14.07.2026

Қиймати икки ярим миллион долларлик кутубхонасига эга бўлган аллома: Жамолиддин Қифтий ҳазратларининг ҳаёти

Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул удабо” ва шайхимиз, аллома, муаррих, муҳаддис Муҳаммад Роғиб Тоббаҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Иъломун нубало би тарихи ҳалабиш шуҳабо” китобида аллома, адиб, китоблар жамловчиси, фаросат соҳиби, қози, сўнгра вазир бўлган Жамолиддин Абулҳасан Алий ибн Юсуф Қифтий Мисрий Ҳалабий раҳимаҳуллоҳ ҳақида (568/1173 йили Қифтда туғилиб, 646/1249 йили Ҳалабда вафот этган) қуйидаги маълумотлар берилган:
У зот Ҳалабда истиқомат қилиб, шу жойни ўзига ватан ва маскан этиб танлагач, бор жон-жаҳди билан китоблар сотиб олиш ва жамлашга, уларни узоқ ўлкалардан бўлса ҳам келтиртиришга ҳаракат қилар эди. Унинг китобларни қаттиқ севиши ҳақидаги хабар чор атрофга тарқалади. Ҳузурига қоғозфурушлар, нусха кўчирувчилар, китобфурушлар ҳар томондан ёғилиб келишарди. Натижада у зот ягона нусхадаги китоблари бўлган катта кутубхона эгасига айланди. Дарҳақиқат, Жамолиддин у китобларни тўплаш учун катта заҳмат чеккан эди. Уларни сотиб олиш учун ўзидаги бор қимматбаҳо нарсаларини сарфлаган бўлса, китобларни ёдлаш, тартиблаш ҳамда улардан иқтибос олиш йўлида бутун умрини сарфлаган эди.
Ул зотнинг Ҳалабдаги ҳовлилари уламолар, адиблар жамланадиган масканга, қоғозфуруш, нусха кўчирувчи, китобфуруш даллоларнинг эътиборини жалб қиладиган жойга айланиб қолди. Улар Жамолиддин Қифтий учун қимматбаҳо китобларни топиб келишар эди. Бу китоблар ўз муаллифининг қўли билан ёки машҳур етук уламолар томонидан ёзилган бўларди. Унинг “Инбоҳур-рувот ъалаа анбоҳин-нуҳот” номли китоби ана шу қимматбаҳо китобларни жамлагани ва уларни излаб топгани ҳақидаги маълумотлар билан тўла. Юқорида айтганимиздек, у зот бу китобларни қўлга киритиш учун жуда кўп пул сарфлар, кўп ва хўб қимматбаҳо ҳадя-эҳсонлар улашарди, шу боис ҳар ердан ул зот ҳузурига жуда кўп китоблар оқиб келар эди.
Ул зотнинг китобларга қаттиқ муҳаббат қўйгани ҳақида ажойибу ғаройиб хабарлар бор. Унинг дўсти ва шогирди, у билан кўп йиллар бирга бўлган аллома Ёқут Ҳамавий “Муъжамул-удабо” китобида Жамолиддиннинг таржимаи ҳолидан қуйидаги маълумотларни айтади:
“Қози китоб жамлашга ниҳоятда берилган эди. Китобларга жуда ҳам қизиқарди. Анчагина китоблар эга бўлсам-да, қанчадан-қанча китобларни сотиб олиб, тижорат қилишимга қарамай, Жамолиддинчалик китобларга аҳамият берадиган, китобларни қўлга киритишга иштиёқмандроқ бўлган кишини кўрмадим. Шунинг учун ҳам ул зот бошқалар эриша олмаган китобларни қўлга киритган. У Ҳалабда яшар эди”.
Муаррих Ибн Шокир Кутубий “Фавотул-вафаёт” китобида Жамолиддин Кифтийнинг таржимаи ҳолини келтириб, шундай дейди:
“У зот тил билан васфлаб бўлмайдиган даражада кўп китобларни жамлаган. Чор атрофдан унга китоблар келтиришарди. У зот бу дунёда китоблардан бошқа нарсани яхши кўрмас эди. У зотнинг на дабдабали ҳовлиси, на оиласи бор эди. Китобларини ҳалаблик Носирга васият қилиб кетган эди. Уларнинг баҳоси эллик минг динорга тенг келарди”.
Китоб муаллифи айтади: Ҳисоблашимча, ўша даврдаги эллик минг динор ҳозирги замонамиздаги ўн миллион Саудия риёлига тўғри келса керак, балки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Шайхимиз, аллома Тоббаҳ “Иъломун нубало” китобида Жамолиддин Кифтийнинг таржимаи ҳолида шундай дейди: “Сафадий ўзининг солнома тарзида ёзилган тарих китобида 646/1248 йилда рўй берган воқеаларни баён қилиб, вазир Кифтийнинг таржимаи ҳолида шундай дейди:
“Ул зотнинг китобларга қаттиқ муҳаббат қўйганлиги борасида ажойиб ҳикоялар бор. Улардан бири шуки, бир куни Ибн Самъонийнинг ўз қўли билан ёзилган “Ал-Ансоб” китобининг гўзал бир нусхаси Қифтийнинг қўлига тушиб қолади. Беш мужалладдан иборат ушбу асл нусханинг бир мужаллади йўқ бўлади. Ул зот уни роса излайди, ўзи гумон қилган жойлардан суриштиради, лекин топа олмайди. Бир неча кунлардан кейин (ўша бир мужалладни топишдан ноумид бўлиб юрганида) унинг бир шогирди Ҳалабдаги бозорнинг бош кийим сотувчилар растасидан ўтаётиб, “Ал-Ансоб” китобининг йўқолган мужалладидан бир неча варағини топиб олади. Уларни вазирнинг ҳузурига олиб келади. Буларни кўрган вазир Жамолиддин дарҳол бозордаги ҳунарманд устанинг олдига келиб, ундан ўша варақларни қаердан олганини сўрайди. Уста хотиржамлик билан: “Мен бир қанча варақлар сотиб олгандим. Уларнинг ичида сиз айтаётган варақлар ҳам бор эди. Кейин улардан дўппиларга қолиплар ясадим”, деб жавоб беради. Вазир бу гапларни эшитиб, таърифлаб бўлмас даражадаги ғам-ғуссага чўкиб қолади. Ҳатто бир неча кунлаб қароргоҳига ҳам келмайди, ҳаммажлислари билан алоқани узиб қўяди. Вазир ва аъёнлар унга қадрдон инсонни йўқотиб қўйган одамга тасалли бергандек тасалли берардилар. Ул зотнинг китобларга қаттиқ ошиқ бўлганлари ҳақидаги бундай ҳикоялар жуда кўпдир”.