10.12.2021

ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДАГИ ТАХДИДЛАРДАН ХУШЁР БЎЛАЙЛИК.

Бугунги кунда глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари даврида ҳаётимизни интернетсиз, мобиль қурилмасиз,умуман олганда ахборот воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз. Аммо биз ундан фойдаланишда чегараларни йўқотиб қўймаяпмизми? Ўзимизни англаяпмизми? 

Орамизда ўзини қабиҳлик, разолат уммони ҳисобланган диний экстремизм, терроризм, одам савдоси каби ботқоқликка ботираётган “инсон“лар сафи кўпаймоқда. Улар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англамай, диний экстремизм тўдалари сафига қўшилиб қолмоқда. Бунда асосан  Замонавий ахборот воситаларидан кенг фойданишяпти. 

Айниқса ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқдалар. 

Таҳдид деганда бирон бир ёмонлик, бир кишига зулм тушунилади. Ҳозирда таҳдидларнинг турлари ҳам мавжуд бўлиб унга ахборот таҳдидини мисол қила оламиз

XXI асрни замонавий оммавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, радио, телевидение, интернет тармоғисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, интернетнинг имкониятлари кенг ва чексиз бўлиб, у газета, радио ва ҳатто телевидениедан кўра ҳам кучлироқ таъсирга эга. Ахборот узатиш, алмашиниш ва қабул қилиш жараёнида тезкорлик, аниқлик, сифат ва таъсирчанликни таъминлаш, ахборотнинг глобал миқёсда кенг ёйилиши имкониятларини очиб бериши “бутун жаҳон ўргимчак тўри”нинг аҳамиятини, ундан фойдаланиш эҳтиёжини орттирмоқда.

Ўзбекистонга ҳам интернет шиддатли қадамлар билан кириб, кундалик ҳаётимизда ўзининг ўрнига эга бўлмоқда. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Фан-техниканинг ютуқлари инсоният фойдасига, эзгу мақсадларга хизмат қилиши ижобий ҳолат. Лекин виртуал оламдан айрим кучларнинг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун фойдаланаётганлиги ҳам ҳақиқатдир.

Афсуски, электрон дунёни турли сиёсий кучлар, террористик, экстремистик ташвиқотлар ва ғояларни тарғиб қилувчи, ҳар хил жиноий тўдаларнинг фаолиятларини амалга оширишларига ва ўз қарашларини оммага тарғиб қилишларига ҳам кўмаклашмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг йирик ташкилотларнинг таҳдидлари, интернет тармоғида ҳам ўзларининг мафкуравий майдонларини яратиб, умумжаҳон компьютер тармоғида кенг қамровли ахборот террорини, “муқаддас уруш” — “электрон-жиҳод”ни олиб бораётганликлари, глобал ва минтақавий хавфсизликка нисбатан янги таҳдидлар ва янги муаммолар пайдо қилаётганликлари, айни пайтда, глобаллашув шароитида, дунё ҳамжамияти олдида ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистонда юқорида айтиб ўтилган муаммолар таъсирларига тушиб қолмаслик учун, умуминсоний қадриятларга, миллий анъана ва урф-одатларга, халқнинг эътиқодига, маънавияти ва маданиятига, онги ва тафаккурига зарар етказадиган ёт мафкура ва қарашлардан сақлаш учун нималар қилиняпти ва нималар қилиш керак? Интернет оламини чеклаб ёки маълумотлар олишни тўхтатиб қўйиш билан масала хал бўлмайди.

Интернетдан олинаётган ахборотларга танқидий ёндашиш ва унинг фойдали манбалари асосида ўз дунёқарашини кенгайтириш, ғаразли маълумотларни инкор эта билиш идрокини, мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш ғоят муҳим жиҳатдир. Ҳар бир ёш маълум бир кўникма ва билимларга, диний ва дунёвий илмлар моҳиятини тушуна олиш қобилиятига эга бўлиши, дунёда кечаётган сиёсий ва иқтисодий жараёнларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Буни аввало, ўзининг тақдири, келажаги олдидаги масъулият деб билса, иккинчидан, Ватани ва халқи олдидаги бурчи сифатида тушунмоғи лозим, анашундагина самарали натижаларга эришилади.

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мударриси.

Izoh qoldirish

Izohlar