24.12.2021

Ижтимоий тармоқ фитналар уюштириш макони

Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди. 

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади. 

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига ега бўлган қўштирноқ ичидаги шайхлар ўзларини қувватсиз ҳужжатларини ўртага қўйиб фатво бериб, мусулмонларни фитна ва ихтилоф ичига солишмоқда. Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: 

﴿ وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ  (سورة ﺍلبقرة/217)

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида бундай амр этади:

﴿ وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سورة ﺍﻷنفال/25)

яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси 25-оят).

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Зот айтадилар: 

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَيَتَمَثَّلُ فِى صُورَةِ الرَّجُلِ فَيَأْتِى الْقَوْمَ فَيُحَدِّثُهُمْ بِالْحَدِيثِ مِنَ الْكَذِبِ فَيَتَفَرَّقُونَ فَيَقُولُ الرَّجُلُ مِنْهُمْ سَمِعْتُ رَجُلاً أَعْرِفُ وَجْهَهُ وَلاَ أَدْرِى مَا اسْمُهُ يُحَدِّثُ

яъни: “Албатта, шайтон бир киши қиёфасига кириб, халққа ёлғон ҳадис айтганда, улар фирқаларга бўлинадилар. Улардан бири: “Мен юзини танийману, аммо исмини билмаганим кишидан ҳадис эшитдим”, дейди” (Имом Муслим ривояти).

Турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда. 

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.

Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир.  Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: 

" إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ " (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِم)

яъни: “Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривояти). 

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта. 

Бу каби “тарғиботчилар” ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади. Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

" إِنَّ بَعْدِى مِنْ أُمَّتِى - أَوْ سَيَكُونُ بَعْدِى مِنْ أُمَّتِى - قَوْمٌ يَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ لاَ يُجَاوِزُ حَلاَقِيمَهُمْ يَخْرُجُونَ مِنَ الدِّينِ كَمَا يَخْرُجُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ ثُمَّ لاَ يَعُودُونَ فِيهِ هُمْ شَرُّ الْخَلْقِ وَالْخَلِيقَةِ " (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ)

“Мендан кейин умматимдан ёки мендан кейинги бўладиган умматимдан (бу ерда ровийнинг иккиланиши) Қуръон ўқиганда, у халқумларидан ўтмайдиган, диндан худди камондан ўқ чиққандек, чиқиб кетиб, кейин унга қайтмайдиган қавм бўлади. Улар одамлар ва махлуқотларнинг ичида энг ёмонларидир” (Имом Муслим ривояти).

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, фатво бериш – улкан масъулият экани ва у билан фақатгина етук илм ва малакага эга бўлган уламоларгина шуғулланиши лозимлиги салафи солиҳлар давридан уқтириб келинган. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши лозим. 

М.Юнусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar