16.06.2022

СОҒЛОМ ЭЪТИҚОДДАН ТОЙГАНЛАРГА МУНОСАБАТ

Бугунги кунда глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари даврида ҳаётимизни интернетсиз, мобиль қурилмасиз,умуман олганда ахборот воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз.

Анашундай вазиятда Ҳар қандай ақлли инсон қаердан, қандай маълумот олмасин уни албатта текшириб кўриши унга кўр – кўрона эргашиб кетавермаслиги керак.

Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар-бир инсон) масъул бўлади деган хитобига қатъий амал қилиш лозим.

Бу борада Абдллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): “Дин – бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг”, — деганлар.

Шундай экан ҳар биримиз ҳар қандай кўринишдаги маълумотлар ҳоҳ у интернет тармоқларида бўлсин ҳоҳ матбуотда бўлсин уни текшириб кўрмасдан кўр – кўрона эргашиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши билишимиз керак.

Ислом дини таълимотига кўра, ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади.

Улуғларимиздан бирлари ақида хусусида шундай ёзганлар:

“Ақида билмаган Шайтона элдир

Гар минг йил тоат деб қилса елдир ”

Эътиқод илмини билишлигимиз нихоятда зарур эканлигига бу байт далолат қилмоқда.

Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан ўтирган холларида ерга узун чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар.

Кейин ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36 та чизиқ тортиб, “Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошидан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир” дедилар – да, сўнг қуйдаги ояти каримани ўқидилар:

“Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс холда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом сураси, 153-оят).

Таъкидлаш жоиз, Қуръони Каримнинг 50 дан зиёд сураси, 100 лаб оятларида мусулмонлар тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Динга даъват қилишда мажбурлаш қатьий қораланади.

Таҳликали бугунги кунда юртимизда тинчликни асраш, фитналардан ҳушёр ва огоҳ яшаш давлат ва жамият олдидаги долзарб вазифамиз эканини, ушбу йўналишда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш зарур экани ҳақида хулоса қилишимиз зарур.

Айни чоғда фарзандларимизни турли сохта ақидалар таъсиридан сақлаш ҳар бир ота-онанинг бурчи эканига эътиборини қаратишимиз лозим.

Айниқса, бугунги кунда хорижда ишлаётган ёки таҳсил олаётган ёшларни экстремистик оқимларнинг таъсиридан огоҳ этиш ва ҳимоялаш, шунингдек, фарзандларимизни Интернет тармоғидаги ақидапараст ва сохта даъволарга алданиб қолишларига йўл қўймаслик барчамизнинг долзарб вазифамиз ҳисобланади.

Азизлар ҳаммамиз бандамиз камчилликларимиз бисёр, шунга қарамасдан тўғри йўлни танлаш учун ақлимиз етарли, Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг тўғри йўлидан айирмасин.

У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мудир муовини.

Izoh qoldirish

Izohlar