тоифагина хилоф қилган. У хор тоифа ўз йўлларини яширадилар ва қўрқитиш билан илми ва ақли заиф бўлган кимсаларга фитна қиладилар”. Ҳашавийя деган тоифа ҳам Аллоҳ маконда деб айтади. Ибн Ҳажар айтди: “Буюк мужтаҳид Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга нисбат бериб у Аллоҳни тарафи ҳақида фикр билдирган”, деган гаплари ва бундан бошқа улар ўртасида машҳур бўлган ҳар бир нарса Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга нисбатан ёлғон, бўҳтон ва у зотга нисбатан тўқилган нарсадир”. Имом Нававий айтади: “Албатта Аллоҳга ўхшаган бирон нарса йўқ. Аллоҳ жисмланишдан, бошқа махлуқотларни сифатларига кўчишдан ва тарафларга бўлинишдан покдир”. Имом Қоррофий айтади: “Ҳақ таоло тарафларда эмас, У бирон тарафда бўлмаган ҳолда биз уни кўрамиз”. (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи)
Машҳур ватандошимиз Умар Насафий р.а. “Ақоидун Насафий” да бу ҳақида қуйидагича ёзган: “У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”. Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди ва орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам, Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичига ололмайди. Аллоҳ бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир. (Бадьул амолий шарҳи – эътиқод дурдоналари)
Бу замон аввалдан бор бўлмаганлиги Аллоҳ таолога замон нисбатини бериб бўлмаслигига далил бўлади. Зеро, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса кейин-чалик пайдо бўлганига далил бор. Агар Аллоҳ кейинчалик пайдо бўлган ва Аллоҳга замонни таъсири бор дейдиган бўлинса, у аввалда бўлмай сўнг пайдо бўлган деган тушунча ҳосил бўлиб қоларди. Лекин бу хато тушунча. Шундай экан Аллоҳ таолога замонни таъсири бўлишлиги ҳам хатодир. Яъни, Аллоҳни мавжудлигини замонга дахли йўқ. Имом Саъд “Шарҳул ақоид” китобида айтдилар: “У зотга вақтнинг таъсири йўқ. Чунки, замон ўзгариб янгиланиб туради. Аллоҳ таоло эса бундан мутлоқ покдир”. (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи)
Бугунги кунда гўё ўзларини Аҳли сунна вал-жамоага нисбат бериб “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда”, деб, аҳли суннани эътиқоди мана дейдиган юзага келган. Бу ҳақда ҳам кўп баҳслар бўлган ва бугунги кунда ҳам ушбу бахсларни давом эттириб яна бу аҳли суннани ақидаси деб бўҳтон қилаётганлар шак шубҳалари бўлса юқорида келтирилган китобларга мурожат қилсин. Зеро биз бу ер ўз фикримизни эмас юқорида келтирилган аҳли суннанинг мўътабар ақида китоблари матнларидан ва уларга қилинган шарҳлардан келтирдик.
Шунга кўра, мазкур фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ёки “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади:
ليس كمثله شيء وهو السميع العليم
“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитгувчи зотдир”. (Шуро сураси, 11-оят)
Росулуллоҳ айтадилар:
تفكروا في خلق الله ولا تفكروا في الله فتهلكوا
“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳ борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар. (Байҳақий ривояти)
Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади. (Бадул амолийнинг шарҳи – эътиқод дурдоналари)
Сўфи Оллоёр ўзларининг “Саботул Ожизин” назмий асарларида Аллоҳ таолонигнг зотини танишдаги аҳли суннанинг ақидасини гўзал назм билан баён қилганлар.
Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас
Кўнгулда кечса кўзга тушса ҳар шай
Эрур андин муназзаҳ холиқу хай.
Фаришталар, набилар етмадилар,
Бўйсундилару фикр этмадилар.
Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,
Ажойиб ишлариға, санъатиға.
Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай
Эрур андин муназзаҳ холиқу хай
Д.Абдуқадиров
“Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири