11.02.2022

Дурул-куфр (ёки дорул-ҳарб) нима дегани.

 Мазкур ибора куфр диёри (уруш диёри) деган маънони англатиб, ислом фақиҳлари томонидан мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган диёрларга нисбатан қўлланилган. Истилоҳда куфр (ҳарб) диёри ислом дини умуман кирмаган, яъни куфрга асосланган жамиятга нисбатан қўлланилган. Бироқ аввал ислом, кейин куфр (ҳарб) диёрига айлантирилган ҳудуд ислом диёри ҳукмида қолаверади. Умуман олганда, куфр (ҳарб) диёри деб, ҳақиқатда ислом диёри билан уруш қилмаётган, лекин амалда бунинг хавфи бор бўлган ҳудудга нисбатан қўлланилган. Агар ўртада тинчлик шартномаси тузилган бўлса, куфр (ҳарб) диёри деб аталмаган. 

Ислом уламолари куфр ва ҳарб диёрлари тушунчалари ўртасини ажратмайдилар. Гарчи куфр диёри мусулмонлар билан ўртада уруш бўлмаган ҳудудга нисбатан тушунилса-да, мусулмонлар билан уришаётган ҳарб диёри ҳам тинчлик вақтида куфр диёри ҳукмида бўлган. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир ҳарб диёри куфр диёри деб ҳисобланган. 

Мазҳаб соҳиблари ўртасида куфр диёри ислом арконлари пайдо бўлиши билан ислом диёрига айланишни ўзаро иттифоқ қилганлар. 

“Диёр” сўзи ҳозирда “давлат” атамасига тўғри келади. Манбаларга кўра, “дорул-аҳд” ва “дорус-сулҳ” тушунчалари истилоҳга илк бор Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан киритилган. 

Бугунги кунда Ер юзида исломни етказиш мумкин бўлмаган ёки куфр диёри деб номлашга лойиқ макон қолмади. Илгари шу ном билан аталган диёрлар ҳам ҳозирда кўпинча сулҳ диёри дейилмоқда. Шуниси қувонарлики, давлат, халқ, маданият ва динлараро билан ўзаро аҳилликда яшаш мафкураси бугунги кунга келиб ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди. Жумладан, маданий тузум давлатлари ташкил топиб, диний, ирқий ва миллий ҳуқуқлар ҳимоя қилина бошлагач, бутун дунё мамлакатлари тинчлик, эркинлик ва тинч-тотув яшаш тарафдори эканлигини эълон қилдилар. 

Демак, бугунги глобаллашув давримизда ислом маърифати ёйилишининг асосий қарашларида ислом диёри ва сулҳ диёри тушунчалари кенг ва оммавий шаклда қўлланилаётгани эътиборга моликдир. Чунки, жаҳондаги барча давлатлар ўзаро ҳурмат ва тенгликка асосланган дипломатик алоқаларни кенг йўлга қўйган. Қолаверса, ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар таъсис этилиб, мазкур давлатлараро ўрнатилган муносабатларни кузатиш ва тегишли тартибда манфаатли таклифлар бериш жараёнлари мувофиқлаштирилган.

У,Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий 
ислом билим юрти мудир муовини,

Izoh qoldirish

Izohlar