
Қуръон қироат қиладиганнинг мисоли уртужжага ўхшайди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
674. Омир ибн Восиладан ривоят қилинади:
«Нофеъ ибн Абдулҳорис Асафонда Умар розияллоҳу анҳуга йўлиқди. Умар уни Маккага омил қилган эди. Шунда у: «Аҳли Қурога кимни омил қилдинг?» деди. «Ибн Абзани», деди. «Ибн Абза ким ўзи?» деди. «Озод қилган қулларимиздан бири», деди. «Уларга озод қилинган қулни омил қилдингми?» деди. «У Аллоҳ азза ва жалланинг Китобининг қориси, фароиз (мерос) илмининг олими. Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ бу Китоб билан бир қавмларни кўтаради ва у билан бошқаларни туширади», деганлар», деди».
Муслим ривоят қилган.
675. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон қироат қиладиган мўминнинг мисоли уртужжага ўхшайди: ҳиди хушбўй, таъми ширин. Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайди: ҳиди йўқ, таъми ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайди: ҳиди хушбўй, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли ҳанзала(аччиқўт)га ўхшайди: ҳиди йўқ, таъми аччиқ», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Уртужжа – пўртахол(апельсин)га ўхшаш, ўзи чиройли, таъми ширин ва ҳиди хушбўй мева.
676. Абу Саъид ибн Муъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намоз ўқиётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириб қолдилар. Мен жавоб бермадим. Кейин бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, намоз ўқиётган эдим», дедим. «Аллоҳ: «Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни даъват қилганда ижобат қилинглар», демаганми?» дедилар. Сўнг: «Масжиддан чиқишингдан олдин Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяман», дедилар. У зот қўлимдан ушлаб бошлаб кетавердилар. Масжиддан чиқай деб қолганимизда: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяман, деган эдингиз?» дедим. «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн. У – етти такрорланадигандир. У – менга берилган Қуръони азиймдир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
«Етти такрорланадиган» дейилганда Фотиҳа сураси кўзда тутилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

МуаллифШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манбаislom.uz