12.11.2025

“ҚУРЪОНДА ИЖТИМОИЙ ОДОБЛАР: ҲУРМАТ, АДОЛАТ ВА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ”

“ҚУРЪОНДА ИЖТИМОИЙ ОДОБЛАР: ҲУРМАТ, АДОЛАТ ВА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ”

Инсон жамиятдаги роли ва шаъни унинг ахлоқий қадриятлари билан бевосита боғлиқ. Ижтимоий одоблар — шахсий ҳаёт ва жамиятни мувозанатда сақлайдиган асосий тамойиллардир. Қуръони Карим инсонларни фақат ибодат қилишга эмас, балки бир-бирига ҳурмат, адолат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишга ҳам чақиради. Бугунги кунда, жамиятдаги низолар, ғийбат ва ҳасад каби иллатлар инсонлар ўртасидаги ишончни камайтираётган бир пайтда Қуръоннинг ижтимоий одоблар ҳақидаги таълимотлари долзарблигини сақлаб қолмоқда.

1. Ҳурмат ва эътибор

Ҳужурот сурасида Аллоҳ Таоло таъкидлайди:

“Бир-бирингизга лақаб қўйманг, иймондан сўнг фосиқлик исми нақадар ёмон...” 

Бу оят инсоннинг шахсиятини ҳурмат қилиш, бир-бирини пасткашлик билан чақирмаслик зарурлигини кўрсатади. Жамиятда инсонлар ўртасидаги ҳурмат тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ҳурматнинг шакли фақат сўз билан чекланмайди — одобли хулқ, меҳр-мурувват ва бир-бирини қадрлаш ҳам унга киради.

2. Сўз ва хулқни пок тутиш

Ижтимоий одобларнинг муҳим жиҳатларидан бири — сўзга эҳтиёткорлик билан ёндашишдир. Қуръон ғийбат, туҳмат ва ёмон гаплардан сақланишни буюради:

“Эй иймон келтирганлар! Кўп гумондан сақланинглар, гумонларнинг айримлари гуноҳдир. Бир-бирингизнинг айбингизни қидирманглар ва бир-бирингизни ғийбат қилманглар...” (Ҳужурот, 12-оят)

Бу оят жамиятда соғлом муҳитни сақлаш, шахсий ҳурмат ва меҳр-мурувватни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Инсонлар орасида самимийлик ва ишончнинг шаклланиши сўз ва хулқнинг поклигига боғлиқдир.

3. Сабр ва бағрикенглик

Ижтимоий ҳаёт доимо турли вазиятлар ва инсонлар билан юзма-юз бўлишни талаб қилади. Қуръонда сабр қилиш ва бағрикенг бўлишга буюрилади:

“Шубҳасиз, Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга бўлади.” (Бақара, 153-оят)

Сабр — нафақат шахсий бахт, балки жамият фаровонлигининг пойдеворидир. Бағрикенглик эса инсонлар ўртасидаги низоларни камайтириб, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

4. Адолат ва тенглик

Жамият барқарорлиги ва инсонларнинг бир-бирига ишончи адолатга боғлиқ. Қуръонда шундай дейилади:

“У зот одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур ...” (Нисо, 58-оят)

Адолат ижтимоий одобнинг муҳим кўрсаткичидир. У ёмонлик ва зулмнинг олдини олади, инсонларни тенг ва ҳуқуқий жиҳатдан баробар тутади. Шу тариқа, жамиятда ишонч, хавфсизлик ва ҳамжиҳатлик кучаяди.

Хулоса

Қуръони Карим ижтимоий одобларни инсоннинг руҳий ва ижтимоий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида кўрсатади. Ҳурмат, сўз ва хулқни пок тутиш, сабр ва бағрикенглик, адолат, муҳаббат ва қўллаб-қувватлаш — буларнинг барчаси жамиятда барқарорлик ва бирликни таъминлайди. Ҳар бир мусулмон бу тамойилларни ўз ҳаётида амалда қўллаши, ижтимоий одобларни кенг жорий қилиши зарур. Шу билан нафақат ўзининг руҳий камолотини таъминлайди, балки жамиятнинг тинч ва фаровон бўлишига ҳисса қўшади.

 

СУХРОБ домла Қадамов

Имом фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мудир ўринбосари