ИМОМ АЗАМ БУЮК ТОБЕИН
Имом Абу Ҳанифа биринчи ҳижрий аср охирларигача яшаган бир қанча саҳобаи киромлар билан учрашганлар ва баъзиларидан ҳадис ҳам ривоят қилганлар. Шу боисдан тобеинлик даражасига кўтарилиб, бошқа фуқаҳолардан мартабалари юқорирокдир.
Ҳориз аз-Заҳабий айтади: "Абу Ҳанифа ёшлигида саҳобий Анас ибн Молик билан учрашган".
Ҳофиз ибн Саъд Абул Муваффақдан ривоят қилади, у айтади: "Мен Абу Ҳанифадан эшитган эдим, у: "Анас ибн Молик Куфага келиб Аннах деган жойда турган эди, соқолини қизилга бўярди, мен уни бир неча бор кўрганман", деб айтган эди".
Барча уламолар Абу Ҳанифани тобеъин эканларига ва саҳобаи киромлар замонасида яшаб, улардан баъзиларини кўрганларига иттифоқ қилишган. Лекин неча саҳобийни кўрганлари ва нечтасидан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида уламолар орасида ихтилоф бор.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни баъзи саҳобаи киромлар билан учрашганликларини қуйидаги уламолар ҳам таъкидлашган: Имом азЗаҳабий, ибн Саъд, Ҳофиз ибн Ҳожар, ибн ал-Жавзий, Дар ал-Қутний, Алий Қорий кабилар.
Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий (раҳимаҳуллоҳ) Шайхул Ислом Ҳофиз ибн Ҳожардан ривоят қилиб айтадики: "Имом Абу Ҳанифа ўзи туғилган 80 ҳ.санадан сўнг Кўфа шаҳрида яшаган бир қанча саҳобалар билан учрашган, шу боисдан у тобеинлар табақасидандир, бундай мартаба Абу Ҳанифага ҳамаср бўлиб, турли шаҳарларда истиқомат қилган уламоларга, яъни, Шомдаги Имом Авзоийга, Басрадаги Ҳаммодга, Кўфадаги Саврийга, Мадинадаги Имом Моликка ва Мисрдаги Лайс ибн Саъдга ҳам насиб этмаган.
Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий яна айтадики, Имом Абу Ҳанифа Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида тилга олинган йирик тобеинлардандир: "Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар (тобеинлар) - Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир" (Тавба, 100). ("Ал-ҳайрот ал-ҳисон" китобидан.)
Уламолар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тобеийн эканларига иттифоқ қилган бўлишса ҳам, саҳобалардан ҳадис ривоят этганлари тўғрисида турли фикрдалар. Абу Бакр ибн Али ал-Айний Абу Ҳанифани еттита саҳобадан ривоят этганларини айтиб, уларнинг номини шеър қилиб келтирган. Ҳофиз ас-Солиҳий эса "Уқуд ал-жумон" китобида, Имом Абу Ҳанифа саккиз саҳобий ва бир аёлдан ҳадис ривоят қилган, дейди ва уларнинг номларини келтиради. Булар: Анас ибн Молик, Амр ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Анис, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Ибн Жузъ аз-Зубайдий, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Воила ибн Асқоъ, Ойша бинти Ажрад розийаллоҳу анҳумлардир.
Шунинг учун уламолар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан саҳиҳ йўл ва кучли санад билан ривоят қилинган ҳадисларни саҳиҳ ҳадислардан деб айтадилар. Чунки Абу Ҳанифанинг ҳадис ривоят қилишдаги шартлари кучли бўлиб, ўзлари ҳам ростгўй, ишончли, тақво борасида имомларнинг пешволаридан деб танилган зотдирлар.
Фикримизнинг далили сифатида қуйидаги ривоятни келтирамиз. Абу Ҳанифага ҳамаср бўлган Шомнинг етук фақиҳларидан Имом Авзоий Абдуллоҳ ибн Муборакдан: "Кўфа шаҳридан чиққан, исми "Абу Ҳанифа" бўлган бидъатчи қандай одам ўзи?" деб сўради. Ибн Муборак унга жавоб кайтармади-да, музокарада давом этиб, ечими қийин бўлган бир неча масалаларни ўртага ташлади, сўнг бу масалаларнинг тушуниш йўлларини баён қилиб, уларнинг фатвосини ҳам айтди. Шунда Авзоий: "Бу фатволарни ким айтган?" деб сўради. Ибн Муборак унга: "Ирокда бир шайхга учрашган эдим, шу киши айтди", деди. Авзоий: "У ўта доно, олим шайх экан, боргинда, ундан кўпроқ таълим олгин",. деди. Шунда ибн Муборак: "У шайх Имом Абу Ҳанифа эдилар", деди. Кейинчалик Авзоий билан Абу Ҳанифа Маккада учрашишди ва Авзоий ибн Муборак айтган масалаларни у киши билан музокара қилди ва унинг моҳиятига тушуниб етди. Абу Ҳанифа кетгач, Авзоий ибн Муборакка: "Мен у кишининг илмининг кўплигини ва етук ақл соҳиби эканини кўриб, унга ҳавасим келди. Аллоҳ мени ўзи мағфират қилсин, у киши ҳақида мен нотўғри фикрда эканман. Чунки у киши ҳақида менга етиб келган хабарлар тамоман нотўғри экан", деди ("Ал-ҳайрот алҳисон" китобидан).
Имом Суютий "Имом Абу Ҳанийфанинг фазли ҳақидаги оқ саҳифа" номли рисола ёзди. Яна бир шофеий олим ибн Хожар ал-Маккий ҳам Абу Ханифанинг фазлу тақволари, буюк аллома ва пешволиклари ҳақида "Абу Ҳанифа Нуъмон фазли ҳақида чиройли таълимот" номли китоб ёзди. Шунингдек, Шарроний деган олим ўзининг китобида Абу Ҳанифани мадҳ этиб, у зотнинг шаънларини ва обрўларини ҳимоя қилиб, фатво олишдаги илмий йўлларини қувватлаб батафсил ёзди ва Абу Ҳанифани, Аллоҳнинг валийлик риштасига боғланган авлиёлардан бири, деб атади.
Абу Ҳанифа салафи солиҳлар йўлидан юрган киши бўлиб, асрлар оша йўлчи юлдуз каби раҳнамо, тақводор-солиҳ кишиларга ўрнак бўлиб қолажак. Бу йирик аллома ўткир илмлари, юксак фаросатлари, ақлу заковатлари ва тақвою салоҳиятлари билан танилган зотдирлар, ҳар хил одамларнинг уни мақтаб ривоятлар тўқишига муҳтож эмаслар. Чунки у зотнинг фазлу карамлари, зуҳду тақволари, дину диёнатлари ва етук фақиҳликлари ҳақида, юқорида зикр қилганимиздек, етук алломалар ўзлари гувоҳлик беришган. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ биринчи бўлиб илмни тасниф қилиб, уни бобларга ажратиб, тартибга солган зотдирлар.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, буюк имомлар таькидлаганидек, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ тобеин бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг бир қанча саҳобалари билан мулоқотда бўлган, улардан таълим олиб, ҳадис ривоят қилган зотдирлар.
ИброҳимовСаидислом
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти 4-курс талабаси
Izohlar