
СИЗ БУЮК ХУЛҚ УЗРАДИРСИЗ!
Сиз буюк хулқ узрадирсиз дея каломуллоҳида Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи ва салламни васф этиб, бизларга у зотни севишни иймондан дея таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду сано ва ҳаёти мубораклари давомида умматим дея яшаган, бутун башарият устози Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва тинимсиз салавотлар бўлсин.
“Албатта сиз улуғ хулқ устидасиз”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра хулқи чиройлироқ эмасдир. Асъҳобларидан ёки аҳли байтларидан бирор киши у зотни чақирса, албатта, “лаббайка”, деб айтар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди” дедилар.
Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оятдаги «улуғ хулқ»дан мурод улуғ диндир. Зеро Аллоҳ таоло наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон дин йўқдир. Оиша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) онамиздан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар», деб жавоб қилганлари ҳам юқоридаги тафсирни қувватлайди. Зотан Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Дарҳақиқат, мен улуғ хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилганман» деб марҳамат қилганлар.
Азизлар Пайғамбаримизга қанчалар кўп муҳаббат қўйса ҳам оз бўлади. У зотни бор вужудимиз билан севишимиз керак.
Сўзимнинг охирида бир ,,бағишловъ’ келтираман
Бағишлов
Эй Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда барча баркамол муҳаббатим билан қучиб, ҳис этсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб маҳалласида қамал қилинганингизни тасаввур этяпман. Қани энди, сизни ўз қўлим билан овқатлантириш шарфига муяссар бўлсам эди!
Ҳозир Тоифда бир тўда эси пастлар сизни тошбўрон қилишганини хаёлимдан ўтказаяпман. Қани энди, ўшанда олдингизда бўлсаму, тошлар сизга эмас, менга тегса. Сиз саломат қолсангиз!
Кеча қоронғисида Маккадан ҳижрат қилганингиз хаёлимдан ўтяпти. Қани энди, қўлингизни ўпиб, «Фидойингиз бўлай!» дея олсам!
Ҳозир Савр ғорида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан ҳамроҳ бўлганингизни хаёлимдан ўтказаяпман. Қани энди, ғор оғзида юрагимни осиб қўйсаму, улар мени парчалашса, сизга зарар етмаса!
Ҳозир Уҳуд кунида юзингиздаги қонларни артаётганингизни тасаввур қиляпман. Қани энди, ўша зарба менга тегсада, сиз ундан саломат қолсангиз!
Бир яҳудий аёл заҳарлаган қўйнинг гўштини емоқчи бўлиб қўлингизга олиб турганингизни кўз олдимга келтирдим. Қани энди, уни қўлингиздан олиб: «Сизнинг ўрнингизга уни мен ейман!» десам!
Бизга диннинг етиб келиши учун қанчалар азоб чекдингз! Ота-онам сизга фидо бўлсин,ё Аллоҳнинг Расули!
Фойдаланилган манбалар
1)Тафсири ҳилол
2)Набавий тарбия
Маҳмуджанов Раҳматуллоҳ
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 2- босқич талабаси