18.03.2022

ТАҲДИД НИМАЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ

Бугун биз жадал суръатлар билан ўсиб келаётган янги ахборот-технологиялар асрида яшаяпмиз. Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнининг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар манфаатларига ҳам хизмат қилаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу шароитда президентимиз таъбири билан айтганда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга бўлиб қолмоқда. Ядро полигонлари қаерда жойлашгани, унинг қувватини, қандай мақсадга йўналганлигини муайян даражада аниқ билиш мумкин. Аммо, ёвуз ва ёт мафкуравий мақсадларни қаердан ва қандай йўллар билан инсонлар қалбини эгаллаб олаётганлигини осонликча билиб бўлмайди. 

“Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг неча юз йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар одамни ташвишга солмай иложи йўқ. “Миллат бор экан, миллий давлат бор экан, унинг мустақиллиги ва эркинлигига, анъана ва урф-одатларига таҳдид соладиган, уни ўз таъсирига олиш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш, унинг бойликларидан ўз манфаати йўлида фойдаланишга қаратилган интилиш ва ҳаракатлар доимий хавф остида сақланиб қолиши муқаррар”- деб ёзади президентимиз И.А.Каримов. 

Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандимизни маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун, бир сўз билан айтганда, кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади. Миллий  истиқлол ғоясига зид бўлган ва бегона ғояларнинг кириб келишига ва ёшларимиз онгини эгаллашга, уларни мамлакатимизда белгиланган улуғ мақсадларни амалга оширишдан оғдиришда уринишлар бўлганлигининг гувоҳимиз. Бундай ҳаракатларнинг тарафдорлари «дўст», «миллатдош», «ватандош», «диндош» бўлиб кўриниш мақсадида ўз ғояларини амалга оширишга уриндилар. Натижада, миллий қадриятларимизга зид бўлган турли хил қарашлар аҳоли, айниқса, ёшлар онгини эгаллашга ҳаракат қилди.

Турли мамалакатларни мафкуравий забт этиш ғоят катта иқтисодий манфаатлар билан уйғунлашиб кетган. Яъни, жамиятни мафкурасизлантиришга, ғоясизлантиришга йўналтирилган ахборотлар бозорида маънавий-маданий, ғоявий-мафкуравий жиҳатдан савияси паст бўлган аудио ва видео кассеталар, аҳлоқсизликка олиб келадиган адабиёлар ва бошқа “санъат асарларининг” сотилиши ёки интернет тармоқлари орқали кенг тарқатилиши кимлар учундир жуда катта фойда манбаи бўлиб қолаётганлиги ҳаммага маълум.

Бунда оммавий ахборот воситалари орқали психологик таъсир ўтказишнинг янгидан-янги усулларидан фойдаланадилар. Хусусан, миллий ҳаётимизга хос муайян хусусиятларни очиқдан-очиқ қоралаш, ерга уриш ёки айрим тарихий воқеа-ходисаларни умуман бўлмагандек, жаҳон маданияти, илму-фанига улкан хисса қўшган улуғ алломаларимизни бизга алоқаси йўқдек қилиб кўрсатишга уринишлар мавжуд. Шунингдек, жаҳон афкор оммасида Ўзбекистон ҳақида нотўғри тасаввур туғдиришга бўлаётган интилишларни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. 

Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замон илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган. Жаҳон кенг – дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю-ягона!

Мана шундай ҳиссиётларни қалбдан ўтказиб, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимизни янада гуллатиб-яшнатиш, унинг ёруғ ва фаровон келажаги учун бутун борлиғимизни бағишлаб, керак бўлса, жонимизни фидо этишга ҳам тайёр бўлиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти мударриси 

Собиров Маҳмуджон 

Izoh qoldirish

Izohlar