Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари
Жундуб ибн Жунода Ғифорий
Тарихчилар, унинг отаси ҳамда бобосининг исми борасида турлича фикрлар билдирганлар. Баъзилар Жундуб ибн Абдуллоҳ деса, бошқалари Жундуб ибн Сакан, қолган уламолар эса Барир ибн Абдуллоҳ, деган. Бироқ улар ичида энг машҳури Жундуб ибн Жунодадир. Унинг машҳур куняси “Абу Зарр”дир. Манбаларда “Фақиҳлар ҳимоячиси” деган лақаби ҳам бўлгани қайд қилинади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Макка билан Мадина орасида яшайдиган Ғифор қабиласида дунёга келган. Ўша даврда бу қабила қароқчилиги билан машҳур эди. Мусофир ва савдогарлар йўлини тўсиб, молларини талон-тарож қиларди.
Отаси Жунода ибн Суфён ибн Убайд ибн Ҳаром ибн Ғифор ибн Мулайл ибн Замра ибн Бакр ибн Абдуманоф ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Мудар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон Ғифорий Кинонийдир. Онаси Рамла бинту Вақиъа ибн Ҳаром ибн Ғифор ибн Мулайл ибн Замра ибн Бакр ибн Абдуманоф ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Мудар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон Ғифория Кинониядир.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу узун бўйли, қорачадан келган, соч-соқоли оппоқ киши эди.
Жоҳилият даврида у киши ҳам қароқчилик билан шуғулланар, шижоатли, бақувват бўлгани сабабли, баъзи ҳолларда ёлғиз ўзи ҳам савдогарлар йўлини тўсар эди.
Жундуб ибн Жунода Ғифорий розияллоҳу анҳу Исломни тўртинчи ёки бешинчи бўлиб қабул қилган саҳобий ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Маккада Пайғамбар чиққанини эшитган Абу Зарр укасини чақириб: «Ўзини Пайғамбар деб даъво қилаётган кишининг олдига бориб, у билан гаплаш ва у ҳақда бирор хабар олиб кел!» деб, Маккага жўнатади. Укаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб келиб: «У яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармоқда», деганида, Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Олиб келган хабарингдан қониқмадим», дея, сафар халта ва хассасини олиб ўзи йўлга тушади.
Маккага етиб келган Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танимас эди, лекин бировдан сўрашни ҳам истамади. Зам-замдан ичиб, Каъба ёнига бориб ётганида, Али розияллоҳу анҳу унинг ёнидан ўтиб қоладилар ва: «Мусофирмисан?» деб сўраганларида Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Ҳа», дейди. Шунда, Али розияллоҳу анҳу: «Мен билан юр!» дейдилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу у кишининг орқаларидан эргашади. Йўлда кетаётиб бир-бирларидан ҳеч нарса ҳақида сўрамайдилар ва гаплашмайдилар ҳам. Тонг отгач, Абу Зарр розияллоҳу анҳу Пайғамбар ҳақларида бирор кишидан сўрарман, деб Каъба ёнига қайтиб келади. Лекин у зот ҳақида хабар берадиган ҳеч ким учрамайди. Кеч киргач, кечаги Али розияллоҳу анҳу билан юз берган воқеа яна такрорланади. Учинчи куни Абу Зарр розияллоҳу анҳу Каъба ёнида ўтирганида яна Али розияллоҳу анҳу келади ва бу гал: «Ўзи Маккага нима учун келгансан?» деб сўрайдилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Шу ерда ўзини Пайғамбарман, деб айтаётган бир киши чиқибди. Укамни жўнатган эдим, лекин унинг гапларидан қониқиш ҳосил қилмагач, ўзим келдим», дейди. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Сен тўғри йўлни танлабсан. Мен ўзим сени унинг олдига олиб бораман, орқамдан юр. Қаерга кирсам, ўша ерга кирасан. Йўлда сенга бирон хавфни кўрсам, девор четига ўтиб оёқ кийимимни тўғрилайман, сен ўтиб кетаверасан», дедилар.
