ЖИҲОД ФИТНА ЁКИ ЗЎРАВОНЛИК ЭМАС
Афсуски, бугунги кунда қора кучлар томонидан Яқин Шарқ минтақасида, қўшни Афғонистонда содир этилаётган қонли тўқнашувлар уюштирилиб, сиёсий ва иқтисодий танглик келтириб чиқарилмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, ваҳшийликларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди. Ушбу ҳолат биздан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.
Таассуфки, Ислом динини ниқоб қилиб олган мутаассиб шахслар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида Ироқ ва Сурия каби мамлакатларда террорчилик ҳаракатлари олиб бораётган жангариларни қўллаб-қувватлашга тарғиб қилмоқда. Хусусан, шу кунларда Инстаграм тармоғида мутаассиб ғоялар тарғиботчиларидан бири Инстаграмда фуқароларимизни жангариларга қарши кураш олиб бораётган Сурия ва Россия Федерациясига қарши гўёки “жиҳод” қилишга чақирди.
Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, террорчилик билан «жиҳод» орасида ҳеч қандай муносабат, ўхшашлик ва алоқа мавжуд эмас, балки улар орасида жиддий қарама-қаршиликлар бор.
Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.
Таъкидлаш жоизки, бу каби радикал ғоя тарғиботчилари “ҳижрат”, “жиҳод” каби диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг тарбиясидан чалғитиш, тинчлик ва омонликда яшаётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Уларнинг асл мақсадлари алданган ёшларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Ливия ёки Афғонистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборатдир.
Ўз навбатида, “жиҳод” сўзи “жидду-жаҳд”, яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиш маъносини англатади. Хусусан, дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларни ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмирни илм йўлида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида жиҳоднинг афзали ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деб таъкидлаганлар.
“Жиҳод” тушунчаси такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги алоҳида таъкидланган бўлсада, радикал оқимларнинг тарғиботчилари томонидан ёшлар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча шакллантиришга қаратилган ҳаракат давом этмоқда.
Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи экани баён этилган.
«Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васалламдаврларида амалга оширилган «жиҳод» ҳеч қачон миллатчилик, салтанатга эга бўлиш ёки бошқа ҳудудни босиб олиш мақсадида амалга оширилмаган.
«Жиҳод» доимо фақат мудофааланиш вазифасини ўтаган, душман томонидан ярашиш тўғрисидаги таклиф билдирилганда эса дарров тўхтатилган». Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.
Жиҳодга чорлаётганлар кимларга жиҳод қилмоқчи? Фақиҳлар инсонлар яшаган жамиятларни «дорул-ислам» – ислом диёри, «дорул-ҳарб» – уруш диёри, «дорус-сулҳ» – сулҳ диёри шаклида гуруҳларга бўлиб, ҳар бирига оид шаръий ҳукмларни алоҳида-алоҳида баён қилганлар. «Дорул-ҳарб» деб сифатланган жамиятларда урушни жорий қиладиган сабаблар юзага келганда уруш ҳуқуқи доираси ичида қуролли мужодалага рухсат берилади. Фақат куфр аҳлидан бўлиш баробарида, мусулмонлар билан келишуви бўлгани учун «дорус-сулҳ» гуруҳига кирадиган мамлакатларда ва ўзининг том маъноси билан мусулмонлар яшаган ўлкаларни ифода қилган «дорул-ислом»да қуролли босқинчилик шаръан тўғри бўлмайди. Бундай заминларда жон ва мол хавфсизлигини таъминлаш диннинг асосий мақсадлари ва ғояларини амалга ошириш учун ҳам зарурдир.
Ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига рухсат бермайдиган Ислом дини аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмасдир. «Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Бошқа дин вакилларини исломга даъват қилиш учун уларга қарши жиҳод қилиш жоизми?
Бошқа эътиқод вакилларини мажбуран динга киритиш жиҳод ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло бундай ҳаракатдан қайтаради. «Бақара» сурасининг 256-оятида шундай дейилган:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
“Динга мажбур қилиш йўқ. Ба таҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради”.
Уламолар бирор шахс ёки мусулмон жамоа-си жиҳодни ўзича эълон қилиб, уруш бошлаши мумкин эмаслигини алоҳида уқтирадилар. Уруш маъносида талқин қилинадиган жиҳод сиёсий масала бўлгани, ўзига хос оқибатларни келтириб чиқаргани сабабли, Ислом шариати фақат давлат раҳбаригина бундай жиҳодни эълон қилиш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлайди.
لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”, деган.
Бу ояти каримада эса, мусулмон бўлмаган ўзга дин вакилларига нисбатан адолатли бўлишдан ташқари, уларга яхши муомалада бўлиш яхши экани айтилмоқда. Дунёда ўзга дин вакилларига Ислом диничалик яхши муносабатда бўлишга тарғиб қилган таълимот бормикан?!
Мана бу ўринда кўришимиз мумкинки бу радиқал тоифалар кимларга қарши жиҳод қилмоқчи, булар кимларни ўлдиряпди ва кимларни ўлдирмоқчи бундан кўриниб турибдики буларнинг барчаси дин душманларининг фитнасидир.
Мусулмонларга фитнада қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб) дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).
Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилиб, айтилади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса, юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуриб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки фитнадан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” (3601-ҳадис).
ҚЎЗИБОЙ Машарипов
Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси
Izohlar