14.10.2020

ОЛАМЛАРНИ ЁРИТГАН

Мана Роббиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшигини очган ойдир. Бу ой бутун оламларга раҳмат ва баракот манбаи бўлган зотнинг қуёши дунё узра илк бор порлаган ойдир. Бу ой икки жаҳон сарвари, Одам болаларининг афзали, охир замон Пайғамбари севикли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойдир.

Бу ой барча мусулмонлар учун қадрли бўлган, муҳим фурсат ҳисобланган ойдир. Шу боис, бутун Ислом олами бу ойни ўзгача тайёргарлик билан кутиб олади ва мусулмонлар истиқомат қилаётган деярли барча мамлакатларда бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш ойи сифатида ўтказилади.

Мавлид маросимлари Ислом оламида кенг тарқалганидан, унинг жоизлиги хусусидаги асарлардан ташқари, бундай йиғинларни қандай ўтказиш ҳақида ҳам алоҳида рисолалар битилган, мавлид китобларга шарҳлар ёзилган.

            Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, кўплаб маънавий меросларимиз, урф – одатларимиз тикланди, булар қаторида Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) таваллудларини нишонлаб “Мавлиди шариф” қиссаси ўқилиб, байрам ва хурсандчилик қилишдек савобли амал ҳам йўлга қўйилди.

Ота – боболаримиз қадимдан тўй – маросимларда, мавлиди шариф, ақиқа каби эҳсонларда мавлиди шариф қиссасини ўқиб маънавий озуқалар олишни одат қилишган.
Мавлиди шариф қиссаси ва маросимининг афзаллиги шундаки, бу маросимда Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) хақларига жуда кўп салавотлар айтилади.

Аллоҳ таоло бу хусусда шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!”.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: Набий (с.а.в): “Ким менга бир саловат айтса Аллоҳ унга ўнта салавот айтур”, дедилар. (Имом Муслим ривояти.)
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам: Расулуллоҳ (с.а.в): “Қиёмат куни инсонлар орасида энг биринчи менга йўлиқадигани менга кўп салавот айтганидир”, дедилар. (Имом Термизий ривояи).

Бутун инсонларнинг афзали бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай инсон бўлганликлари тўғрисида ҳам озгина маълумотлар бериб ўтсак.

            Пайғамбаримиз аввало комил ахлоқ эгаси эдилар. Бу сифатни васф этиш учун оддий инсон тили ожизлик қилади. Бу борадаги васф инсонларнинг Роббиси томонидан келган. Аллоҳ азза ва жалла ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хитоб қилиб: «Албатта, сен улуғ хулқдасан», дейди. (Қалам сураси 4-оят)

Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари оддий ахлоқ-одоб эмас, улуғ ахлоқ-одобдир. Бинобарин, у кишига эргашганларнинг ахлоқ-одоблари ҳам шундай бўлмоғи лозим. Инсонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳоралари, мўминларнинг онаси Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳодан у Зоти бобаракотнинг хулқлари қандай бўлганлиги ҳақида сўраганларида: «У кишининг хулқлари Қуръон эди», деган эканлар. Бу дегани, у зот Қуръонда келган ҳамма яхши сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар, деганидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги яхши сифат ва таълимотларни нафақат ўзларида мужассам қилган эдилар, балки уларни ҳарфма-ҳарф ўз умматларига тадбиқ қилиб, кўрсатиб ҳам берган эдилар.

Қуръони каримда улуғ хулқ эгаси сифатида васф қилинган, ўзларининг хулқлари Қуръон бўлган, ҳусни хулқлиларнинг имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудлари-туғилишларини эслаётган бугунги кунимизда у кишига тўлиқ эргашадиган, у кишининг хулқларини ўзига хулқ қилиб оладиган, у кишининг таълимотларини тўлиқ ўзлаштирадиган уммат бўлишимиз лозим. Аллоҳ таолодан бу дунёда у кишига эргашиб яшашликни насиб этишини, у дунёда Ўзининг розилигига ва пайғамбарининг шафоатига муяссар қилишини сўраймиз.

Файзуллаев Умиджон 

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ 2- курс талабаси

Izoh qoldirish

Izohlar