Шу тариқа Али розияллоҳу анҳу уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни тушунтирганларида, ўша заҳоти Исломни қабул қилади. Шунда у зот Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Зарр! Ҳозирча Исломга кирганингни ошкор қилмай тур! Юртингга қайтиб бор. Бизнинг фаолиятимиз ошкор бўлганини эшитган, заҳотиёқ келасан», дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сизни ҳақ билан юборган Зотнинг ўзи мени улардан асрайди», деб Каъбага келади. Қурайшликлар у ерда тўпланиб ўтирган эдилар. «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир», деганида қурайшликлар уни ўлгудай қилиб калтаклайдилар. Аббос розияллоҳу анҳу буни кўриб, Абу Зарр розияллоҳу анҳуни ажратиб: «Шўрларинг қурсин! Ғифорликни ўлдирмоқчимисизлар?! Ахир тижорат йўлларингиз Ғифордан ўтадику?!» деганларидан сўнг Абу Зарр розияллоҳу анҳуни тинч қўйдилар. Эртаси куни тонг отгандан сўнг Абу Зарр розияллоҳу анҳу билан бўлган воқеа яна такрорланди.
Мадинага ҳижрат қилинганда Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам ҳижрат қилиб, мусулмонлар ҳаётида фаол ўрин эгаллади. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Табук ва бошқа ғазотларда душманга қарши муносиб курашди.
Бир куни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан: «Эй Абу Зарр! Талҳа ва Зубайр каби ер олиб, эгалик қилмайсанми?» деб сўрашди. Абу Зарр розияллоҳу анҳу уларга: «Унга эгалик қилиб топганимни нима қиламан. Менга ҳар куни сув, набиз (сирка) ёки сут ичиб турсам, жума кунлари эса бир қафиз (тахм. 3 кг, 200 гр.) буғдой бўлса, шунинг ўзи кифоя қилади», деб жавоб берди.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қувватли бир соъ (тахм. 2 кг ёки 3 кг 250 гр.) хурмодан олардим. Вафот этгунимга қадар бундан оширмайман».
Бошқа ривоятда шундай дейди: «Жума куни эди. Масжидга бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётган эдилар. Убай ибн Каъбнинг ёнига бориб ўтирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бароат сурасини ўқидилар. Шунда мен Убай ибн Каъбдан: «Бу сура қачон нозил бўлган», деб сўраганимда, менга қовоғини солиб қаради-да, ҳеч нарса демади. Бир муддат ўтиб, яна ўша саволни сўрадим. Бироқ олдингидек қовоғини солиб, ҳеч нарса демади. Бу ҳолат яна такрорланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг Убайдан: «Эй Убай! Сендан савол сўрадим, қовоғингни солиб, лом-мим демадинг», деганимда, у менга: «Намозингда лағв (бекорчи) сўздан бошқа нарсага эришмадинг», деб жавоб берди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бориб бўлган воқеани айтиб берганимда у зот: «Убай тўғри айтибди», дедилар.
Садақа ибн Абу Имрон: «Абу Заррни қидирдим. Қарасам масжидда ёлғиз ўзи либосига бурканиб ўтирган экан. Унга: «Нима бу ёлғиз ўтириш?» деганимда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ёмон киши билан ўтиришдан кўра, ёлғиз ўтириш, солиҳ киши билан ҳамсуҳбат бўлиш эса ёлғиз ўтиришдан яхшироқ. Яхши нарсани ёзиш сукут сақлашдан яхшироқ ва ёмон нарсани ёзишдан кўра эса сукут сақлаш афзалдир», деганларини эшитганман», деб жавоб берди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига кетаётганларида бир киши орқада қолиб кетди. Шунда саҳобийлар: «Ё Расулуллоҳ! Фалон киши орқада қолди», деганларида: «Уни ўз ҳолига қўйинглар! Агар унда бирор яхшилик бўлса (ёки нияти тўғри бўлса), албатта, Аллоҳ таоло уни сизлар билан учраштиради. Агар унда яхшилик бўлмаса, Аллоҳ сизларни ундан халос қилади», дедилар. Шундан сўнг саҳобийлар: «Ё Расулуллоҳ! Абу Заррнинг туяси оқсоқланиб, у ҳам орқада қолмоқда», деганларида юқоридаги гапларини яна қайтардилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ортда қолаётганини кўриб, туясидан тушиб, пиёда эргашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам олиш учун тўхтайдилар. Атрофни кузатиб турганлардан бири: «Ё Расулуллоҳ! Йўлда бир пиёда келяпти», деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Зарр бўлсин-да», дедилар. Уни кузатиб турган саҳобийлар: «Ё Расулуллоҳ! У Абу Зарр экан», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг Абу Заррга раҳми келсин! У ўзи ёлғиз пиёда юради, ёлғиз вафот этади ва ёлғиз қайта тирилади», дедилар.
