25.03.2022

АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

        Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа, ужб, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир. Шунинг учун ихлоснинг моҳиятини ўрганиш ва у ҳақида мулоҳаза қилиш ҳар бир мусулмон учун зарур ҳисобланади.

         “Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.

Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос – банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, – деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос – амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни, бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир”, – дейди. Ихлос – киши ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.

Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади. Бу икки ҳолатнинг ўртасида яна бир ҳолат бор. Масалан, бир киши касални зиёрат қилади, бу билан савоб олиш ва ўзи касал бўлса, бошқалар ҳам уни зиёрат қилишини қасд қилади ёки одамлар унинг жанозасига қатнашиши учун жанозага боради. Умуман айтганда бирор амални қилишнинг сабаби Аллоҳ таолога яқин бўлиш бўлади, лекин унга бошқа бир ғараз қўшилади ва бу ғараз амални бандага осон қилади. Мана шу ҳолат амални ихлос чегарасидан чиқариб қўяди. Энди у холис Аллоҳ учун бўлмасдан, риё аралаша бошлайди. Кўпинча инсон ғафлатда қолиб холис амалига, бошқа ғаразлар аралашиб, гоҳида амалнинг савоби камаяди, гоҳида бутунлай савоби йўққа чиқади. Шунинг учун охират саодатини умид қилган ҳар бир мўмин-мусулмон амалларини текшириб, ниятини янгилаб туриши керак.       

Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. 

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:

وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ 

яъни: “Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).

         Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб, ибодат қилишимизни буюради: 

إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ 

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар сураси, 2-оят).

         Мўмин-мусулмонлар динга ихлос билан амал қилиши нафақат бизнинг умматга, балки биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлганини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олсак бўлади:

وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ 

яъни: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).

Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади: 

"إنّمَا الأَعْمَالُ بالنِّيّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امرِىءٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصيبُهَا، أَوْ امْرَأَةٍ يَنْكَحُهَا،  فَهِجْرَتُهُ إِلى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ" )مُتَّفَقٌ عَلَيه(

Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан калимаи тоййибани айтишнинг фазилати тўғрисида шундай дейдилар: 

مَا قَالَ عَبْدٌ لَا إِلَهَ إِلَّا اللّهُ قَطُّ مُخْلِصًا، إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِي إِلَى الْعَرْشِ مَا اجْتُنِبَ الْكَبَائِرُ" )رواه الترمذى وحسنه(

яъни: “Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ихлос билан айтса, бу калимага осмон эшиклари очилади. Модомики, банда катта гуноҳлардан сақланар экан, у калима Аршгача етиб боради” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: “Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган катта тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: “Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради” – дейишди. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Менинг қари ота-онам бор эди. Уларни доимо бола-чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб  узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота-онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола-чақа, чорполарни  улардан аввал таомлантиришни хуш кўрмадим. Тонггача уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди.  Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Иккинчиси: “Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим (тахминан 510 грамм тилланинг қийматига тенг бўлади). Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш (зино)ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: “Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин”, – деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳолангки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. Учинчиси гап бошлади: “Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳаққисини бердим. Лекин биттаси ҳаққини олмай кетди. Унинг иш ҳаққисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир кун ўша мардикор келиб, ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер, дедим. У: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман”, – деди. Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди.  Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”, – деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўтганларимиз бир жойда йиғилиб қолишса, ихлос билан қилинган энг яхши ишларини ўртага чиқаришни хуш кўришмасди (яъни, уни яширишарди)”, – деган.

Ҳамдун ибн Аҳмаддан сўрашди:

  • Нега ўтган улуғларнинг гаплари бизникидан фойдали бўлган?
  • Чунки улар Исломни азиз қилиш, нафслар нажот топиши ва Раҳмоннинг розилиги учун гапирганлар. Бизлар эса нафслар азизлиги, дунё талаби ва одамларни рози қилиш учун гапирамиз.

Имом Шофеъий машҳурликдан қочиб шундай дер эди: “Одамлар мана шу илмни (яъни, у зотнинг китобларини) ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбат бермаслигини хоҳлардим”.

Табаа тобеъинлардан бўлган Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва: “Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.

Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими ёки йўқми фарқи бўлмайди.

Ихлосли кишилар амал қилиб туриб ҳам мақтовни хуш кўрмайдилар. Ваҳоланки, одамлар амал қилмаган ишларига ҳам мақталишни хуш кўрадилар. Мухлис кишилар амални ихлос билан қилиш, унинг савоб ва суннатга мослиги ҳамда оз бўлса ҳам давомийлигига эътибор қаратади. Мухлис бўлмаганлар эса гарчи амалини риё, хурофот ва бидъатлар фосид қилса ҳам, амалнинг кўплигига қизиқадилар.

Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ихлос-эътиқодли мухлис бандаларидан қилиб, ўзи тавфиқ берсин. Омин.

М.Юунусхўжаев
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси

Izoh qoldirish

Izohlar