20.05.2026

ҚУРЪОНИ КАРИМ — БАРЧА ДАРДЛАРГА ШИФОДИР

ҚУРЪОНИ КАРИМ — БАРЧА ДАРДЛАРГА ШИФОДИР 

Ҳар бир мусулмон учун Қуръони Карим барча жисмоний, нафсий (психологик) ва руҳий касалликларга шифо эканлиги аён ҳақиқатдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар! Сизларга Парвардигорингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарсаларга (барча ёмон иллатларга) шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.» (Исро сураси, 82-оят).
Оятда келган «мин» (дан) сўзи баъзи қисмини эмас, балки баён қилиш (изоҳлаш) маъносини англатади. Зеро, шифо ва раҳмат Қуръоннинг фақат бир қисмига хос бўлмай, балки унинг барча оятларини қамраб олади. Олимлар айтишича, «Қуръон» сўзи худди «сув» сўзи кабидир: сувнинг кўплиги сабабли денгизга ҳам «сув» деб айтилганидек, идишдаги озгина миқдордаги сувга ҳам «сув» дейилади. Худди шунингдек, Қуръон деб унинг барчасига ҳам, битта оятига ҳам айтилаверади.
Исмат аҳли (Аҳли байт)дан келган тафсирда Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар)» (Исро сураси, 45-оят) деган сўзидаги «Қуръон»дан мурод қуйидаги оятдир: «Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ — парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар.» (Ёсин сураси, 9-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам Қуръон билан шифо излашнинг аҳамиятига далолат қилувчи сўзлар келган:
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Ким Қуръон билан шифо топишни истамаса, Аллоҳ унга шифо бермасин».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Қуръони Карим ҳақида шундай деганлар: «Дардларингизга ундан шифо сўранглар, қийинчиликларингизда ундан ёрдам сўранглар. Зеро, унда энг катта дард — куфр, нифоқ, адашиш ва залолат учун шифо бордир».
Имом Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳдан : «Сизларга диллардаги (қалбий) касалликлар, ёмон хаёллар ва шубҳали ишларга шифо бўлган Китоб нозил қилинди».
Яна Имом Содиқ роҳматуллоҳи алайҳдан: «Агар Қуръондан бўлса, дам солиш (руқия), дуо ва паноҳ сўрашнинг зарари йўқ. Кимни Қуръон соғайтирмаса, уни Аллоҳ соғайтирибди. Бу нарсаларда Қуръондан кўра етукроқ нарса борми? Ахир Аллоҳ: "Биз Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган нарсаларни нозил қиламиз", деб айтмаганми?»
Шунингдек, у зот: «Биздан сўранг, биз сизга ҳар бир дард учун Қуръоннинг қайтарувчи (шифо берувчи) оятларини ўргатамиз ва кўрсатамиз», деб айтганлар.
Ҳожи Али Халифа роҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мен "Найсан суви" (баҳорги ёмғир суви)га суралар ва зикрларни ўқиб тажриба қилдим, натижада саратон, бепуштлик ва ҳар хил касалликларга чалинган юзлаб беморлар шифо топишди. Шунингдек, асал, зайтун мойи ва булоқ сувларига ҳам ўқидим ва мўъжизавий натижаларни кўрдим».

Хулоса 
Қуръон — инсонни ич-ичидан (қалбидан) бошлаб, ташқи аъзоларигача соғломлаштирувчи мукаммал дастур амалдир 

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

 

Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Тоҳиржонов Муҳаммадризо