Замонлар ўтиб, башорат амалга ошди. Ҳазрати Усмон Абу Заррни Рабза деган жойга чиқариб юбордилар. Ўлими яқинлашганда, ёнида аёли билан боласидан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Уларни олдига чақириб васият қилди: «Вафот этсам, ювиб, кафанлаб жасадимни йўл устига чиқариб қўйинглар. Ёнингиздан ўтган биринчи отлиққа “Бу Абу Зарр”, денглар». Абу Зарр вафот этди, васиятига мувофиқ уни йўл устига қўйдилар. Шунда узоқдан отлиқлар кўринди. Бу Ибн Масъуд бошчилигидаги куфаликлар гуруҳи эди. Бола Абу Заррнинг жанозасини ўқишга ва дафн қилишга улардан ёрдам сўради. Кимнинг жанозаси эканини билган Ибн Масъуд йиғлаб юборди ва деди: «Аллоҳнинг элчиси рост гапирганди».
Исломга пешқадамлардан бўлиб кирганини ҳамда ёнларида кўпроқ бўлгани сабабли унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъсирлари катта бўлган. Бу ҳақда Абу Зарр розияллоҳу анҳу шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Жаброил ва Микоил у зотнинг қалбларига жо қилган нарсани қалбимга солганларидан бошқа ҳеч нарса қолдирмадилар».
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга кўпроқ вазифа беринг», деганимда: «Ё Абу Зарр! Албатта, инсон заифдир. Танаси унга омонат қилиб берилган. Ким унинг ҳаққини адо этмаса, қиёмат кунида афсус ва надомат ичрадир», дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Заррдан кўра тиши ростгўй ва вафодор инсонга осмон соя солмаган ва ер уни кўтармаслиги (яъни топилмаслиги). У Ийсо алайҳиссаломга ўхшайди», дедилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ! Бу нарсани унга етказайликми?» деб сўраганларида: «Ҳа, етказинглар!», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Ийсо алайҳиссаломнинг тавозеларига қараш хурсанд қилса, Абу Заррга қарасин», дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳулар халифалик даврида Шомда истиқомат қилди. Умар розияллоҳу анҳу билан бирга Байтул Мақдис фатҳида қатнашди. У ерда одамларни тақвога чақириб, уларга илм берар, ўзи зоҳидликка қаттиқ берилди, бошқаларни ҳам шунга даъват қилар эди. У киши бойларни мол-давлат тўпламасликка қаттиқ тарғиб қилар эди. Бу нарса баъзи келишмовчиликларни келтириб чиқаргани сабабли ўша даврдаги Шом волийси Муовия розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга мактуб йўллаб, Абу Зарр розияллоҳу анҳуни Мадинага чақириб олишни сўрайди. Усмон розияллоҳу анҳу уни чақиртириб: «Эй Абу Зарр! Менинг вазифам ўз бурчимни адо этиш. Уларни зоҳидликка мажбур қилиш менинг бурчим эмас», дейдилар. Шундан сўнг, Абу Зарр розияллоҳу анҳу пойтахтдан чиқишга изн сўрайди. Усмон розияллоҳу анҳу у кишини Мадинадан икки чақирим шарқроқда жойлашган Рабза деган жойга жўнатадилар. У ерда масжид қуриб, то умрининг охирига қадар ўша ерда яшайди.
Манбаларда у кишидан 281 та ҳадис ривоят қилингани қайд қилинган.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу 32/652 йил Рабзада вафот этган. Унинг жанозасини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўқиган.
Маълумотлар “101 улуғ саҳобий” китобидан олинган.
УЗ
РУ
EN
العربية