ПОКЛИК ИЙМОННИНГ ЯРМИДИР!
Халқимизга хос-минг йилларки ўзгармай келаётган одат ва анъаналар борки, одатий ҳаётимизда буларга кўпинча эътибор ҳам бермаймиз. Хонадонга янги тушган келин ҳар куни эрталаб туриб, уй атрофлари –йўл ва йўлакларни озода қилиб супириш одатини олиб кўрайлик. Бу одат бир кунлик эмас –ҳар куни давом қилади. Вақт келиб, бу вазифани шу келиннинг қизлари бажара бошлайдилар.
Динимиз том маънода поклик динидир. Бу поклик ўз ичига ўз навбатида қалбни, баданни, устимиздаги кийим-бошни ва албатта яшаётган манзилимиз –атроф-муҳит тозалигини сақлашни қамраб олади. Қалб поклиги –ёмон амаллардан сақланиш, эзгу ва савоб ишларни бажариш, бировлар кўнглигини оғритмаслик каби инсоний фазилатлардан ташкил топса, бадан поклиги орқали инсон ўз саломатлигини асрайди –баданга тушадиган ва касаллик қўзғайдиган ножинслардан сақланади.
Мусулмон банда учун атроф-муҳит поклигини сақлаш энг савоб амаллардан ҳам бурчларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳисаалом бу ҳақда Имом Табаронийдан келмиш ривоятда:”Уйларингиз атрофини пок тутинглар!” деганлар. Яна бу ҳақда Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят шундай ривоят қилинади:”Набий саллоллоҳу алайҳи вассалам:”Поклик имоннинг ярмидир”, -дедилар.
Юқорида хонадонга янги тушган келинлар хонадонлари ва уй атрофларини ҳамиша озода тутишлари учун ҳар куни эрта тонгдан супириб-сидиришларидек яхши одат борлигини айтдик. Афсус билан қайд қилиш керакки, бу одат асосан қишлоқ жойларда сақланиб қолган. Шаҳарларда эса бу одат гўё унутилган. Гўёки, шаҳардаги кўча ва йўлаклар “умум фойдаланадиган” мақомини олган. Айниқса, кўп қаватли турар жойларда яшаётган хонадон эгалари иморатларнинг кириб-чиқиш йўлакларини супириш-тоза сақлашга эътибор беришмайди. Бу иш учун масъул ташкилот –ободонлаштириш бошқармаси ходимлари бор деб билишади. Тўғри, ҳукуматимиз шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини замонавий тусга келтириш, обод ва шинам сақлаш мақсадида ушбу хизматни ташкил қилган. Аммо, айтайлик, кўп қаватли турар жойнинг кириш-чиқиш йўлакчаларини озода сақлаш кўп меҳнат талаб қилмайди. Шу турар жойда яшайдиган хонадон эгалари навбати билан бу ишни қилишлари мумкин. Шунда ҳар хонадонга ҳафтада бир марта супириш-сидириш навбати етади, холос. Йўқ, кўпчилик бунга эътиборсиз.
Биз бугун кўчаларда ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётган хотин-қизларимизни учратишга одатланиб қолдик. Қиш совуғи, ёз жазирамасида бу аёллар бетиним ўз ишлари билан машғуллар. Бизлар уларнинг савобли ишларига раҳмат айтиш, улар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ўрнига кўчада кетаётиб, писта чақамиз ёки тамаки тутатиб, унинг қолдиғини дуч келган жойга ташлаб кетаверамиз.
Атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, кўча четида, йўллар атрофларида ўсаётган дов-дарахтларни авайлаб-асраш аввало ўзимизга фойда. Аллохнинг неъмати бўлмиш ҳар бир дарахт, ҳар бир бута инсон нафас олиши учун зарур кислород ишлаб чиқаради. Қолаверса, дарахтлар инсонни жазирама иссиқдан муҳофазалайди. Икки буюк саҳро –Қорақум ва Қизилқум оралиғида жойлашган, кескин иқлимга эга воҳамиз учун ҳар бир дарахт ҳаёт манбаи. Афсуски, эътиборсизлигимиздан сўнги йилларда воҳа табиатига путур етди. Турли ҳашоратлар асрий гужумларимиз, улар ортидан иморатларимизга асқотадиган теракларни нобуд қилди. Айрим кимсалар қиш ойларида яшнаб турган дарахтларни ўтин учун кесиб олишни одатга айлантиришди.
Юртбошимиз ташаббуслари билан ўтган йили куз ойларида “Яшил майдон” умуммиллий ҳаракати бошланди. Мақсад –юртимизда атроф-муҳитни мусаффо сақлаш. Шу мақсадда икки юз миллион дона дарахт экиш белгиланган. Вилоятимизда эса ўн икки миллион дона кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, ўтган йили куз ойларида бу савобли амалларнинг бир қисми бажарилди –кўчалар, сув йўллари бўйларига турли манзарали дарахтлар экилди. Ҳаво илиб кетиши билан бу савобли жараён давом қилдирилади.
Бу савобли жараёнда қатнашиш, ҳеч бўлмаганда бир туп кўчат ўтқазиш ҳар биримизнинг фуқаровий бурчимиздир.
Бундан ташқари ўтқазилган ниҳолларни асраб-авайлаш, кўчатлар ривожланиши, ўсиб-унуши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Янги ўтқазилган ниҳолларни чорва моллари нобуд қилмаслигини назорат қилиш ҳам муҳимдир.
“Яшил майдон” умуммиллий ҳаракати нафақат бугунимиз, балки эртанги кунимиз –мусаффо ҳаво, тоза табиатни яратиш йўлидаги ғоят савобли ишдир.
Имонимиз бут бўлсин десак қалбимизу жисмимиз ва ён атрофимиз поклигига эътибор берайлик!
Ҳасанбой КЕНЖАЕВ
Урганч шаҳар бош имом-хатиби
Izohlar