29.04.2022

БОЛА ТАРБИЯСИГА КИМ МАСЪУЛ

          Ислом дини барча мусулмонларга фарзандлар учун ота-онага яхшилик қилишликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, фарзанд уларга нисбатан бурчли, сўзларини қайтармаслиги, ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир.  Ўзим гувоҳ бўлган воқеа. 20 ёшлардаги бир йигит машинасини туман марказидаги масжиднинг чиқавериш жойига кўндаланг қилиб тўхтатиб қўйибди. Пиёдалар йўли тўсилиб,  машиналар тирбанд бўлиб ўтиш қийинлашган. Бир отахон қулайроқ жойга олиб қўйишни айтган эди, ҳайдовчи  русча сўзлар билан ҳақоратлай кетди. Ҳайрон қолган отахон, ҳақоратинг тарбиячингга тегсин, дедилар-у бошини сарак-сарак қилиб йўлида давом қилди. Бу ҳолатни кузата туриб, мен айбни ўша йигитнинг оиласига, ота-онасига қўйдим. Илгари оила аъзолари жам бўлган чоғларда ота-оналар болаларга ўзингдан каттага салом бер, катталарнинг орқасида юр, қўлларидан юкини олиб ёрдамлаш, йўлдан ўтказиб қўй, сувга туфлама, йўлга ифлос кир сув ташлама деб, шунга ўхшаган гаплар билан сенга танбеҳ берса, гап қайтармай қабул қил қабилидаги насиҳатлар қилишдан чарчашмасди. Ҳозир шундай анъаналаримиз бироз хира тортгандай. 

Бундан минг йил олдин Абдуллоҳ Шибровий: “Ёмон фарзанд ота--онасига лаънат келтиради”,- деган эди. Шайх Саъдий эса: “Гар каъбани вайрон қилсанг, Қуръонни ёқсанг, тавба қилсанг, Каъбанинг, Қуръоннинг эгаси кечиради. Чунки, Каъбани минг чандон гўзал қилиб қайта қуриш, Қуръонни қайта чоп қилиш мумкин. Лекин вайрон бўлган қаллбнинг давоси йўқ, кечириш ҳам йўқ. Кечирган, даволаган билан ўрнига келмайди”., деганлар. Абдуллоҳ Журайр: ”Қалблар экин майдонларидир. Бу майдонга гўзал сўзларни эккин. Ҳаммаси униб чиқмаса ҳам, баъзилари униб чиқади-ку”,-деб марҳамат қилганди. Бола қалби учун эса энг яхши боғбон ота-она ва устоздир.

          Бугунги кунда айрим ота-оналар иложсиз фарзандларининг кўрсатмалари билан иш кўряптилар. Боиси, улар савдо-сотиқ қилиб ёки хорижда ишлаб беш-ўн сўм пул топиб келяпти. Бу катталарнинг сал тилини қисиб қўймоқда. Зеро, “Эҳсон инсонни қул қилиб қўяди”,-деган араб мақоли бор. Насиҳат виқордан пайдо бўлади. Баъзи ота-оналар боласи тарбиясидаги камчиликлар учун айбни ўқитувчиларга қўядилар. Бу нотўғри. Муаллим, кўпроқ билим беради. Тарбияни эса бола, асосан, ота--онадан олади. Қуръони каримнинг Исро сураси 23-24- оятларида шундай марҳамат қилинади: “Парвардигорингиз ёлғиз ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни буюрди. Агар ота-онангизнинг бири ёки ҳар иккиси кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уфф” деманг. Уларнинг сўзларини қайтарманг. Уларга доимо яхши сўз айтинг. Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тутинг, хокисор бўлинг. “Парвардигорим, улар мени гўдаклик чоғимда тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин ”, - деб ҳақларига дуо қилинг”. 

  Кексаликни кўриш ҳамма ота-онага ҳам насиб қилавермайди. Шунингдек, ота-она кексайганда ёки тўшакка ётиб қолганда, унга қараш ҳам ҳар бир фарзандга буюравермайди. Биз дунёга келганимизда оқ ювиб, оқ тараганлар. Ҳеч бўлмаганда, ҳафтада бир марта улар ҳолидан хабар олиб, ҳаммом қилдириб, кийимларини алмаштириб туриш бизга вожибдир. Бу билан бир марта бўлса ҳам қарзимизни адо қилган бўламиз. Бу ислом таълимоти, шарқ маданиятига кўра фарзандлик бурчимиздир. 

У.Рахимов
Имом Фахриддин ар-Розий
ЎМИБЮ мудир ўринбосари

 

Izoh qoldirish

Izohlar